Полезное для бухгалтера в декабре:
Наманганда инновацион IT-парк ташкил этилади
У шаҳарда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2019 йилдаги 442-сон қарори билан назарда тутилган.
«IT-park» мажмуаси энг илғор хорижий тажриба асосида ташкил этилади. Унда «IT-school» ахборот технологиялари маркази жойлаштирилади, қуйидагилар унинг асосий фаолият йўналишларидир:
- ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулот ва хизматларни, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқариш, уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суришга қулай шарт-шароитлар яратиш ва кўмаклашиш;
- миллий дастурий маҳсулотларнинг ишлаб чиқувчилар ва уларнинг маҳсулотлари тўғрисидаги ахборотнинг ягона электрон банкини шакллантириш;
- етакчи компанияларнинг мутахассислари иштирокида курслар, тренинглар ва мастер классларни, шунингдек меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ва малакали мутахассислар синфини шакллантириш учун илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш ва б.
Парк «Карбонам» МЧЖнинг Наманган шаҳар, А.Хўжаев кўчаси, 38-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлари негизида бунёд этилади. Ана шу мақсадда объектлар Наманган вилояти ҳокимлигига давлат мулки сифатида оператив бошқарувга бепул берилади. Ўз навбатида, «Карбонам» МЧЖ коммуникация тармоқлари мавжуд бўлган ер участкасини олиб, ишлаб чиқариш ускуналарини демонтаж қилиб кўчириб ўтказади ва инвесторларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқаришни ташкил этади. Жамият ходимларининг иш жойлари сақланиб қолади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.05.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.