Янгиликлар

Давлат харажатларини бошқариш соҳасидаги ислоҳотлар ижобий баҳоланди

01.06.2019

Жаҳон банки (ЖБ) мутахассислари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида Молия вазирлигида бўлиб ўтган семинар давлат харажатлари ва инвестициялар бошқаруви, шунингдек давлат-хусусий шериклик (ДХШ) масалаларига бағишланди.

ЖБ мутахассислари мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат харажатларини бошқариш соҳасидаги ислоҳотларни ижобий баҳолаб ўтдилар. Хусусан, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2025 йилгача бўлган Ўзбекистон Республикаси Инвестицион сиёсатининг стратегик лойиҳаси юқори баҳоланди.

Тадбир иштирокчилари Жаҳон банки мутахассислари ва Ўзбекистоннинг бир қатор давлат органлари вакиллари билан ҳамкорликда тузилган давлат харажатларининг дастлабки таҳлил натижаларини кўриб чиқдилар.

Жаҳон банкининг давлат бошқаруви бўйича катта мутахассиси Ян Хоксворт давлат харажатларининг сифати яхшилангани ҳақида сўз юритиб, иқтисодиёт секторлари ўртасида давлат ресурслари тўғри тақсимланганини, шунингдек секторлар бўйича ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги юқорилигини таъкидлаб ўтди.

Семинарда давлат бюджетини самарали бошқариш тизими, муайян эҳтиёжлар учун ажратилган бюджет маблағларини оқилона баҳолаш усуллари ва мезонлари муҳокама қилинди. Бюджет маблағларини ажратишни талаб қиладиган лойиҳалар, шунингдек уларнинг техник-иқтисодий асослари бўйича маълумотларни тўплаш ҳамда таҳлил қилиш тизимини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Семинарнинг иккинчи қисми ДХШнинг давлат харажатларини бошқаришдаги ролига бағишланди. Фискал хавфларни камайтириш учун давлат-хусусий шериклик механизмини давлат бюджетини бошқариш тизимига интеграциялашнинг муҳимлиги таъкидланди. Буюк Британия ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига (ИҲТТ) аъзо бўлган бошқа давлатлар тажрибаси батафсил кўриб чиқилди. Мисол учун, 2012 йилдан бошлаб ИҲТТга аъзо давлатлар қуйидаги тамойилларга амал қилади:

  • ваколатли ва ресурслар билан таъминланган ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланадиган аниқ, прогнозланадиган ва қонуний институционал тузилмани яратиш;
  • давлат-хусусий шерикликни танлаш нарх ва сифат нисбатига асосланган бўлиши керак;
  • фискал хатарларни минималлаштириш ва харидлар жараёни шаффофлигини таъминлаш учун давлат бюджети жараёни очиқ-ойдин ўтиши лозим.

 

Лола Абдуазимова.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь