Полезное для бухгалтера в ноябре:
Таътил учун ҳақ қандай ҳисобланади
Таътиллар мавсуми бошланди, бухгалтер таътил учун ҳақни ҳисоб-китоб қилиши ва уни тўлашдан аввал унга солиқ солишни унутмаслиги лозим. Буни қандай қилиб тўғри амалга ошириш, нималарни ҳисобга олиш зарур?
Ушбу саволларга навбати билан жавоб берамиз.
МКда нима дейилган
Ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилади (МКнинг 134-моддаси).
Таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига тўғри келиб қолган ва ишланмайдиган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари (МКнинг 131-моддаси) таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди (МКнинг 139-моддаси).
Айрим тоифадаги ходимларга (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронлари) узайтирилган асосий таътиллар берилиши мумкин (МКнинг 135-моддаси). Шуни ҳам инобатга олиш лозимки, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ёки бошқа норматив ҳужжатларда белгиланганидан ташқари, меҳнат шартномасининг шартларида ҳам узайтирилган йиллик таътиллар бериш назарда тутилиши мумкин.
Йиллик қўшимча таътиллар меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда банд бўлган, шунингдек оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга берилади (МКнинг 136, 137 ва 138-моддалари).
Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (шу жумладан узайтирилган таътилга ҳам) қўшиб жамланади. Барча ҳолларда қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас (МКнинг 140-моддаси).
Бу – муҳим! Йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади (МКнинг 143-моддаси 1 ва 2-қисмлари).
Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади (МКнинг 148-моддаси 2-қисми).
Ходим меҳнат таътилида бўлганда тариф ставкалари, лавозим маошлари миқдорлари ошган ҳолларда иш берувчи иш ҳақи оширилгандан кейинги таътил даврига тўғри келадиган иш кунлари сони учун тўловларни қайта ҳисоблаши шарт (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг 6-банди).
Ҳисоб-китоб қиламиз: 1/12, 1/6, 1/7…
Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибининг 1-бандига мувофиқ, таътиллар вақтига ҳақ тўлаш, ишдан бўшатиш нафақасини, ишсизлик нафақасини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоб давридаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан ошадиган сумма қисмида биринчи йил ишловчиларга ҳисоблаб чиқариш кунидаги тарификация бўйича белгиланган иш ҳақи ёки лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда уларни ўн иккидан бирга; олти ой тўлиқ ишлаганларга – олтидан бирга; етти ой тўлиқ ишлаганларга – еттидан бирга ва ҳ.к. оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Уларга ишбай асосида ишлаб топилган қўшимча иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, иш ҳақига қўшимча ҳақлар ва бошқа тўловлар киради.
Шуни қайд этиб ўтамизки, таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини ўн иккига бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса чиқариб ташланади (МКнинг 141-моддаси).
Масалан, ходим 1.06.2018 йилдан ишга қабул қилинди. Ушбу ходим 1.06.2019 йилдан таътилга чиқади. Бироқ 1.03.2019 йилдан 31.05.2019 йилгача ходим ўз аризасига ва корхона буйруғига биноан иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган. Жамоа шартномасига мувофиқ, корхонада таътил муддати 24 кун этиб белгиланган. Тегишинча, иш ҳақи сақланмайдиган таътил ойлари таътил вақтига ҳақ тўлашда ҳисобга олинмайди. Бунда таътил кунлари қуйидагича ҳисобланади: (24 х 9 / 12) = 18 кун.
Таътил учун ҳақни ҳисоблашга мисол
Ходимга аризасига ва буйруққа биноан 2019 йил 1 июндан йиллик меҳнат таътили берилган. 2019 йил май ойида у тўлиқ ой ишламаган (5 кун касал бўлган, бу касаллик варақаси билан тасдиқланган). Корхонанинг жамоа шартномасига мувофиқ, йиллик меҳнат таътили муддати – 24 кун.
Ходимга оид қуйидаги маълумотлар мавжуд:
Давр |
Маош миқдори |
Маош бўйича ҳақиқатда ҳисобланган |
Мукофот |
Овқатланиш учун компенсация |
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси |
2018 йил июнь |
1 000 000 |
1 000 000 |
|
|
|
2018 йил июль |
1 000 000 |
1 000 000 |
|
|
|
2018 йил август |
1 000 000 |
1 000 000 |
|
|
|
2018 йил сентябрь |
1 000 000 |
1 000 000 |
|
|
|
2018 йил октябрь |
1 000 000 |
1 000 000 |
|
50 000 |
|
2018 йил ноябрь |
1 000 000 |
1 000 000 |
200 000 |
50 000 |
|
2018 йил декабрь |
1 000 000 |
1 000 000 |
200 000 |
50 000 |
|
2019 йил январь |
1 500 000 |
1 500 000 |
|
|
|
2019 йил февраль |
1 500 000 |
1 500 000 |
200 000 |
|
|
2019 йил март |
1 500 000 |
1 500 000 |
|
|
|
2019 йил апрель |
1 500 000 |
1 500 000 |
|
|
|
2019 йил май |
1 500 000 |
1 159 090,91 |
|
|
213 068,18 |
Жами: |
14 500 000 |
14 159 090,91 |
600 000 |
150 000 |
213 068,18 |
Ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи қуйидаги миқдорни ташкил этади:
1 500 000 (белгиланган лавозим маоши, ишбай меҳнатга ҳақ тўлашда – белгиланган тариф) + 750 000 (белгиланган лавозим маошидан ошадиган сумма) / 12 (ойлар сони) = 1 562 500 сўм. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси суммаси ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилмайди.
Бир кунлик таътил учун ҳақ миқдори ўртача ойлик иш ҳақи суммасини қонун ҳужжатларида белгиланган ойдаги иш кунларининг ўртача сонига бўлиш орқали аниқланади ва ўзгармас сон 25,4 кун – 61 515,75 сўмни (1 562 500 / 25,4) ташкил этади.
Таътил учун ҳақ миқдори 1 476 378 сўмни (61 515,75 х 24) ташкил этади.
Таътил учун ҳақдан солиқлар
Ҳисобланган таътил учун ҳақ суммаси ишланмаган вақт учун тўланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар жумласига киради (Солиқ кодексининг 175-моддаси 1-банди «а» кичик банди) ва, тегишинча, унга ЖШДС ва ЯИТ солинади (Солиқ кодексининг 306, 307-моддалари).
Таътилга атаб «таътил учун мукофот» тўласангиз, унга ЖШДС ва ЯИТ солиниши лозим (Солиқ кодексининг 173-моддаси 4-банди, 306, 307-моддалари).
Бу – муҳим! Фойда солиғини тўловчилар учун таътилга мукофот (қўшимча ҳақ) суммаси ҳамда таътил учун ҳақнинг жами суммаси чегириладиган харажатларга киради (Солиқ кодексининг 143-моддаси 5-банди «ж» кичик банди, 7-банди «а» кичик банди).
Бухгалтерия проводкалари стандарт кўринишда, 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома»га (23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, яъни меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларни ҳисоблаш ҳамда ушбу даромадлардан солиқлар ва мажбурий ажратмаларни ушлаб қолишга доир проводкалар берилади.
Татьяна Лимарева.