Полезное для бухгалтера в декабре:
МUIC резидентларига – ўз таснифлагичи
«Mirzo Ulugbek Innovation Center» резидентлари учун махсус Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичи жорий этилади (5.07.2019 йилдаги ПФ-5759-сон Фармонга қаранг).
Эслатиб ўтамиз, Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази 2017 йилда ташкил этилган. Марказ резидентларига солиқ ва божхона имтиёзлари, бошқа преференциялар тақдим этилади. Ҳозирги вақтда 330 та компания резиденти ҳисобланади.
«Компьютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлар», «Маълумотларни жойлаштириш ва қайта ишлаш бўйича хизматлар, Web-порталлар» ёки Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланадиган фаолият турларидан бирини амалга ошириш MUIC резиденти мақомини олишнинг шартларидан бири ҳисобланади. Масалан, «Дастурий таъминот ишлаб чиқариш» шулар жумласига киритилди.
Ҳозирги кунда бу мезон Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичига (ИФУТ) асосан белгиланади. Бироқ, резидентлар томонидан амалга оширилаётган фаолиятини самарали назорат қилиш мақсадида Давстатқўм ва ЛБМАга Инновация маркази резидентлари учун махсус Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичини тасдиқлаш ва жорий этиш топширилди. Давстатқўм ЛБМАнинг тақдимномасига асосан, зарур ҳолларда, Инновация маркази резидентлари учун унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.
Шу тариқа, MUIC резидентларига рухсат этилган фаолият турларининг ёпиқ рўйхати пайдо бўлади ҳамда бу рўйхатни белгилайдиган ваколатли органлар ўзгаради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.07.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.