2019 йил 25 июлдан бошлаб юридик шахслар ижара шартномаларини солиқ органида рўйхатдан ўтказишлари зарур эмас

preview

Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида низомга тегишли тузатишлар киритилди (рўйхат рақами 3077-1, 24.07.2019 й.).

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш шарти билан уларни мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинган. Ҳужжатни амалиётда амалга ошириш жараёнида талай саволлар, энг аввало, бу тартиб татбиқ этиладиган субъектларга тааллуқли саволлар вужудга келди. Қабул қилинган ҳужжат билан ушбу жиҳатга тугал аниқлик киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ кўрсатилган қоида фақат жисмоний шахслар ўртасида кўчмас мулк ижара шартномалари тузилган ҳолларда қўлланилади.  Юридик шахслар иштирокидаги  кўчмас мулк ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

Низом Фуқаролик (574-модда учинчи қисми, 603-модда иккинчи қисми), Уй-жой (86-модда иккинчи қисми), Солиқ (84-модда учинчи қисми) кодексларига мувофиқ келтирилди.  Уларга мувофиқ солиқ органларида ҳисобга қўйиш 2 турдаги шартномалар учун мажбурий:

  • фуқаролар ўртасида бино ёки иншоот ёхуд уларнинг қисмлари ижара шартномаси;
  • фуқаролар ўртасида турар жой ижара (аренда) шартномаси.

Бундан ташқари, ойлик ижара тўлови суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан кам бўлиши мумкин эмас деган шарт чиқариб ташланмоқда. Бироқ бу ерда шуни ёдда тутиш лозимки, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадга солиқ барибир тасдиқланган ижара тўловининг энг кам ставкаларидан кам бўлмаган суммадан ҳисоблаб чиқарилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида  эълон қилинган ва 25.07.2019 йилдан кучга кирди.

Ленара Хикматова.