1 август: бизнес ва ижтимоий соҳа учун муҳим янгиликлар

preview

2019 йил 1 августдан иш ҳақи ва ижтимоий тўловларни индексациялаш, солиқ тизимидаги ўзгаришлар, микромолиялаштириш лимитларининг оширилиши, маркировкалаш жорий этилиши ва бошқа янгиликлар – мазкур шарҳда.

Иш ҳақи, пенсия ва нафақалар оширилади

Индексация 10%ни ташкил қилади. Натижада ЭКИҲ 223 минг сўмгача ошади, МҲТЭКМ – 634 881 сўм, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган пенсия ва нафақа – 436 150 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа эса ойига – 267 650 сўм бўлади.

II гуруҳ ногиронлиги бўлганларнинг пенсиялари ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан 75%ига, II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар - пенсионерларга устама ЭКИҲнинг 50%идан 75%ига оширилади. Энди боқувчисини йўқотганлик нафақаси ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланади. I гуруҳ ногиронлик нафақасини олувчиларга ЭКИҲнинг 25%и миқдорида қўшимча тўлов тўланади. Пулда ифодаланган рақамлар ва уларнинг ўзгариш динамикаси – бу ерда.

Параллель равишда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги марказий аппарати бошқарувчилари ва ходимларининг иш ҳақи оширилади. Бу лавозим маошлари оширилиши, илмий даражалар учун устамалар жорий этилиши ва кўп йиллар ишлаганлиги учун тўловлар ҳисобига амалга оширилади. Батафсил – шарҳда.

Яна солиқлар ҳақида …

Солиқ солишнинг янги қоидалари жорий этилмоқда:

биринчидан, ЯЕС тўлайдиган қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчилар ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтишлари мумкин;

иккинчидан, телекоммуникация операторлари ва провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатадиган якка тартибдаги тадбиркорлар календарь йилдаги тушуми 100 млн сўмдан юқори ва 1 млрд сўмгача бўлганда, мукофот суммасидан 25%лик ставка бўйича ЯСТ тўлайдилар;

учинчидан, суғурта қилинган шахс узоқ умр кўрган тақдирда, тўлов шартнома бўйича суғурталаш давридан бошлаб 12 ой ўтказиб тўланса, Солиқ кодексининг 171-моддаси иккинчи қисмининг 13-бандида назарда тутилган имтиёз суғурта шартномаси амал қилган ҳар бир йил учун қўлланилади. Шартнома муддатидан олдин бекор қилинганда ва суғурта пули (тўлиқ ёки қисман) қайтарилганда, суғурталовчи ушбу суммага тўлов манбаида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини солиши лозим;

тўртинчидан, операторлар ва провайдерлар фойда солиғи ва ЯСТни ҳисоблаб чиқарар экан, эндиликда солиқ солинадиган базани олис ва қишлоқ аҳоли пунктларида бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналари учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини барпо этишга йўналтириладиган маблағлар суммасига камайтиради. Уларга қатор қўшимча кафолатлар ҳам берилди, бу ҳақда батафсил – бу ерда.

Маркировка йўқми – сотиш мумкин эмас

Импорт ва маҳаллий товарларни ҳимоя белгиси ва нано-молекуляр технологиялар ёрдамида мажбурий маркировкалашни босқичма-босқич жорий этиш бошланди. 1 августдан 39 та товар учун маркировкалаш мажбурий бўлади. Булар алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, бензин ва ёқилғи  турларидир. Уларни кўрсатилган санадан бошлаб маркировкасиз сотиш тақиқланади.

Бироқ бутун механизмнинг фаолият кўрсатишига тўғаноқ бўладиган муаммолар ҳам мавжуд.

Хусусан, ҳозирга қадар ушбу тартиб-таомилнинг барча босқичларини ва унинг иштирокчиларининг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи товарларни мажбурий маркировкалаш тартиби тасдиқланмаган. У 2019 йил 1 январгача ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилиши лозим эди. Шунингдек, ЛБМАнинг апрелдаги хабарига кўра, маркировкалаш хизматлари етказиб берувчиси сифатида Швейцариянинг «SICPA» компанияси танланган. Бироқ хизматлар қийматини пасайтириш бўйича музокаралар давом эттирилиб, у билан шартнома тузилмаган эди. Натижа нима билан тугагани маълум эмас.

Микромолиялаштириш – улкан имкониятлар

Энди микроқарзларнинг энг кўп суммаси 50 млн сўмни ташкил қилади, бу аввалги миқдордан деярли 2,5 баравар кўпдир. Микрокредит ва микролизинг миқдорлари деярли 1,5 баравар – тегишинча, 300 млн сўм ва 600 млн сўмга оширилди.

Энди микрокредит ташкилотлари ва ломбардларга лицензия бериш тўғрисидаги ариза 15 иш кунида (илгари – 30 кун) кўриб чиқилади. Микрокредит ташкилотлари ваколатлари кенгайтирилди.

1 августдан жисмоний шахслар онлайн-кредитлар (микроқарзлар)ни расмийлаштириши мумкин. Бунинг учун кредит ташкилотида масофадан туриб истиқболли қарз олувчини идентификациялаш, хавфсиз тарзда маълумот алмашиш ва скоринг модели асосида кредит тўлаш қобилиятини баҳолаш имконияти бўлиши лозим.

Инвестиция лойиҳалари – назорат остида

«Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» ахборот тизими тажриба тариқасида йўлга қўйилади. Унинг барча иштирокчилари, яъни қатор вазирликлар, идоралар, ҳокимиятлар ва лойиҳаларнинг ташаббускор ташкилотлари босқичма-босқич унга уланадилар. 1 октябрдан тўлиқ фойдаланиш бошланади. Бу тизим нима учун кераклиги ва қандай ишлаши ҳақида батафсил – бу ерда.

Ажратмалар кам бўлса – ҳисоблагичлар масаласи тезроқ ҳал этилади

Мажбурий ижро бюросининг Ривожлантириш жамғармасига табиий газ ва электр энергиясини реализация қилишдан ажратмалар икки баравар – 10%дан 5%гача қисқартирилди. Бу эса коммунал хизматларнинг бўшаётган маблағлар ҳисобига янги ҳисоблагичлар ўрнатиши ҳамда энергия ресурсларини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига ўтишини тезлаштиради. Жараён режалаштирилганидан бир йил олдин тугалланиши лозим.

Баҳоловчиларга – тоифалар берилди

Баҳоловчилар малака даражасидан ва профессионал жамоат ташкилотларига аъзолигидан келиб чиқиб тоифаларга ажратилади. Тоифалар Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади. Тоифалаш якунларини агентлик, Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси ва Ўзбекистон баҳоловчилар жамиятининг сайтларидан топиш мумкин.

Қурилиш ва олий таълим – соҳаларда коррупция бўлмайди

«Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси тажриба тариқасида ишга туширилади. Унинг амалга оширилиши капитал қурилиш ва олий таълим соҳасидан бошланади, кейинги йилнинг апрелига келиб эса бошқа соҳалар ҳам босқичма-босқич қамраб олинади. Лойиҳага жамоатчилик ва ушбу масала бўйича экспертлар, шу жумладан хорижий экспертлар жалб этилади. Бу тадбир май ойининг охирида тасдиқланган коррупцияга қарши курашиш тадбирлари мажмуанинг бир банди холос.

Давлат хизматлари учун маълумотномалар сони камайди

 Қуйидагилар талаб қилинмаган ҳолда жисмоний шахсларга давлат хизматлари кўрсатилади:

  • жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси;
  • солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисидаги маълумотнома;
  • солиқ тўловчи ҳисобга турганлиги тўғрисида гувоҳнома;
  • тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган солиқлар тўғрисида маълумотнома.

Энди қайд этилган маълумотлар солиқ органлари, «Халқ банки» ва Пенсия жамғармасида идоралараро интеграциялашган платформа орқали электрон шаклда сўраб олинади.

Олег Заманов.



Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text152528_1_avgust_biznes_va_ijtimoiy_soha_uchun_muhim_yangiliklar