Янги Солиқ кодекси қандай қилиб ҚҚС нейтраллигини таъминлайди

preview

Назарияда, қўшилган қиймат солиғи идеал солиқ ҳисобланади. Уни тўлаш юкни пировард истеъмолчи кўтаради. Бироқ кўпчилик тадбиркорлар у ёки бу ҳолатда ҳам тушумнинг бир қисмидан айрилишларига тўғри келганлиги сабабли  ҚҚСни тўлаймиз деб ҳисоблашади.

Қачон ва қандай қилиб бизда ҚҚС халқаро стандартларга яқинлашиши ҳақида молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ buxgalter.uz га берган интервьюсида сўзлаб беради.

– «ҚҚСнинг нейтраллигини» ҳамма ҳам англамайди. Буни тушунтириб ўтсангиз.

–  Солиқ иқтисодий субъектларнинг ҳолатига минимал таъсир кўрсатиши лозим. Ана шу нейтраллик бўлади. У ҚҚСнинг ўзига хос хусусиятидир: уни пировард истеъмолчи тўлайди. Ҳар бир тадбиркор эса солиқ босқичма-босқич ундирилишини ва бюджетга ўтказилишини таъминлайдиган агент сифатида чиқади.

ҚҚСни ундиришнинг узлуксиз занжирида солиқни чегириб қолиш механизми туфайли у бизнесдаги молиявий натижаларга таъсир кўрсатмайди. Тадбиркорлар қарорларни солиқ умуман бўлмагандаги ҳолатлардаги каби қабул қиладилар. Бозордаги рақобатчиликка ҳам зарар етмайди.

Ўзбекистонда ҚҚС ҳар доим ҳам нейтрал бўлмаган. Кўпгина солиқ режимлари ва имтиёзлари қўшилган қиймат занжирини узиб юборарди, ҚҚСни оборотдан солиққа айлантириб қўярди. Бунга ҚҚСни ҳисобга олиш механизми чекланганлигини қўшадиган бўлсак, нега бизнес ҚҚС тўлаймиз деб ҳисоблаши тушунарли бўлади.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг лойиҳаси ҚҚС нейтраллигини таъминлашга қараб одимламоқда.

– Бунинг учун қонун лойиҳасига қандай ўзгартиришлар киритилди?

– Аввало – «алоҳида» солиқ шартлари қўлланилган фаолият турлари сони камайтирилди. Кўпгина солиқ режимларини ўз ичига олган солиқ тизимининг «бўлинган» шартларида ҚҚС нейтраллигини таъминлаб бўлмайди. Солиқ кодексининг янги таҳририда улар иккита – умумбелгиланган ва соддалаштирилган.

ҚҚС тўловчилар доираси кенгайтирилди. Уларга доимий муассасалар орқали фаолият юритадиган хорижий юридик шахслар, бозорлар, адвокатлик бюролари ва фирмалар,  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари қўшилди. Бунда охирида айтиб ўтилганлар учун фойда солиғининг ноль даражали ставкаси белгиланган ва улар мол-мулк солиғидан озод этилган.

– Ўзбекистоннинг ҚҚС ундирилмайдиган халқаро мажбуриятлари ҳам бор. Улар қандай бўлади?

– Мажбуриятларга ноль даражали ставка механизми орқали риоя этилади. ҚҚСдан озод этиш солиқнинг нейтраллиги бузилишига олиб келади. «Озод этиш вируси» тобора кўпроқ хўжалик юритувчи субъектларга «юқиб» боради.

Халқаро ёки хорижий ҳукумат молиявий ташкилотларининг маблағлари ҳисобига лойиҳаларни амалга оширадиган корхоналарни олайлик. Улар ўз етказиб берувчилари ҳам ҚҚСдан озод этилишига интиладилар. Улар эса, ўз навбатида, ўзларининг етказиб берувчилари учун имтиёзлар берилишини истайдилар ва бу чексиз давом этаверади. Натижада солиқ тўламайдиганлар сони геометрик прогрессия асосида ортиб бораверади ва бунда ҚҚС нейтраллиги янада кўпроқ йўқолиб боради.

Шу боис янги таҳрирда нафақат экспорт қилувчилар учун, балки Ўзбекистон томонидан қабул қилинган мажбуриятларга мувофиқ солиқ тўламайдиган субъектлар учун ҳам ҚҚСни ноль даражали ставкада қўллаш назарда тутилган. Бу уларга товарлар ва хизматларни харид қилишда тўланган ҚҚСни қайтаришларига имконият яратади.

Товарларни импорт қилишда тўланган ҚҚС ҳам шундай қопланади. Бу барчаси ҚҚС билан реализация қилинаётганлиги боис импорт ва маҳаллий товарларга янада рақобатдош нархлар шаклланишига олиб келади.  

– ҚҚС нейтраллигини таъминлашнинг муҳим жиҳати етказиб берувчига тўланган солиқни қайтариш имконияти ҳисобланади. Бунинг учун янги таҳрирдаги Солиқ кодексида нималар назарда тутилган?

– Қоида тариқасида, корхона ҳисобга олиш механизми орқали етказиб берувчига тўланган солиқни қайтаради. Харидордан йиғилган ҳамда товарлар ва хизматларни харид қилишда тўланган солиқлар ўртасидаги фарқ бюджетга келиб тушади. Бироқ инвестиция товарлари деб аталувчи айрим товарлар бўйича ҳисобга олиш бюджет чекловлари туфайли бир неча ойларга, баъзида йилларга чўзилиб кетарди.

Масалан, 6 млрд сўмга кўчмас мулк сотиб олдингиз, бу суммадан ташқари 1,2 млрд ҚҚС тўладингиз. Ҳозир уларни 36 ой давомида – ҳар ойда 33,4 млн сўмдан ҳисобга киритишингиз мумкин. Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳаси ҚҚСни инвестиция қўйилмаларидан дарҳол ва тўлиқ ҳисобга олишга имкон беради. Жами 1,2 млрд сўмни харидордан олинган солиқ суммасидан чегирган ҳолда ўзингизга қайтариб олишингиз мумкин.

– Етказиб берувчига тўланган ҚҚСни қайтариш учун ўз товарини сотиш керак экан-да. Агар сиз фақат сотиб олган ва ҳали сотмаган бўлсангиз, давлат бу пулларни қайтарадими? 

– Қайтаради. Масалан, янги ташкил этилган корхоналар бир неча миллиард сўмга ускуналар, хом ашё ва материаллар сотиб олади, бироқ у фаолиятини бошламаган бўлади. Ёки харид қилинган товарни қийматидан паст нархда сотади. Бюджет бугун ноль даражали ставка белгиланган экспорт қилувчилар ва бошқа ташкилотларга тўлаётгани каби ушбу корхонага ҳам қайтаради.  

Бунинг учун корхона камерал текширувдан ўтиши лозим. Акс ҳолда ҚҚС қайтаришнинг криминал схемаларига тўқнаш келишимиз мумкин. Тезкор режимда йирик солиқ тўловчилар, экспорт қилувчилар ва банк кафолатларини тақдим этган корхоналаргина пул олишлари мумкин.

– ҚҚСни қайтариш учун бюджетда маблағ етарлими?

– Иқтисодиёти экспортга йўналтирилган айрим мамлакатларда ҚҚС бўйича қайтаришлар ушбу солиқ бўйича бюджет даромадларининг 50%игача етиши мумкин. Бизда, албатта, қоплов улуши бироз камроқ бўлади. Тахминий прогнозларга кўра, бу умумий ҚҚС тушумининг қарийб 15 фоизини ташкил қилиши мумкин. Муҳими, ҚҚС солиқ тўловчининг иқтисодий фаолиятига амалда таъсир кўрсатмаслиги, нейтрал бўлиши лозим.

– Сўнгги саволим имтиёзлар борасида. Улар кимлардадир сақланиб қоладими?

– Янги таҳрирда имтиёзлар сони камайтирилди. Олдинроқ жорий йилда айрим имтиёзларни бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Бироқ имтиёзларни қисқартиришда давом этилади. Масалан, айрим суғурта ва молия хизматларига ҚҚС солинадиган мамлакатлар тажрибасини ўрганиб чиқяпмиз.