Полезное для бухгалтера в ноябре:
ЭҲФга ўтиш қийинчиликларини қандай енгиб ўтиш мумкин?
Электрон ҳивобварақ-фактурага ўтиш бухгалтерларда талай саволлар туғдирмоқда. Масалан – корхона ЭҲФга ўтган бўлса, унинг контрагентлари – ўтмаган бўлса, қандай йўл тутиш керак? Ёки тизимга юкланган ҳужжатда хато топилгандачи? Бу ва бошқа саволларга ДСҚ ҳузуридаги “Янги технологиялар” ИАМ директори Ҳаётжон НАСРУЛЛОЕВ жавоб берди.
– «FAKTURA.UZ» ва «DIDOX.UZ» расмий оператор мақомига эга бўлишди. Янги йилга қадар ЭҲФ операторлари сони ошиши кутилмоқда. Тизимдан 34 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фойдаланишмоқда, бу рақам ҳам кун сайин ошиб бормоқда. Серверларимизда 600 мингдан ортиқ ҳужжатлар сақланади. Бу фақат электрон ҳисобварақ-фактуралар эмас. Операторлар тизимлари умуман электрон ҳужжат айланишини жорий этишга кўмаклашади. Унинг ёрдамида корхоналар электрон шартномалар, ишончномалар ва товар-транспорт юкхатларини ҳам тузишлари мумкин.
– 34 мингта фойдаланувчилар – бу электрон ҳужжатлар фойдасига қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактуралардан бутунлай воз кечганларми?
– Ҳозирча йўқ. Уларнинг аксарияти ЭҲФдан контрагентлар билан ишлашда фойдаланадилар, улар ҳам тизимда ишлашни ўзлаштиришган.
ЭҲФ тизимидан асосан фойдаланиш қулай бўлганда, ҳисобварақ-фактура маълумотларига тузатиш киритишга тўғри келмаслигига ишонч бўлганда фойдаланилмоқда. Масалан, алоқа, интернет, коммунал хизматлар учун ҳисоб-китобларда. Ёки – битим тарафлари турли шаҳарларда бўлган, бир-биридан узоқда жойлашган вазиятларда.
– Тадбиркор ЭҲФ билан ишлаш истагида бўлса, унинг контрагенти эса ҳали тизимдан фойдаланмаса қандай йўл тутиш лозим? Масалан, тизим билан ишлашни бошлаб, компьютердан узоқлаша олмаётганлигини баҳона қилса?
– Уни ишонтиришга уриниб кўринг. Биринчидан, у янги йилгача ҳамма ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда киритиши шарт эмаслигини тушунтиринг.
Иккинчидан, у кун давомида исталган пайтда ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши мумкинлигини эслатиб ўтинг. Кирувчи ҳужжатни эса ҳар қандай мобиль гаджет орқали имзолаш ёки рад этиш мумкин. Шу жумладан - e-factura иловаси ўрнатилган ва интернетга уланган ҳолда смартфон орқали.
Учинчидан, бугуноқ ЭҲФ билан ишлашни бошлаган ҳолда, унга 2020 йилга келиб ЭҲФнинг ишончли фойдаланувчиси бўлишига ёрдам берадиган кўникмаларни эгаллашини айтинг.
Электрон ҳужжатларни шакллантириш, жўнатиш, тасдиқлаш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун оператор билан шартнома имзолаш учун фақат операторнинг расмий сайтига кириб, оммавий офертани имзолаш кифоя.
– Контрагентга унинг солиқ тўловчининг шахсий кабинетига таклиф юбориш имконияти мавжудми?
– Буниси ортиқча. ЭҲФнинг созламасида контрагентнинг телефон рақамини киритиш учун майдонча бор. Ҳисобварақ-фактурани жўнатишда уни тўлдиринг ва ҳамкорингиз СМС-хабарнома олади. Агар у тизимда ишлаётган бўлса, у фақат ҳисобварақ-фактурани имзолаши ёки уни рад этиши лозим бўлади. Агарда у ҳали тизимда бўлмаса, исталган оператор билан шартнома тузиб, ишни бошласа бўлади.
Агар контрагентингиз тизимда ишлашни янги йилгача кечиктирса, бу ёмон. Демак, сиз у билан эски усулда ишлашингизга тўғри келади.
– Электрон ҳисобварақ-фактурани бекор қилиб, унинг ўрнига худди шу рақам билан янгисини қилса бўладими? Агар иш куни давомида ҳужжатда хато топилса, бунга катта эҳтиёж бўлиши мумкин. Ёки харидор уни имзоламай, қайта ишлашга юборса?
– Ҳа, агар харидор уни имзолашга улгурмаган бўлса, уни олиб ташлаш мумкин. ЭҲФ тизимида ЭҲФни олиб ташлаш функцияси бириктирилган пиктограмма бор. ЭҲФ контрагент томонидан имзоланган тақдирда тузатувчи ҳисобварақ-фактура ёзинг.
– Тизим ҳисобварақ-фактура имзоланган ёки имзоланмаганини ҳаққоний аниқлаш имконини берадими?
– Албатта, сиз ҳисобварақ-фактуранинг мақомини кўришингиз мумкин. ЭҲФ қуйидаги ҳолатларда бўлиши мумкин: «Сақланди», «Олиб ташланди», «Тасдиқланди», «Жўнатилди», «Контрагентнинг имзолашини кутмоқда», «Рад этилди», «Кутишда», «Хато», «Ишончли вакилнинг имзолашини кутмоқда», «Ишончли вакилга жўнатилди», «Ишончли вакил томонидан имзоланди», «Ишончли вакил томонидан рад этилди».
Имзоланиб контрагентга жўнатилгандан кейин ЭҲФни «Жўнатилганлар» жўнатилган ҳужжатлар жилдида кўриш мумкин бўлади. ЭҲФ контрагент томонидан имзолангандан кейин ҳужжат сотувчи ва харидорга жўнатилади. Унинг мақоми «Тасдиқланди»га ўзгаради.
– Тизим ҳужжатларни (ЭҲФ, шартномалар ва ҳ.к.) янги йилда янги рақам билан расмийлаштириш имконини берадими? Яъни, биринчи ҳужжатга солиқ тўловчини ҳисобга олиш ички тизимига мувофиқ “1 рақами” берилади.
– Электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимида ҳар бир ҳужжат учун глобал ўзига хос рақам генерация қилинади. У ЭҲФда ҳисобни ташкил этиш ва ҳужжатларни сақлаш учун зарур бўлиб, фойдаланувчилар унинг шаклланишига таъсир кўрсата олишмайди. Уларга бунинг кераги ҳам йўқ.
Бундан ташқари, ҳар бир ЭҲФга уни ёзган ташкилот томонидан тартиб рақами берилади. Ушбу рақамлаш тартиби хўжалик юритувчи субъектнинг ҳисоб сиёсати билан тасдиқланади ва белгиланади.
– Ўтиш даври қийинчиликларини қандай енгиб ўтиш мумкин? Бухгалтерларга қандайдир тавсиялар бера оласизми?
– Шунчаки ЭҲФ тизимида ишлаб кўринг. Ҳозир буни ишга зарар етказмасдан бажаришнинг айни вақти, сабаби тизимдан ўз хоҳишингизга кўра фойдаланишингиз мумкин. Бу энг оддий интернет-браузердан мураккаб эмас.
Бошловчи фойдаланувчиларга ёрдам сифатида https://rouming.uz сайтида ва операторларнинг расмий сайтларида йўриқномалар, материаллар ва видео-йўриқномалар тақдим этилган. Уларда тизимдан фойдаланиш билан боғлиқ барча саволларга жавоблар тўпланган.
Кўпгина ўқув марказларида электрон ҳужжат айланишига бағишланган семинарлар ўтказилади. Шунингдек, сиз Call-марказга 71 202-32-32 телефони орқали савол беришингиз мумкин.
Биз фойдаланувчилар фикрларини ўрганамиз ва доимий равишда ЭҲФ тизимини такомиллаштириб борамиз. Йил охиригача у қурилиш ва фармацевтика компаниялари, воситачилик ва дилерлик хизматлари кўрсатадиган ташкилотлар, шунингдек коммунал ва бошқа фаолият соҳаларига мослаштирилади. Воситачилик (воситачилик, топшириқ шартномаси) битимларида “уч томонлама” ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш имконияти пайдо бўлади.