Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ундирилиши умидсиз солиқ қарзи ҳисоби автоматлаштирилади
ҚҲТБТ порталида ДСҚнинг Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори лойиҳаси жойлаштирилган.
Лойиҳа Солиқ кодексининг 96-моддаси, Фуқаролик кодекси ва “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган. Низом нормалари бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ва нотижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
СКнинг 60-моддасига асосан умидсиз қарз - суд қарори билан мажбуриятнинг бекор қилиниши туфайли ёхуд банкротлик, тугатиш, қарздорнинг вафоти ёки даъво муддати тугаши сабабли тўланиши мумкин бўлмаган қарз.
СКнинг 96-моддасига мувофиқ низомда умидсиз солиқ қарзи деб эътироф этиладиган ҳоллар, шунингдек солиқ қарзи ундирилишини умидсиз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатига кирадиган органлар келтирилади. Низомда солиқ қарзини умидсиз деб эътироф этилишини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати келтирилган.
Бундай қарзни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарор ДСИ раҳбари томонидан барча зарур ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин махсус ишчи гуруҳ томонидан 3 иш куни ичида кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинади. Қабул қилинган қарор тўғрисидаги ёзув солиқ тўловчининг шахсий карточкасига 1 кун ичида алоҳида модуль орқали киритилади.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ қарзлари ҳисобини юритиш дастурий маҳсулот асосида олиб борилади, барча ҳужжатларни электрон шаклда сақлаш кўзланмоқда.
Лойиҳа 2020 йил 19 мартга қадар муҳокама қилиш, фикр-мулоҳаза ва таклифларни киритиш учун жойлаштирилган.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола АБДУАЗИМОВА