Карантиндан кейин ишлаб чиқаришни қандай тиклаш мумкин: 7 та муҳим қадам

preview

Республика махсус комиссияси 2020 йил 30 апрелдан бошлаб ишга қатнаш учун махсус рухсатномасиз эрталабки ва кечки пайтда шахсий транспортдан фойдаланиш имконини берадиган қарорни эълон қилди. Кўпчиликда савол юзага келди – офис ва ишлаб чиқаришдаги ишга қайтиш ёки уни тўхтатиб қўйганлар фаолиятини тиклаши мумкинми? Солиқ инспекциясини хабардор қилиш ва ҳокимликдан рухсатнома олиш керакми? Buxgalter.uz аввалги иш режимига қайтаётганда нималарни инобатга олиш кераклиги ҳақида қўлланма тайёрлади.

1. Барча хўжалик юритувчи субъектлар ҳокимлик ҳузуридаги махсус штабдан рухсатнома олишлари керак. Фаолиятни тиклаганлик ҳақида ДСИни хабардор қилиш керак эмас (ЯТТ, оилавий бизнес, АВ объектлари ва тугалланмаган қурилишни консервациядан чиқариш бундан мустасно)

Қонун ҳужжатларида корхона фаолиятини тўхтатиб қўйгани ёки тиклагани ҳақида солиқ органларини хабардор қилиш талаб этилмайди. Қуйидагилар бундан мустасно:

  • якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектлари Давлат хизматлари маркази орқали хабардор қиладилар ;
  • фойдаланилмаётган асосий воситалар ва қурилиши тугалланмаган объектларнинг мулкдорлари консервация қилиш ва консервациядан чиқариш чоғида .

Корхона фаолиятини тўхтатиб қўйгани ёки тиклагани ҳақида солиқ инспекциясини ўз ихтиёрига кўра ёзма равишда хабардор қилиши мумкин. Бироқ бу ҳақда огоҳлантирмагани учун ҳеч қандай жарима солинмайди.

Рухсатнома олишга келсак,  айни пайтда уни олиш механизми қонун ҳужжатларида қайд этилмаган. Бироқ ДСҚнинг хабар беришича, ўз фаолиятини тикламоқчи ёки хизмат автотранспорти учун стикерларни олмоқчи бўлган тадбиркорлар туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус штабга иш кунлари соат 07:00 дан 10:00 га ҳамда 17:00 дан 20:00 га қадар мурожаат қилишлари керак.

Бундай рухсатномани олиш учун ариза бериш ва айнан қандай фаолиятни тикламоқчи эканлигингиз ҳақидаги ҳужжатларни илова қилиш керак. Ариза 1 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

ДСҚнинг хабарида фаолиятни тиклаш учун рухсатнома барчага берилмаслиги мумкинлиги қайд этилган. Қуйидагилар рухсатнома олишлари мумкин :

  • майдони 500 кв.м дан кам бўлмаган қурилиш материаллари бозорлари, шу жумладан, қурилиш материалларининг чакана ва улгуржи савдоси фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар;
  • йирик ишлаб чиқарувчи субъектларнинг ўз маҳсулотларини сотишга мўлжалланган ҳудудлардаги тармоқ дўконлари (санитар нормаси 10 кв.м га 1 нафар харидор тартиби асосида);
  • ҳунарманд ва усталар – улар томонидан ясалган буюмларни бозор расталаридан ташқари алоҳида жойлашган жойда (дўкон) сотиш фаолиятига;
  • уруғ ва кўчат етиштириш ҳамда уларни сотиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлар;
  • тижорат банкларининг турли объектлардаги шохобчалари (кассалари);
  • автомобилларга эҳтиёт қисмлар сотиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлар (йирик автобозорларда сотиш кирмайди);
  • автомобиллар, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларига сервис хизмат кўрсатувчи (1 000 кв.м дан кам бўлмаган майдонга эга бўлган), шунингдек вулканизация хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар;
  • кимёвий тозалаш корхоналари;
  • нотариал идоралар ва суғурта компаниялари;
  • тўхтаб қолган инвестиция лойиҳалари ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш ишлари.


2. Айрим фаолият турлари бўйича чекловларга риоя этган ҳолда ходимларни корхона ҳудудидаги ишга қайтариш зарур

Айни пайтда муайян фаолият билан шуғулланиш учун тақиқ олиб ташланмаган . Улар:

  • кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотекалар, ресторанлар, қаҳвахоналар, ошхоналар, чойхоналар, спа ва массаж салонлари, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари заллари;
  • оммавий тадбирлар, шу жумладан байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар уюштириш;
  • таълим олиш жойида одамларнинг жисмонан ҳозир бўлишини назарда тутувчи давлат олий таълим муассасаларида, умумий ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳамда барча нодавлат таълим ташкилотларида таълим олиш;
  • Тошкент, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган барча бозорларнинг (деҳқон бозорларидан ташқари) фаолияти;
  • мулкчилик шаклидан қатъи назар, қурилиш материаллари, автомобиллар ва маиший техника сотиладиган бозорлар ва дўконлар, иккиламчи товар бозорлари ва барча савдо мажмуалари;
  • умумий овқатланиш корхоналари.

Вазирлар Маҳкамаси ёки Махсус комиссия чекловларни олиб ташламагунга қадар санаб ўтилган фаолиятни тиклаш мумкин эмас.


3. Барча санитария талабларига риоя этиш зарур

Республикамизда карантин давом этмоқда, шу сабабли корхоналар ҳудудида барча санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этиш лозим . Иш берувчилар:

  • ходимлар ва ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни (хоналарга санитарик ишлов бериш, антисептик эритмалар, «дезинфекцияловчи йўлаклар» ва ҳ.к.) қўллаган ҳолда киритишлари;
  • ходимларнинг тана ҳароратини ўлчашлари. Буни бино ёки хонага кириш жойида қилган маъқул. Шундай қилинса, тана ҳарорати юқори бўлган ходим иш жойида бўлишига йўл қўйилмайди, ҳамкасблари билан мулоқот қилишига йўл қўйилмайди. Бир кунда неча марта тана ҳароратни ўлчаш кераклиги ҳақида талаб қўйилмаган. Шу сабабли эрталаб бир марта, кун давомида эса – ходимларнинг ўзи мурожаат қилганда текшириш мумкин. Тана ҳароратини қайд этиш журналини юритиш ҳам ортиқчалик қилмайди. Тана ҳарорати юқори бўлган ходимлар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар етказишлари зарур;
  • коронавирусни юқтириб олган ходим аниқланганда у бўлган барча жойларни дезинфекциядан ўтказишлари, шунингдек санитария назорати органларига у мулоқотда бўлган шахслар ҳақида дарҳол маълумот беришлари шарт.

Ёдда тутинг, карантин қоидаларини бузган фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (4 460 000 – 6 690 000 сўм), мансабдор шахсларга БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (6 690 000 – 11 150 000 сўм) миқдорида жарима солиниши мумкин.

Карантин вақтида офисда ишловчилар учун санитария талаблари бўйича қўлланмани бу ерда ўқинг.


4. Ходимлар масофадан туриб ишлашдан офисда ишлашга ўтказилганини ҳужжатлар билан расмийлаштириш зарур

Масофадан туриб ишлашни расмийлаштирганда бўлгани каби ўша ҳужжатларни тайёрланг:

  • ходимнинг аризаси ёки меҳнат шартномасига қўшимча келишув;
  • раҳбарнинг ходимларни иш берувчининг ҳудудида ишлаш режимига ўтказиш тўғрисидаги буйруғи.


5. Раҳбар ишлаб чиқаришни тиклаш тўғрисида буйруқ чиқариши лозим

Республикамизда қабул қилинган чекловлар сабабли корхонада ишлаб чиқаришнинг тўхтатиб қўйилиши раҳбар буйруғи билан расмийлаштирилади. Энди, фаолиятни тиклаш чоғида ҳам буйруқ чиқариб, унда карантин чекловларини юмшатиш тўғрисидаги қарорга ҳавола қилган ҳолда қуйидагиларни кўрсатиш зарур:

  • қайси бўлимлар (цехлар) иши тикланаётгани;
  • қайси санадан бошлаб;
  • иш режими қандай;
  • қандай санитария талаблари қўлланилиши;
  • айнан қайси ходимлар ишга жалб этилиши.


6. Иш вақти режимини белгилаётганда автотранспортда ҳаракатланишга доир чекловларни инобатга олиш лозим

Айни пайтда фақат эрталаб соат 07:00 дан 10:00 гача ҳамда кечқурун соат 17:00 дан 20:00 га қадар шахсий транспортдан фойдаланиш мумкинлиги сабабли ходимлар вақтида, кўрсатилган вақт оралиғида иш жойидан кетишларини қатъий кузатиш керак. ЙПХ инспекторлари ходимингизга жарима солмаслик учун ишда ушланиб қолганини асосли далил деб ҳисоблашлари гумон.


7.
Шахсий транспорти бўлмаган ходимларнинг ҳаракатланишини инобатга олиш лозим

Барча ходимлар ҳам шахсий транспортга эга эмас, такси хизматларига эса ҳозирча йўловчиларни ташишга рухсат берилмади. Шу сабабли вазият барқарорлашмагунига қадар:

  • иш жойига етиб бориши мушкул бўлганларнинг масофадан туриб ишлаб туришини назарда тутиш;
  • ходимларни ташиш учун ДСҚдан хизмат автотранспортига рухсат берувчи стикер олиш;
  • шахсий транспорти бўлган ходимлар билан яқин жойда яшовчи ҳамкасбларини ташишлари юзасидан келишиб олиш мумкин.

Айтилганлардан хулоса чиқариб, барча эҳтиёткорлик чораларини кўрган ҳолда аввалги иш режимига секин-аста қайтиш мумкинлигини қайд этиб ўтамиз. Бу ишлаб чиқариш корхоналари учун айниқса долзарб. Бироқ республикамизда пандемия тугамагани сабабли масофадан туриб бажариш мумкин бўлган ишни ҳозир тиклаш қанчалик маъқул эканлиги ҳақида яна бир бор ўйлаб кўришингизни маслаҳат берамиз. Зеро санитария нормаларининг ҳар қандай арзимас бузилиши нафақат жарима солинишига, балки касалликнинг қайталанишига ва карантиннинг номуайян муддатга узайтирилишига олиб келиши мумкин.

Альберт САФИН,

юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти.