Карантин шароитида фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари қандай тўланади

preview

Президентнинг 3.04.2020 йилдаги ПФ-5978-сон Фармони бизнес нуқтаи назаридан жуда мураккаб бўлган карантин шароитида хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш чораларини белгилайди. Шундай чоралардан бири - кутилаётган ҳажмлардан келиб чиқиб фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлаш ҳуқуқи. Ушбу тартибнинг муҳим амалий жиҳатларини buxgalter.uz илтимосига кўра молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ тушунтирди:

- СКга асосан фойда солиғи тўловчилар бўнак тўловларини  аввалги чорак якунларидан келиб чиқиб тўлайдилар . ПФ-5978-сон Фармон пандемия даврида реализация қилиш ҳажмларининг қисқариши ёки уларнинг тўлиқ мавжуд бўлмаслиги эҳтимолини инобатга олган ҳолда бўнак тўловларини маълумотнома тақдим этиш йўли билан тузатиш ҳуқуқини тақдим этади.

Мисол
Бўнак тўловларини тузатиш
I чорак якунлари бўйича корхонанинг солиқ солинадиган фойдаси 500 млн сўмни ташкил этди. Фойда солиғи: 500 х 15% = 75 млн сўм. Бинобарин, II чоракда ҳар ойда 25 млн сўм (75 : 3) миқдорида бўнак тўловлари тўлаш зарур.
Реализаци қилиш ҳажмларининг қисқариши кутилмасини баҳолаб, корхона II чорак учун 30 млн сўмга бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этди. Яъни корхона ҳар ойда 10 млн сўмдан (30 : 3) тўлайди.

- Маълумотнома қандай тартибда тақдим этилади?

- Маълумотномани жорий ҳисобот даврининг биринчи ойининг 20-санасидан кечиктирмай тақдим этиш лозим , яъни:

  • II чорак учун – 2020 йил 20 апрелдан кечиктирмай;
  • III чорак учун – 2020 йил 20 июлдан кечиктирмай;
  • IV чорак учун – 2020 йил 20 октябрдан кечиктирмай.

Бунда аввалги чорак якунларига асосан бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш талаби бекор қилинмоқда.

- Барча фойда солиғи тўловчилари ҳам шундай маълумотномалар тақдим этишлари керакми?

- Албатта, йўқ.

Биринчидан, ҳамма корхоналар ҳам бўнак тўловлари тўловчиси ҳисобланмайди. Уларни фақат тузатишларни инобатга олган ҳолда 2019 йил ёки 2020 йилнинг I чораги учун жами даромади 5 млрд сўмдан ошган корхоналар тўлайди .

Жами даромади 5 млрд сўмдан ошмайдиган ҳажмга эга корхоналар фойда солиғини чорак якунлари бўйича ҳисоблаш асосида тўлайдилар.

Иккинчидан, фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўловчилар учун маълумотномани тақдим этиш – бу мажбурият эмас, балки ҳуқуқдир.

Агар сиз бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаган бўлсангиз, уларни Солиқ кодексига мувофиқ тўлайсиз. Бу ҳолда ҳар ойлик бўнак тўловларини солиқ органлари ҳисоблаб чиқаради.

Бўнак тўловларини тўлаш муддатлари (маълумотнома бўйича ёки аввалги чорак якунлари бўйича) – ҳар бир ойнинг 23-санасидан кечиктирмай.

Эътибор беринг
Қарздорликни ундириш чоралари ўзгармади. Агар солиқ тўловчида бўнак тўловлари бўйича тўланмаган солиқ қарзи мавжуд бўлса, солиқ органи унга солиқларни тўлаш муддати ўтганидан кейин 3 кундан кечиктирмай солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома юборади .

- Агар бўнак тўловлари тўловчи корхона 20 апрелга қадар маълумотномани тақдим этмаган бўлса, бунда даромад ва солиқ солинадиган фойда ҳажми қисқарган бўлса, қандай йўл тутиш керак?

- Бу ҳолда сиз I чорак якунлари бўйича бўнак тўловларини тўлайсиз.

II чорак учун фойда солиғи ҳисоб-китобида солиқ солинадиган фойданинг камайиши аниқланади. Бўнак тўловлари суммасининг ҳисобланган солиқдан ошган қисми фойда солиғи ёки бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши мумкин.

Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига биноан унга тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин .

Бўнак тўловлари III чоракда II чорак якунлари бўйича ёки 20 июлдан кечиктирмай тақдим этиладиган маълумотнома асосида аниқланади.

Мисол
Фойда солиғини маълумотнома тақдим этмасдан тўлаш
2020 йилнинг I чораги учун фойда солиғи – 300 млн сўм, шу боис II чоракда бўнак тўловлари ҳар ойда 100 млн сўмни ташкил этди.
Корхона II чорак учун бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмади, шу боис ҳар ойда 100 млн сўмдан тўлади. I ярим йиллик учун фойда солиғи – 480 млн сўм, 600 млн сўм тўланган (300 + 100 х 3).
120 млн сўм миқдордаги ортиқча тўланган фойда солиғи (600 – 180) мазкур солиқ бўйича келгуси бўнак тўловлари ҳисобига ҳисобга олинди. III чоракда фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари қуйидагича аниқланади:
II чорак якунлари бўйича аниқланиб, (480 – 300) : 3 = 60 млн сўмга тенг бўлади. Бунда июль ва август ойлари бўйича бўнак тўловлари тўланган (120 млн сўм миқдорида ортиқча тўланган солиқ). Корхона бўнак тўловларини фақат 23 сентябрга қадар 60 млн сўм миқдорида амалга ошириши лозим.
ёки
20 июлга қадар тақдим этилган маълумотнома асосида.

- Бўнак тўловлари тўғрисидаги “нолли” маълумотномани тақдим этиш мумкинми?

- Мумкин, агар ҳисобот даври учун солиқ солинадиган фойда нолга тенг бўлишига ишончингиз комил бўлса.

Бироқ, солиқ органлари фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари тўғрисида тақдим этилаётган маълумотномаларга ўзгартиришлар киритиш ваколатига эга . Шу боис сизга тақдим этилган бўнак тўловлари суммасини камайтириш ҳуқуқини суиистеъмол қилманг. 

Мисол
Бўнак тўловлари тўғрисидаги “нолли” маълумотномани тақдим этиш
I чоракда корхона товарларни реализация қилишдан 15 млрд сўм тушумга эга бўлди. 20 апрелга қадар у бўнак тўловлари тўғрисидаги “нолли” маълумотномани тақдим этди.
Электрон ҳисобварақ-фактураларни таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, апрель ойи учун айланма 6 млрд сўмни ташкил этди, яъни ой учун ҳисоблаганда тушум ўзгармади. Бундай вазиятда солиқ органлари бўнак тўловларини қайта ҳисоблашга ҳақли.

- Агар 2019 йил якунлари бўйича зарар кўрилган бўлса, 2020 йилда бўнак тўловларини тўлаш лозимми?

- Ҳа, агар 2019 йилда жами даромад ҳажми 5 млрд сўмдан ошган бўлса, бинобарин,  ушбу йил сиз фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари тўловчиси ҳисобланасиз.

Бунда I чоракда сиз 2019 йилнинг IV чорагида тўланиши лозим бўлган ҳажмда бўнак тўловларини тўлаган бўлишингиз керак. Агар 2019 йилнинг IV чораги якунлари бўйича солиқ мажбуриятлари вужудга келмаса, тегишинча, 2020 йилнинг I чорагида бўнак тўловлари ҳисоблаб чиқарилмайди.

II чоракдан бошлаб бўнак тўловлари ёки аввалги чорак якунлари бўйича ёхуд бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотнома асосида тўланади.

Сиз 2020 йил фойдасини 2019 йилда кўрилган зарар миқдорига фақат йил якунлари бўйича камайтиришингиз мумкин .

2020 йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобини тайёрлаш чоғида 2019 йилда кўрилган зарарни Ҳисоб-китобга 7-иловада акс эттиринг. Бунда 2020 йил фойдасини фақат 50%га камайтиришингиз мумкин.

2020 йил 1 январга қадар ҳосил бўлган зарарни келгусига 5 йилдан кўп бўлмаган муддатда кўчиришингиз мумкин .

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text159954_karantin_sharoitida_foyda_soligi_buyicha_bunak_tulovlari_qanday_tulanadi