Полезное для бухгалтера в ноябре:
ҚҚС тўловчиларни рўйхатдан ўтказиш муддатлари ҳақида нималарни билиш лозим
«ҚҚС тўловчиларни янги қоидалар бўйича рўйхатдан ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари» мақоласида buxgalter.uz Солиқ тўловчиларни ҚҚС тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом кучга кирганидан кейин бухгалтерлар фаолиятида юзага келадиган саволларни айтиб ўтди. Давлат солиқ қўмитаси томонидан ушбу саволларнинг айримларига тушунтириш берилди.
I. Реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари қайта рўйхатдан ўтказилиши лозимми?
– Йўқ, қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт эмас. Уларга илгари берилган гувоҳнома ва ҚҚС рўйхат рақами сақлаб қолинади.
Янги Низом ҳисобга қўйиш тартиб-таомиллари қисмида ҚҚС тўловчиси бўлишга тайёрланаётган ёки ҚҚС тўловчига айланган тадбиркорлик субъектларига, Низомнинг бошқа нормалари эса барча солиқ тўловчиларга тааллуқлидир.
Солиқ тўловчи ҚҚС бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганидан кейингина уларнинг контрагентлари ҚҚСни ҳисобга олиш имкониятига эга бўладилар.
II. Ариза бериш муддатларига нималар боғлиқ бўлади?
– Шуни инобатга олиш лозимки, Низом билан мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказиладиган ҚҚС тўловчилар доираси ҳамда ҚҚС тўловчи сифатида ихтиёрий равишда ҳисобга туриши мумкин бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳам борлиги белгиланган . Улар учун турлича муддатлар белгиланган.
Мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказиладиганлар ҚҚС тўловчисига айланадиган ойнинг 5-санасидан кечиктирмай аризани тақдим этишлари ҳамда ҚҚСни ҳисоблашлари ва тўлашлари лозим.
Ихтиёрий равишда ҳисобга туришни ҳохловчилар ҚҚС тўлашга ўтиладиган ойнинг 1-санасигача аризани юбориши лозим.
Ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтишни хоҳловчи юридик шахслар ҚҚС тўлашга ўтиш режалаштирилаётган ойнинг 1-санасигача ариза беришлари лозим.
Шунингдек солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлари 100 млн сўмдан ошадиган, бироқ 1 млрд сўмдан ошмайдиган, ҚҚС тўловчи сифатида ихтиёрий равишда ҳисобга туриш истагини билдирган якка тартибдаги тадбиркорлар учун муддат белгиланган. У аризани белгиланган даромад суммаси оширилган кундан бошлаб 5 кундан кечиктирмай тақдим этиши лозим. Акс ҳолда даромад суммаси 1 млрд сўмга етганда, у автоматик тарзда айланмадан олинадиган солиқни тўловчига айланади.
Таъкидлаш жоизки, ариза электрон шаклда топширилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ органига ариза юборилган сана ариза тақдим этилган сана ҳисобланади.
III. Солиқ тўловчи рўйхатдан ўтиш пайтида қандай мақомга эга бўлади: Солиқ кодекси бўйича у – ҚҚС тўловчи ҳисобланади, бироқ унда ҚҚС тўловчи Гувоҳномаси ва рўйхат рақами бўлмайди. У ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олгунига қадар қандай йўл тутиши лозим?
– Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи (юридик шахс ёки ЯТТ) у ёки бу сабабларга кўра (даромади 1 млрд сўмдан ошган, юридик шахс АЁҚШ орқали бензинни реализация қилишни бошлаган, товарларни импорт қилишни бошлаган ва ҳ.к.) ҚҚС тўловчисига айланади ҳамда белгиланган муддатда, яъни ҚҚС тўловчисига айланадиган ойнинг 5-санасигача ариза тақдим этади, махсус рўйхатдан ўтганидан кейин унга Гувоҳнома берилади ва унда ҚҚС тўловчи бўлган ойнинг 1-санасидан бошлаб ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилади.
Солиқ тўловчи белгиланган муддатдан кечиктирмай ариза тақдим этганда, у ариза берилган кундан бошлаб ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилади.
- ҚҚС тўловчини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза 5 июнгача тақдим этилган бўлса, ариза солиқ органи томонидан кўриб чиқилади ва 1 июндан ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинади, бу ҳақда Гувоҳномада кўрсатилади.
- ариза 5 июндан кейин, масалан, 9 июнда тақдим этилган бўлса, ариза солиқ органи томонидан кўриб чиқилади ва 9 июндан ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинади, бу ҳақда берилган Гувоҳномада кўрсатилади. Бунда 1 июндан бошлаб ушбу солиқ тўловчида ҚҚС тўлашга оид мажбурият юзага келади.
IV. ҚҚС тўловчи рўйхатдан ўтиш босқичида турган бўлса, ҳисобварақ-фактуранинг «ҚҚС рўйхат рақами» графасида нимани кўрсатиши лозим? У мазкур даврда солиқларни қандай ҳисоблайди ва контрагентлар билан ўзаро муносабатларни қандай амалга оширади?
– Солиқ тўловчи ойнинг 5-санасига қадар аризани тақдим этадиган бўлса, ушбу ойнинг биринчи кунидан бошлаб у ҳисобварақ-фактурани ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда ёзиб бериши лозим.
Ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва ҚҚС рўйхат рақами олинганидан кейин, зарурат бўлганда, илгари тақдим этилган ҳисобварақ-фактура бекор қилинади ва ҚҚС рўйхат рақами кўрсатилган ҳолда, тузатилган ҳисобварақ-фактура ёзиб берилади.
Мазкур ҳолатда солиқ тўловчи ва унинг контрагентлари ҚҚСни ҳисобга қабул қилишга ва солиқ ҳисоботини тузишда уни ҳисобга олишга ҳақли бўлади.
Ариза белгиланган муддатларда тақдим этилмаган бўлса (муддат бўйича кечиккан ҳолда), ҚҚС тўловчи ва унинг контрагентлари ушбу солиқ тўловчи рўйхатдан ўтказилганидан кейин ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли бўлади.
Яъни, мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган, бироқ ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилмаган шахс қонунда белгиланган муддатларда ҚҚС тўловчига айланади ҳамда рўйхатга олингунига қадар солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда, солиқни тўлайди.
V. Тадбиркорлик субъектини реестрдан чиқаришга қарор қилинган бўлса ёки у ихтиёрий асосда айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтганда, қандай йўл тутиш лозим?
– Солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектини ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, ушбу тадбиркорлик субъекти ҚҚС тўловчилар реестридан чиқарилади.
ҚҚС тўловчи йил бошидан ихтиёрий равишда айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтадиган бўлса, СКнинг 462-моддаси 2-қисмига мувофиқ у кейинги солиқ даври (календарь йили) бошланишига 10 кун қолганда, яъни 21 декабргача бу ҳақда солиқ органини хабардор қилиши лозим.
Шу билан бирга, солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш учун, шунингдек хатоликларнинг олдини олиш мақсадида 3232-сон Низомда солиқ тўловчиларга ҚҚС тўловчилар реестридан чиқищ учун аризани йил тугаганидан кейин 5 кун ичида, яъни 5 январгача тақдим этиш имконияти берилган.
P.S.: Buxgalter.uz ушбу барча тушунтиришлар Солиқ тўловчиларини ҚҚС тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда ўз аксини топиши керак деб ҳисоблайди. Шунда улар юридик кучга эга бўлади ва барча учун мажбурий ҳисобланади. Ҳозирча булар фақат мақолани тайёрлаган солиқ қўмитаси мутахассисларининг фикри холос, уларга асосланиб ҚҚС тўловчилар бугунги кунда рўйхатдан ўтказилмоқда. Улар қанчалик мувофиқ келишини ва жараён иштирокчилари уларга қанчалик амал қилишини вақт кўрсатади. Лекин солиқ тўловчиларни норматив ҳужжатларда акс эттирилмаган тавсияларга амал қилишга ҳеч ким мажбурлай олмайди.
Олег ГАЕВОЙ.