Сайёр солиқ текширувлари тўғрисидаги низом тасдиқланди

preview

Солиқ кодексининг 139-моддасига мувофиқ Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжат текширув учун асос ва уни ўтказиш чоғида текширувчилар ҳаракатини тартибга солувчи СК қоидаларини аниқлаштиради.

Янги Низомга (рўйхат рақами 3247, 18.06.2020 йил) мувофиқ сайёр солиқ текшируви:

  • солиқ органи раҳбарининг (ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади;
  • 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда ўтказилади;
  • текширув тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган санадан бошланади;
  • текширув далолатномаси солиқ тўловчига топширилган кунда якунланади;
  • Ягона текширувларни электрон рўйхатдан ўтказиш тизимида рўйхатдан ўтказилади.

Сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича:

  • солиқлар ва йиғимлар ҳисобланмайди;
  • олинган материаллар ва маълумотлардан камерал солиқ текширувини ўтказиш учун фойдаланиш мумкин;
  • ҳуқуқбузарликлар аниқланганда СК, ЖК ва МЖТКга мувофиқ чоралар кўрилади.

Қуйидаги ҳолатлар сайёр текширувлар ўтказиш учун асос ҳисобланади:

  • «таҳлика-таҳлил» дастурий маҳсулоти натижасига кўра солиқ тўловчининг “сариқ” ёки “қизил” таваккалчилик тоифасига киритилиши;
  • жисмоний ва юридик шахслардан, шунингдек суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисида мурожаатлар келиб тушганда. Аноним мурожаатлар кўриб чиқилмайди ва солиқ текшируви учун асос бўлмайди;
  • ОАВда солиққа оид қонун ҳужжатлари бузилиши тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;
  • камерал солиқ текшируви бўйича маълумотлар ва ҳужжатларни жойида ўрганиш зарурати юзага келганда.

Сайёр солиқ текшируви доирасида:

  • солиқ солиш объектлари аниқланади;
  • солиқ тўловчиларнинг хўжалик фаолиятини юритиш билан боғлиқ ҳақиқатдаги даромадлари, уларнинг манбалари ва (ёки) харажатлари, шунингдек солиқ режимини аниқлаш мақсадида хронометраж кузатувлари ўтказилади. Хронометраж кузатуви солиқ тўловчиларнинг текширувга қадар тасдиқланган иш режимидан келиб чиққан ҳолда 7 иш кунидан кам бўлмаган муддатда ўтказилади;
  • савдо, умумий овқатланиш ва хизматлар соҳаси субъектларида назорат хариди ва (ёки) бевосита текширув орқали -  НКМ ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши текширилади;
  • текшириладиган объектларда ишлайдиган ходимларнинг маълум қилинган ва ҳақиқий сонини мониторинг қилиш орқали ходимларнинг сони мониторинг қилинади;
  • бир марталик йиғим ва ижара тўлови тўланиши, шунингдек бозорларда савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларининг бажарилишини текшириш йўли билан бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ бўлган автомобиль воситаларининг тўхташ жойларида солиқ қонунчилигига риоя этилиши текширилади;
  • савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳаси объектларида савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши текширилади;
  • АВ, ТМБ, пул маблағлари ва ҳисоб-китобларнинг ҳақиқатда мавжудлиги текширилади. 

Текширувчилар сайёр солиқ текширувини ўтказиш пайтида қуйидагиларга ҳақли:

  • СКнинг 145-моддасига мувофиқ текширилувчи шахснинг ҳудуди ва биноларини, шунингдек ҳужжатлари ва буюмларини кўздан кечиришга;
  • СК 148-моддасига мувофиқ ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйишга. Солиқ тўловчининг фаолияти тўхтатиб қўйилишига сабаб бўладиган олиб қўйиш фақат суднинг қарорига асосан амалга оширилади;
  • СК ва Низомга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга. 

Бунда текширувчилар текширув тўғрисидаги буйруқда баён этилган ваколатлари ва текширув мақсади доирасидан чиқмасликлари лозим. 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.06.2020 йилдан кучга кирди.

 

Лола АБДУАЗИМОВА