Карантин шароитида божхонадаги товар билан қандай операциялар амалга оширилади

preview

ДБҚнинг Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Анвар МУҲАММАДИЕВ buxgalter.uz илтимосига кўра карантин шароитида юклар ва транспорт воситаларининг божхонада расмийлаштирилишига оид саволларга жавоб берди:


– Ўзбекистон бугунги кунгача карантин чораларига сўзсиз риоя этишни талаб қилиб, юкларни ташишга оид чекловларни жорий этмаганини қайд этиш зарур. Божхона органлари айни пайтда ҳам – доимий асосда ва белгиланган тартибда, барча санитария-эпидемиология нормаларига риоя этган ҳолда юкларнинг чегара божхона постлари орқали жадал ўтказилиши ва тўхтовсиз расмийлаштирилишини таъминламоқдалар.

– Келиб тушаётган товарларга ишлов берилаяптими? Товарга ишлов бериш ва уни сақлаш харажатлари корхонага қўшимча счёт сифатида тақдим этилаяптими?

 Санитария-гигиена хизмати нормативларига мувофиқ, олиб кирилаётган юкларга давлат чегарасини кесиб ўтаётганда ишлов берилади. Карантин чораларига қарамай, божхонада расмийлаштириш тартиб-таомилларига нисбатан тадбиркорлик субъектлари зиммасига юк бўлиб тушадиган ҳеч қандай қўшимча йиғим ёки тўловлар жорий этилмади.

– Карантин шароитида товарни божхона омборида сақлаш божхона режимига вақтинча ўтказиш мумкинми?

– БК 26-моддасига мувофиқ, товарларнинг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши ваколатли шахсларнинг товарларни божхона режимларидан бирига жойлаштириш ва мазкур божхона режими талаблари ҳамда шартларига риоя этиш мажбуриятини келтириб чиқаради.

Декларант танланган божхона режимини божхона декларациясида маълум қилади. Бунда у товарларнинг ва транспорт воситаларининг хусусияти, миқдори, ишлаб чиқарилган мамлакати ёки қайси мақсадга мўлжалланганлигидан қатъи назар, исталган божхона режимини танлашга ёки уни бошқа божхона режимига ўзгартиришга ҳақли.

Божхона омбори божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига олиб кирилган ва божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун мўлжалланган товар божхона божлари, солиқлар тўланмаган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда муайян биноларда (жойларда) божхона назорати остида сақланади .

Божхона омбори божхона режимига ҳар қандай товарни, шу жумладан илгари бошқа божхона режимига жойлаштирилган товарни жойлаштириш мумкин, олиб кирилиши, олиб чиқилиши, транзит қилиниши тақиқланган товарлар, шунингдек божхона омбори божхона режимига жойлаштириш учун маълум қилинган кундаги яроқлилик муддати БК 94-моддаси талабларига мувофиқ келмайдиган дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари бундан мустасно.

Вақтинча олиб кириш ёки божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимида турган товар ушбу режимларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш мақсадида божхона омбори божхона режимига жойлаштирилиши мумкин.

– Карантин шароитида товарни қандай қилиб реэкспорт ва реимпорт режимида расмийлаштириш мумкин?

– Карантин шароитида товарларни реэкспорт ва реимпорт божхона режимларида божхонада расмийлаштириш БК 6 ва 10-бобларига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.

– Карантин шароитида товарни қандай қилиб божхонадан олиб чиқиб кетиш мумкин? Айтайлик, корхона Самарқандда жойлашган, юк Тошкентдаги омборга олиб келинган, чегаралар эса ёпиқ бўлса?

– Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган юклар тайинланган божхона постигача етказиб берилади. 

БК 247-моддасига мувофиқ, юкларнинг божхона расмийлаштируви божхона органи жойлашган ерда ва унинг иш вақтида амалга оширилади.

Божхона расмийлаштируви декларантнинг ёки бошқа ваколатли шахснинг сўровига кўра ва унинг ҳисобидан – бошқа жойларда ҳамда божхона органининг ишдан ташқари вақтида амалга оширилиши мумкин.

Божхона расмийлаштируви божхона органига товарлар ва (ёки) транспорт воситалари хусусида ҳужжатлар тақдим этилган пайтдан, БК 162-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, оғзаки маълум қилинган ёхуд жисмоний шахснинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ниятидан далолат берувчи бошқа ҳаракатлар бажарилган пайтдан эътиборан бошланади.

Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви:

  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ветеринария, фитосанитария назорати, экологик назорат ва бошқа турдаги давлат назорати амалга оширилганидан кейин;
  • агар рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, мазкур ҳужжатларнинг мавжудлиги тасдиқланганидан кейин тугалланади.

Товарларнинг ва (ёки) транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ҳамда тақдим этилган ҳужжатларни текшириш божхона декларацияси қабул қилинган ва барча зарур ҳужжатлар ҳамда маълумотлар тақдим этилган кундан эътиборан 3 иш куни ичида амалга оширилади. Бу муддат бошқа давлат органлари томонидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган вақтни ўз ичига олмайди.

Божхона масалалари бўйича «Норма» эксперти

Гулнора АБДУНАЗАРОВА тайёрлади.

ТИФ ТИФ ТИФ /ru/publish/doc/text161259_karantin_sharoitida_bojhonadagi_tovar_bilan_qanday_operaciyalar_amalga_oshiriladi