«Дидокс» серверидаги ортиқча юкламаларни бартараф этди

preview

«Венкон» компанияси «Дидокс» электрон ҳужжат айланиши оператори ресурслари билан ишлашдаги узилишларнинг техник сабабларини бартараф этди. Оператор абонентларига яқин орада фақат ёқимли совғалар тақдим этишга ваъда беради!


Сўнгги пайтда «Дидокс» ЭҲФ тизимидан фойдаланувчилар ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа турдаги электрон ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш ёки қабул қилиш имконини бермайдиган узилишларга кўп тўқнаш келдилар. Сервис вакиллари буни тизимга катта юклама тушгани билан изоҳладилар:

  • истисносиз барча ташкилотлардан ЭҲФни мажбурий тартибда расмийлаштириш талаб этилди;
  • ҚҚС бўйича ҳисоботга иловалар энди автоматик равишда, фақат ЭҲФ асосида шакллантирилади;
  • «Дидокс» – энг оммавий сервислардан бири, боиси аксарият корхоналар учун ягона бепул сервис бўлиб қолмоқда.

21 август куни «Венкон» компанияси раҳбари Асқар ИСМОИЛОВ ўз телеграмм-каналида узилишларнинг барча сабаблари бартараф этилгани ҳақида хабар берди ва яқин орада сервис мижозларига ёқимли совғалар тақдим этишга ваъда берди:

– «Ҳурматли «Дидокс» абонентлари!

Кўпчилигингиз тўқнаш келган тизимдаги узилишлар сабабли сизга етказилган ноқулайликлар учун бутун жамоамиз номидан узр сўрайман. Бу бошқа операторларнинг хизматларидан фойдаланадиган контрагентларингизга айрим турдаги ҳужжатлар етиб бормаган, шунингдек ортиқча юклама тушган пайтда сайт очиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган давр бўлди...

Энди бари ортда қолди! Тизимимиз ва унинг инфратузилмасини тубдан модификация қилиш жараёнини ишга туширдик, ўзгаришларни ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Ҳатто мамлакатимиздаги барча корхоналар «Дидокс»дан фойдалансалар ҳам, серверларга ортиқча юк тушгани сабабли сайтга кира олмаслик муаммосига бошқа тўқнаш келмайсиз. Сизни «Дидокс»дан фақат ёқимли совғалар кутади, улар бизнесингизни янги даражага кўтариш имконини беришига ишончим комил.

«Дидокс» ойига 1000 та ҳужжатни бепул жўнатиш имконини беришда давом этади, 100 000 дан ортиқ ташкилотлар айнан уни афзал кўриб келмоқдалар!

Сабр-тоқатингиз, бизга бўлган ишончингизни йўқотмаганингиз ва биз билан ишлашда давом этаётганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Ҳар бир абонент кун сайин такомиллашишимизга ёрдам бермоқда!

Ҳурмат билан,

Асқар ИСМОИЛОВ, «Дидокс» жамоаси раҳбари.

Реклама ҳуқуқи асосида