Полезное для бухгалтера в ноябре:
Товар сотувчисида кешбэк ҚҚСга қандай таъсир кўрсатади?
Банк дўконга ҳамкорлик тўғрисида таклиф билан чиқди, унга кўра дўконнинг харидорлари шу банкда очилган банк картаси орқали харид қилишган тақдирда кешбэк олишади (2% миқдоридаги пул маблағлари қайтарилади). Бундай вазиятда дўкон бухгалтерияси ҚҚСни қандай ҳисоблаб чиқаради ва у бўйича ҳисоботни топширади? Бу онлайн-НКМда қай тарзда акс этади?
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга ДСҚ Солиқ солиш бўйича маслаҳат бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек ДАДАХОНОВ жавоб берди:
- Кешбэк дўконнинг ҚҚС бўйича солиқ базаси миқдорига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Бинобарин, СКнинг 34-бобига мувофиқ, ушбу солиқ ҳисоб-китобида ҳеч қандай оқибатларга олиб келмайди.
Кешбэк бўйича акция амал қиладиган товарлар касса аппарати орқали уларга нисбатан кешбэк акцияси амал қилмагани сингари ўтказилади. Бунда Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом талабларига амал қилиш лозим.
Нима учун бундай? Кешбэкнинг моҳиятини кўриб чиқамиз.
Кешбэк шартларида мижоз сотувчига чакана нархни тўлайди. Бунда сотувчи томонидан эълон қилинган ҳар қандай чегирма ва акциялар инобатга олинади. Агар дўконда амал қилаётган барча чегирма ва акцияларни инобатга олган ҳолда буюм 500 минг сўм турса, харидор шунча ҳақ тўлайди. Тушум жиҳатидан дўкон учун кешбэк бўлса ҳам, бўлмаса ҳам – барибир.
Кешбэк – бу алоҳида акция. Харидор уни қаерда харид қилса, ўша дўкондан олади, бироқ у томондан товар учун ҳақ тўланадиган товарнинг қийматига ҳеч қандай тарзда таъсир кўрсатмайди. Кешбэк бўйича ваъда қилинган харид қийматидан (чек бўйича) фоизларни дўконнинг ҳамкори, мазкур вазиятда – банк тўлайди.
Шу сабабли сотишлар касса аппарати орқали ўтказилганда бошқа амалдаги чегирмалар орасида кешбэк ҳисобга олинмайди. Яна бир бор таъкидлайман: сиз фақат дўконингиз томонидан амалга оширилаётган чегирмалар ва дисконт дастурларини акс эттирасиз.
Шуни эслатиб ўтаманки, ҚҚС тўловчилар чекда товар/хизмат нархини (қийматини), товар/хизматнинг ҚҚС ставкаси ва суммасини кўрсатишлари шарт .
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади