Ходимга ижтимоий нафақалар қандай тўланади?

preview

Амалдаги қонунчиликка биноан дафн маросими учун ва фарзанд туғилганда бериладиган нафақалар  Давлат бюджети ҳисобидан тўланади. Агар фуқаро меҳнатга оид муносабатларда бўлмаса, тўловлар ариза махсус регламентларда белгиланган тартибда ДХМга ёки – онлайн – ЯИДХП орқали берилгандан кейин амалга оширилади .

Агар жисмоний шахс  меҳнатга оид муносабатларда бўлса, унга нафақаларни – назарий жиҳатдан – ташкилот-иш берувчи тўлаши мумкин.  Амалиётда бунинг имконияти мавжудлигини buxgalter.uz эксперти Виктория БЕЗГИНА аниқлади:

- Бундай тўловларни регламентловчи барча нормалар ҳам бу НҲҲда баён этилган тарзда техник жиҳатдан амалга оширилмаган. Хусусан, қонунчиликка биноан фарзанд туғилганда бериладиган ёки дафн маросими учун нафақани ўз ходимларига корхонанинг ўзи – мазкур харажатларни Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилган ҳолда тўлаши мумкин   . Бунинг учун корхоналар олувчилар реестрларини тузишлари ва уларни қоғоз ёки электрон шаклдаги ариза билан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига юборишлари керак.

Амалда эса бугунги кунда, жорий йилда тасдиқланган янги регламентга қарамай, ишламайдиган жисмоний шахслар нафақаларни ДХМ ёки ЯИДХП орқали ололмаяптилар. Бундай аризани электрон шаклда юбришнинг имкони йўқ, сабаби бундай хизмат ишлаб чиқилмаган. ДХМнинг ўзида эса ариза берувчиларни “Халқ банки” кассаларига юборишмоқда. Бу ҳақда биз бу ерда батафсил ёзганмиз.

Шунингдек, ишловчи фуқароларга нафақалар тўлашни регламентловчи амалдаги низомларга қарамай, ташкилотлар тегишли аризаларни ПЖга юбора олишмайди, сабаби мазкур функция айни пайтда ўчирилган. Саволларга ПЖ ходимлари ҳеч нарсани билмаймиз деб жавоб беришмоқда ва ДХМга мурожаат қилишни таклиф қилишмоқда.

Энди ўз ходимларига нафақалар тўлашни хоҳловчи ташкилотлар   қандай йўл тутишлари лозим? Ва нима учун амалда қўлланиладиган “Халқ банки” кассаси орқали нафақалар олиш тартиби ҳеч бир норматив ҳужжат билан регламентланмаган?

“Ходимга қандай қилиб нафақа тўлаш мумкин” деган саволга жавоб бериш ҳозирча жуда мушкул. Энг аввало, норматив ҳужжатлар янги тартибга мувофиқ келтирилиши керак. Ва  эҳтимол, илгари амал қилган механизм – ташкилотлар томонидан нафақаларни тўлаш ва кейин уларни ПЖ маблағлари ҳисобидан компенсация қилишни орқага қайтарган маъқул.

Нафақа ўрнига моддий ёрдам тўлаш мумкин

Ҳозирча қонун чиқарувчилар ва масъул давлат органлари регламентлар ва уларни амалга ошириш механизмини муҳокама қилишаётганда, сиз ходимга моддий ёрдам тўлаган ҳолда уни моддий қўллаб-қувватлашингиз мумкин.

Моддий ёрдамни ички локал ҳажжатларда (Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисида низом, жамоа шартномаси) назарда тутилган ҳар қандай миқдорда тўлаш мумкин. Бунинг учун фарзанди туғилган ёки оила аъзоси вафот этган  ходим ёки вафот этган ходимнинг оила аъзолари ариза билан унга тасдиқловчи ҳужжатларни (туғилганлик/вафот этганлик тўғрисида гувоҳнома, никоҳ гувоҳномаси, ариза берувчининг паспорти нусхаси ва ҳ.к.) илова қилган ҳолда ташкилот раҳбариятига мурожаат қилишлари зарур. Мазкур ариза асосида раҳбар моддий ёрдам тўлаш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Тўловнинг солиқ оқибатларини кўриб чиқамиз.

ЖШДС ва ижтимоий солиқ

Санаб ўтилган моддий ёрдам турлари жисмоний шахснинг бошқа даромадларига киради , ижтимоий солиқ солинмайди .

2020 йилда МҲЭКМнинг 7,5 бараваригача миқдордаги моддий ёрдам суммасига ЖШДС солинмайди  :

  • вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан – солиқ даври (йили) учун сонидан қатъи назар;
  • фарзанд туғилганда – солиқ даври учун бир марта.

Солиқ солинмайдиган минимумдан ошган суммадан ЖШДС ҳисоблаш ва тўлаш мажбурияти иш берувчининг зиммасида бўлади .

ҚҚС

Моддий ёрдам пул маблағлари билан тўланганда ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари мавжуд эмас.

Фойда солиғи

Фарзанд туғилганда бериладиган моддий ёрдам фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайдиган харажатларга, ходимнинг ёки унинг оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан бериладиган нафақа эса – чегириладиган харажатларга киритилади .

Моддий ёрдамни ҳисобга олиш ва унга солиқ солиш ҳақида биз бу ерда, бу ерда ва бу ерда батафсил ёзганмиз.