Хизмат сафарлари тўғрисидаги амалий саволларга жавоб берамиз (II қисм)

preview

Агар хизмат сафари дам олиш кунларига тўғри келган бўлса, нима қилиш лозим? Ёки – қабул қилувчи томон харажатларнинг бир қисмини ўз зиммасига олган бўлсачи? Агар ходим меҳмонхона инвойсини тўлов тўғрисидаги чексиз тақдим қилган бўлса ёки карантин туфайли мамлакатга қайта олмаса, қандай йўл тутиш зарур?

Хизмат сафарлари тўғрисидаги “қизғин” саволларга “Норма” эксперти Дилором САИДОВА ва buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб беришда давом этадилар:

- Хизмат сафари кунлари дам олиш кунларига тўғри келди, ушбу кунлар учун иш ҳақи қандай тўланади?

- Иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.

Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин .

 

Мисол
Ходим хорижда хизмат сафарида, унинг муддатига тўртта дам олиш куни – иккита шанба ва иккита якшанба кирди.
Агар хорижда хизмат сафари вақтида ходим ишлаб чиқариш зарурати туфайли дам олиш кунлари ишлаган бўлса, ушбу кунлардаги ишлар учун компенсация камида икки ҳисса миқдорида амалга оширилади.
Ходимнинг хоҳишига кўра – унинг ёзма аризаси мавжуд бўлган тақдирда – дам олиш кунларидаги ишлар учун бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланиши ва ҳар бир дам олиш куни учун 1 кун отгул берилиши мумкин .
Агарда хорижда хизмат сафарида бўлган ходим дам олиш кунлари ишламаган бўлса, улар учун фақат хизмат сафари харажатлари тўланади  .

 

- Таклиф қилувчи томон харажатларнинг бир қисмини ўз зиммасига олади. Суткалик харажатлар қандай тўланади?

- Агар қабул қилувчи томон бепул овқат (нонушта, тушлик, кечки овқат) билан таъминласа, суткалик харажатлар меъёрнинг 30%и миқдорида тўланади .

Бепул овқатланишдан ташқари ходим шахсий эҳтиёжлари учун маблағлар билан таъминлаган тақдирда унга суткалик харажатлар тўланмайди.

- Ходим меҳмонхона инвойсини тўлов тўғрисидаги чексиз тақдим қилди. Инвойс тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланадими?

- Хизмат сафари жойидаги турар жойни ижарага олиш бўйича харажатлар ходимга ҳақиқатдаги харажатлар бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда қопланади .

Яшаш учун (турар жой ижараси бўйича) харажатларнинг якуний ҳисоб-китоби хизмат сафарига юборилган шахс томонидан ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар бўйича, бироқ белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлмаган миқдорда амалга оширилади .

Терминал, касса аппарати чеклари ёки инвойсда меҳмонхонанинг тўлов қабул қилинганлиги тўғрисидаги штампи билан белгиси тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Яъни  меҳмонхона хизматлари учун ҳақиқатда амалга оширилган тўлов тасдиқланган бўлиши керак.

- Агар ходимни хорижга хизмат сафарига жўнатишган бўлса, лекин у пандемия туфайли қайтиб келолмаган бўлса, нима қилиш лозим?

- Бу вазиятда карантин даври хизмат сафари ҳисобланади, ходимга тўланадиган маблағлар “хизмат сафари харажатлари” тушунчаси остига тушади, сабаби ходим бошқа мамлакатда ўз хоҳишига биноан эмас, балки юзага келган ҳолатлар туфайли қолиб кетган.

Ходимга хорижий давлатда бўлиш муддатлари ўзгариши билан боғлиқ қўшимча харажатлар қопланади .

 

Эътибор беринг
Агар ходим қандайдир сабабга кўра хорижда хизмат сафарида 60 кундан ортиқ бўлса, 61-кундан бошлаб суткалик харажатларнинг бошқа меъёрлари қўлланилиши лозим .

 

Корхона бундай вазиятда:

  • қўшимча буйруқ чиқариши ва хизмат сафари муддатини узайтириши;
  • ходим Ўзбекистонга қайтиш эҳтимоли бўлган давргача зарур кейинги хизмат сафари харажатларини аниқлаши зарур.

Агар ходим хорижда бўлганда, у ердан “масофадан” ишлашни давом эттириши мумкин бўлса, унда меҳнат шартлари ва масофадан ишлаш режимида ишлаш учун ҳақ тўлаш мезонларини қайта кўриб чиққан ҳолда, унинг меҳнат контрактига ўзгартиришлар киритинг.

Бу ҳолда корхонанинг, масалан, турар жойни мажбурий ижарага олиш бўйича қўшимча харажатлари хизмат сафари харажатлари эмас, балки ходимнинг меҳнат шароитларини ташкил этиш бўйича харажатлар бўлади .