Давстатқўм қайта баҳолаш индексларини тасдиқлади

preview

Давстатқўм 2021 йил 1 январь ҳолатига асосий фондларни қайта баҳолаш индексларини тасдиқлади . Бу масалада нимага эътибор бериш ҳақида buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА сўзлаб берди:

- Асосий фондлар қийматини қайта баҳолашни 1 январь ҳолати бўйича (1 февралгача) қайта баҳолашни ўтказиш даврида нархлар даражасидан келиб чиқиб ўтказадилар :

  • ҳар йили - барча ташкилотлар томонидан, микрофирма ва кичик корхоналар бундан мустасно;
  • уч йилда бир маротаба - микрофирма ва кичик корхоналар томонидан.

Ташкилотлар мулкида, уларнинг хўжалик юритишида, тезкор бошқарувида бўлган ва молиявий ижара шартномаси бўйича олинган, уларнинг техник ҳолатидан қатъи назар, ишлаб турган ва фойдаланилмайдиган, консервацияда бўлган, ҳисобдан чиқаришга тайёрланган, лекин белгиланган тартибда тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаган барча асосий воситалар, шунингдек тугалланмаган қурилиш объектлари ва ўрнатиш учун мўлжалланган ускуналар қайта баҳоланиши керак .

Ер участкалари ва табиатдан фойдаланиш объектларининг қиймати қайта баҳоланмайди - хусусийлаштирилган ер участкалари бундан мустасно.

1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолаш олдинги қайта баҳолаш натижасида олинган объектларнинг дастлабки (тикланиш) қийматидан, йил давомида келиб тушган асосий фондлар бўйича эса - ҳисобга олиш қийматидан амалга оширилади.

Асосий фондларнинг тўлиқ тикланиш қиймати ташкилотнинг хоҳишига қараб :

  • бевосита қайта баҳолаш усули билан - қайта баҳолашни ўтказиш даврида 1 январга шаклланган, баҳоланаётганларига айнан ўхшаш бўлган янги объектларга ҳужжатлар асосида тасдиқланган бозор нархлари бўйича алоҳида объектлар қийматини бевосита ҳисоблаш йўли билан;
  • индекс усули билан - асосий фондлар турлари бўйича ва уларни харид қилиш даврларига боғлиқликда табақаланган асосий фондлар қийматини ўзгартириш индексларини қўллаган ҳолда айрим объектларнинг дастлабки (тикланиш) қийматини индекслаш йўли билан аниқланади.

Бунда асосий фондларнинг бир турдаги объектлари (маркалари, хиллари ва ҳоказо) бўйича ягона усул қўлланилади.

Қўлланадиган асосий фондларни қайта баҳолаш усулини корхонанинг бухгалтерия ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.

Сиз қайта баҳолашни мустақил равишда ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган мутахассислар - баҳоловчиларни жалб этган ҳолда амалга оширишингиз мумкин.

Эътибор беринг

Микрофирма ва кичик корхоналар томонидан индекс усулини қўллаш чоғида навбатдаги қайта баҳолашни ўтказиш даврида сўнгги қайта баҳолашдан кейин ўтган йиллар учун ОАВда - ҳар йили эълон қилинадиган, асосий фондлар қийматини ўзгартириш индекслари ҳисобга олинади .

Бинобарин, қайта баҳолашнинг индекс усулини қўллайдиган ва ўз асосий воситаларини 2019 йил 1 январь ҳолатига ва 2020 йил 1 январь ҳолатига қайта баҳолашдан ўтказмаган микрофирма ва кичик корхоналар уларни 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича (2021 йил 1 февралгача) охирги қайта баҳолаш ўтказилган йилдан олдинги барча йиллар учун қайта баҳолаш индексларини ҳисобга олган ҳолда қайта баҳолашдан ўтказишлари керак.

Яъни улар 2019, 2020 ва 2021 йиллар 1 январь ҳолати бўйича қиймат индексларини ҳисобга олишлари лозим. Бунда 2021 йил 1 январь ҳолати бўйича қайта баҳолашдан ўтказиш натижалари 2021 йил учун молиявий ҳисоботда акс эттирилади .