ҚҚС ўрнини қоплашни рад этиш учун асослар рўйхатини кенгайтириш таклиф қилинмоқда

preview

ДСҚ Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишни таклиф қилмоқда. Улар қоплашнинг асосланганлиги юзасидан камерал солиқ текширувини ўтказиш қоидалари ва солиқни тезлаштирилган тарзда қоплаш тартибига дахл қилади. Лойиҳани ҚҲТБТда муҳокама қилиш 21 январга қадар давом этади. Лойиҳага аналитик хатда ҳар бир тузатиш учун асослар кўрсатилган (“Аналитик материаллар” ҳаволаси).

Buxgalter.uz ДСҚ матбуот хизматида тафсилотларни аниқлаштирди.

1. Солиқ суммаси ўрнини қоплашнинг асосланганлиги бўйича камерал текширув ўтказиш тартибида нимани ўзгартириш режалаштирилмоқда?

ҚҚС суммаси ўрнини қоплашни тўлиқ ёки қисман рад этиш  тўғрисида қарор қабул қилиш учун асослар рўйхати кенгайтирилмоқда:

Амалдаги асослар (Низомнинг 25-банди)

Низомнинг 25-бандида кўрсатилганларга қўшиладиган асослар

  1. Солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
  2. Товарлар (хизматлар) харид қилинишида ҳисобварақ-фактуралар ЭҲФнинг ахборот тизимида расмийлаштирилмаганда;
  3. Ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тўлиқ ЭҲФнинг ахборот тизими орқали амалга оширилмагада;
  4. Қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузиш (операциялар амалга ошириш) орқали солиқни тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик фактлари аниқланганда;
  5. Битимлар (операциялар) ҳақиқий эмас ва тадбиркорлик фаолияти доирасида даромад олишга қаратилмаган ёки (ва) иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаган деб топилганда;
  6. Солиқ тўловчи томонидан сўралган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилганда, шунингдек, ҳудудни, ишлаб чиқариш, омборхона, шу жумладан, солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечиришга, сайёр солиқ текширувини ўтказишга тўсқинлик қилинганда.

 

  1. Ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, шу жумладан - солиқ тўловчи томонидан ҳисобга олинадиган солиқ суммасини қонунга хилоф равишда ошириш ёки тўланадиган солиқ суммасини камайтириш схемаларининг қўлланиши натижасида асоссиз солиқ нафи олинганлик;
  2. Солиқ тўловчи томонидан иқтисодий мазмунига мос келмайдиган хўжалик операцияларини ҳисоботда акс эттирилиши ва контрагентни танлашда лозим даражада эҳтиёткорлик қилиш бўйича мажбуриятни бажарилмаслиги натижасида асоссиз солиқ нафи олиниши;
  3. Амалга оширилган битим (операция)нинг асосий мақсади солиқ суммасини тўламаслик (тўлиқ тўламаслик) ва (ёки) ҳисобга олиш бўлган ҳамда битим (операция) бўйича мажбурият солиқ тўловчи билан тузилган шартноманинг тарафи бўлмаган шахс ёки битимни (операцияни) бажариш мажбурияти шартнома ёки қонун бўйича юклатилмаган шахс томонидан бажарилган;
  4. Солиқ тўловчи ва унга товарларни (хизматларни) етказиб бериш бўйича операциялар кетма-кетлигида иштирок этган контрагентлар томонидан қўшилган қиймат солиғи ҳисобланмаганда (тўлиқ ҳисобланманганда);
  5. Ҳисобга олиш ҳуқуқини берувчи товарлар (хизматлар)ни харид қилиш ва сотиш бўйича операциялар кетма-кетлигида иштирок этган етказиб берувчиларда (контрагентларда) ушбу товарларни кирим қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
  6. Солиқ тўловчи томонидан асоссиз солиқдан наф олишига олиб келадиган, товарларни (хизматларни) етказиб бериш операциялари кетма-кетлигида иштирокчи шахсларни ҳукуқий, иқтисодий ва бошқа назорат остидаги ўзаро боғлиқлиги 


2. ҚҚС ўрнини тезлаштирилган тарзда қоплаш тартибида нима ўзгаради?

СКнинг 274-моддасида ҚҚС ўрнини тезлаштирилган тарзда қоплаш тартибидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган солиқ тўловчилар тоифаси белгиланган. Низомнинг 32-бандида эса тезлаштирилган тартибни қўллашни рад этиш мумкин бўлган ҳоллар белгиланган. Бу рўйхатни ҳам кенгайтириш таклиф қилинмоқда:  

Амалдаги асослар (Низомнинг 32-банди)

Низомнинг 32-бандида кўрсатилганларга қўшиладиган асослар

  1. Аризага Низомнинг 2-бобида белгиланган зарур ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаган бўлса;
  2. Ариза тақдим этилган вақтда солиқ тўловчи солиқларни тўламаслик хавфи даражаси юқори бўлган солиқ тўловчилар тоифасига мансуб бўлса

 

  1. Ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузиш (операциялар амалга ошириш) орқали солиқни тўламаслик ёки тўлиқ тўламаслик;
  2. Ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, шу жумладан - солиқ тўловчи томонидан ҳисобга олинадиган солиқ суммасини қонунга хилоф равишда ошириш ёки тўланадиган солиқ суммасини камайтириш схемаларининг қўлланиши натижасида асоссиз солиқ нафи олинганлик;
  3. Иқтисодий мазмунига мос келмайдиган хўжалик операцияларини ҳисоботда акс эттирилиши ва контрагентни танлашда лозим даражада эҳтиёткорлик қилиш бўйича мажбуриятни бажарилмаслиги натижасида асоссиз солиқ нафи олиниши;
  4. Амалга оширилган битим (операция)нинг асосий мақсади солиқ суммасини тўламаслик (тўлиқ тўламаслик) ва (ёки) ҳисобга олиш (қоплаш) бўлган ҳамда битим (операция) бўйича мажбурият солиқ тўловчи билан тузилган шартноманинг тарафи бўлмаган шахс ёки битимни (операцияни) бажариш мажбурияти шартнома ёки қонун бўйича юклатилмаган шахс томонидан бажарилган;
  5. Битимлар (операциялар) ҳақиқий эмас ва тадбиркорлик фаолияти доирасида даромад олишга қаратилмаган ёки (ва) иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаган деб топилганда;
  6. Сўралган ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилганда, шунингдек, ҳудудни, ишлаб чиқариш, омборхона, шу жумладан, солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечиришга, сайёр солиқ текширувини ўтказишга тўсқинлик қилинганда;
  7. Солиқ тўловчи ва унга товарларни (хизматларни) етказиб бериш бўйича операциялар кетма-кетлигида иштирок этган контрагентлар томонидан ҚҚС ҳисобланмаганда (тўлиқ ҳисобланманганда);
  8. Ҳисобга олиш ҳуқуқини берувчи товарлар (хизматлар)ни харид қилиш ва сотиш бўйича операциялар кетма-кетлигида иштирок этган етказиб берувчиларда (контрагентларда) ушбу товарларни кирим қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
 9. Солиқ тўловчи томонидан асоссиз солиқдан наф олишига олиб  келадиган, товарларни (хизматларни) етказиб бериш операциялари кетма-кетлигида иштирокчи шахсларни ҳукуқий, иқтисодий ва бошқа назорат остидаги ўзаро боғлиқлиги   

Низомнинг 33-бандига норма қўшилмоқда, унга асосан тезлаштирилган тартиб қўлланмаган ҳолда ҚҚС ўрнини қоплаш (қисман қоплаш) ёки қоплашни рад этиш тўғрисида қарор умумий асосларда қабул қилинади.

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади