Маслаҳатлар

Жисмоний шахслар манфаатини кўзлаб ҳақ тўлаш - солиқ қандай ушлаб қолинади

23.01.2021

Корхона жисмоний шахснинг манфаатларини кўзлаб товарлар (хизматлар), мулкий ҳуқуқлар ҳақини тўлаши, бепул мол-мулкни бериши мумкин ва ҳ.к. Бунда ЖШДСни қандай ушлаб қолиш ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти  Дилором САИДОВА гапириб берди:

– Жисмоний шахсга бундай ҳақ тўлаш ва мол-мулкни бериш унинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади. Бундай даромадлар рўйхати СКнинг 376-моддасида келтирилган:

1) Юридик шахс томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб, товарлар (хизматлар), мулкий ҳуқуқлар ҳақини тўлаш, шу жумладан:

  • болаларини мактабгача таълим ташкилотларида ўқитиш, тарбиялаш ҳақини тўлаш;
  • жисмоний шахсларга берилган уй-жойнинг коммунал хизматлар ҳақини, уй-жойдан фойдаланиш харажатларини, ётоқхонадаги жойлар ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш;
  • санаторий-курортларда даволаниш йўлланмалари қийматини, дам олиш, стационар ва амбулатор даволаниш ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш;
  • солиқ агентининг солиқ тўловчи даромади бўлган бошқа харажатларини тўлаш;

2) Жисмоний шахснинг манфаатларини кўзлаб текин, шу жумладан ҳадя шартномаси бўйича берилган мол-мулкнинг ва кўрсатилган хизматларнинг қиймати;

3) Товарларни (хизматларни) жисмоний шахсларга реализация қилиш нархи ҳамда уларнинг қиймати ўртасидаги салбий фарқ. Қиймат уларни сотиб олиш нархидан ёки таннархидан келиб чиққан ҳолда акциз солиғи ва ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда аниқланади;

4) Ходимларга темир йўл, авиация, дарё, автомобиль транспорти ва шаҳар электр транспортида юриш бўйича бериладиган имтиёзлар суммаси;

5) Жисмоний шахснинг улар олдидаги қарзининг юридик шахс қарори билан ҳисобдан чиқарилган суммалари;

6) Солиқ агенти томонидан тўловлар ҳисобига тўланиб, жисмоний шахсдан ушлаб қолиниши лозим бўлган, лекин ушлаб қолинмаган суммалар.

Моддий наф  тарзидаги даромадларга ЖШДС солинади, бироқ ижтимоий солиқ  ва ШЖБПҲ солиш объекти ҳисобланмайди .

Корхона жисмоний шахсга даромад тўлашда солиқ агенти функциясини бажаради - солиқни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқаради, ушлаб қолади ва бюджетга ўтказади .

Моддий наф тарзидаги даромадларни тўлашда -  солиқ агенти ва жисмоний шахс ўртасида меҳнатга оид муносабатларнинг мавжудлиги масаласи муҳимдир. Агар улар мавжуд бўлмаса, корхона жисмоний шахснинг даромадидан тўланиши керак бўлган солиқни ҳеч нарсадан ушлаб қололмайди. Ушбу вазият Солиқ кодексида инобатга олинган: ўзи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган резидент бўлган жисмоний шахсга моддий наф тарзида даромад тўловчи солиқ агенти жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида солиқни ушлаб қолмасликка ҳақли .

Вазият
Ходим томонидан моддий наф тарзидаги даромад олиниши

 

Корхона ходимага боласини мактабгача таълим муассасасида ўқитиш, тарбиялаш ҳақини тўлади. Январь учун ҳақ суммаси - 245 минг сўм.

Ушбу сумма ходиманинг жами даромадига киритилади ва ЖШДС солиниши лозим . Моддий наф тарзидаги даромаддан ЖШДС суммаси 29 400  сўмни (245 000 х 12%) ташкил этади, у январь учун даромаддан олинадиган ЖШДСнинг умумий суммасига киради.

Ҳисобланган моддий наф тарзидаги даромадлар суммаси фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегирилмайди .

Вазият
Ходим бўлмаган томонидан моддий наф олиниши

 

Корхона пенсионерга хусусий клиникада даволаниши учун 3 млн сўм тўлади. Пенсионер моддий наф тарзидаги солиқ солинадиган даромад олди . Корхона солиқ агенти сифатида даромадни тўлаш чоғида 360 000 сўм миқдорида ЖШДСни ушлаб қолиши керак.

Пенсионернинг бу корхонада бошқа даромадлари бўлмаганлиги боис, унга солиқ суммасини ёки корхонанинг банк ҳисобварағига тўлашни ёхуд солиқни декларация асосида тўлашга рози бўлишини таклиф қилишди. Жисмоний шахс солиқни мустақил равишда тўлаш ҳуқуқидан фойдаланишга қарор қилди ва бу ҳақда ариза берди .

Бу ҳолда корхона 3 млн сўм миқдоридаги барча суммани клиниканинг ҳисобварағига ўтказади ва солиқ агенти сифатида, солиқ даври (йили) тугаганидан кейин 30 кун ичида корхонанинг солиқ бўйича ҳисобда турган жойдаги ДСИга тўлов манбаида солиқ солинмаган моддий наф тарзидаги даромадларни олган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши шарт .

Мазкур маълумотномани корхона солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали жўнатади. Маълумотнома коди  11102_5”.

Эътибор беринг!

Маълумотномани тақдим этишнинг сўнгги муддати - даромадни тўлаш амалга оширилган йилдан кейинги йилнинг 30 январи.

Жорий йилда 30 январь дам олиш кунига тўғри келади, шу боис маълумотномани тақдим этишнинг сўнгги муддати - 1 февраль.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь