Электрон рақамли имзо (ЭРИ) тизимидаги 5 та муҳим ўзгартиришлар ҚҲТБТда муҳокама қилинмоқда

preview

ҚҲТБТда "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасини муҳокама қилиш бошланди. Ҳужжат ЭРИ тўғрисидаги одатий тасаввурни ўзгартирадиган янги тушунчаларни ўз ичига олган. Улардан айримларини buxgalter.uz илтимосига биноан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари тушунтиришди:


Қонуннинг қабул қилиниши ЭРИ калити эгаларидан мавжудларини алмаштиришни талаб қилмайди, шунчаки уларда янги имкониятлар пайдо бўлади. Демак, энг муҳим ўзгартиришларни санаб ўтамиз:

1. ЭРИ сертификати фақат электрон ҳужжат шаклида берилиши қонун билан мустаҳкамланади. Ҳозирги кунда ёпиқ калит сертификати эгасининг (ЭРИ эгаси) илтимосига биноан сертификатни қоғозда чоп этишга йўл қўйилади.

2. Аккредитация қилинган Электрон калитларни рўйхатга олиш марказининг ЭРИ билан тасдиқланган электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга қўлда ўзи қўйган имзо ва муҳр билан тасдиқланган билан бир хил аҳамиятга эга деб эътироф этилади.

3. Ишончли учинчи томоннинг фаолияти учун ҳуқуқий асослар киритилмоқда. Бу трансчегаравий ўзаро алоқалар доирасида хорижий электрон рақамли имзони ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида берилган электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган махсус хизмат бўлади. Яъни Ўзбекистонда хорижий давлатда берилган ЭРИдан фойдаланиш, хорижий давлатда эса - Ўзбекистонда берилган ЭРИдан фойдаланиш мумкин.

Хорижий давлатларнинг ЭРИ калитлари сертификатларидан фақатгина Ўзбекистон ишончли учинчи томони тарафидан ҳақиқийлиги текширилгандан сўнг фойдаланиш мумкин.

4. Вақт штампи тушунчаси киритилмоқда. Вақт штампи хизмати маълумотларнинг  вақтнинг муайян пайтида мавжудлиги (маълумотлар аниқ вақт пайтида мавжуд бўлганлиги) ҳолатини тасдиқлайди.

ЭРИ билан ишлашда ҳар қандай сертификатнинг амал қилиш муддати чекланганлиги туфайли муқаррар муаммо юзага келади. Сертификатнинг амал қилиш муддати тугагач, барча яратилган ЭРИ ўз қийматини йўқотади, сабаби ЭРИ сертификат ҳали амал қилган пайтда яратилганми ёки унинг амал қилиш муддати ўтганда яратилганми, аниқлашнинг имкони бўлмайди. Бу эса автоматик тарзда ЭРИнинг ҳақиқий эмаслигини англатади.

Имзоланган ҳужжатда вақт штампининг мавжудлиги электрон имзонинг амал қилиш муддатини узайтириш имконини беради. Вақт штампи имзо калит сертификати бекор қилингунга (чақириб олингунга) қадар яратилганлигини тасдиқлайди. Шу тариқа, сертификат чақириб олинган пайтга қадар яратилган имзони текшириш учун чақириб олинган сертификатдан фойдаланиш мумкин.

Вақт штампи - бу имзоланадиган ҳужжатдаги сананинг аналоги. У ЭРИ калити сертификати ҳужжатни имзолаш пайтида ҳақиқий бўлганлигини тасдиқлайди.

5. Давлат хизматларини олиш, ҳисобот топшириш ва бошқа мақсадлар учун ишончли сақлаш (булут) тизимидан фойдаланиш имконияти назарда тутилган. Ушбу инструмент ёпиқ калит эгасига ЭРИдан фойдаланиш имкониятига эга шахслар доирасини чеклаш имконини беради. Бу  масалан, тадбиркорлик субъекти ЭРИни бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича аутсорсинг компаниясига берганда талаб этилиши мумкин. Бу ҳолда ЭРИдан фойдаланиш имкониятига фақат ҳисоботни тайёрлаш ва топширишга ваколат берилган киши эга бўлади.

Қонун лойиҳаси бошқа ўзгартиришларни ҳам назарда тутади. Сиз ўз таклифларингизни 9 апрелга қадар киритишингиз мумкин.


Олег ГАЕВОЙ