Маслаҳатлар

Янги ЭҲФ солиқ маъмуриятчилигига шошилинч ўтиш қандай муаммоларни кўрсатди

08.04.2021

Тизим онлайн-НКМ орқали келиб тушадиган барча маблағларни автоматик равишда тушум сифатида ҳисобга оладиган солиқ маъмуриятчилигидаги ўзгаришлар туфайли бухгалтерларнинг иши кўпайди. Хусусан, кундалик етказиб беришларни амалга оширадиган корхоналарга ҳар б ир буюртманома учун ЭҲФни шакллантириш зарур. Шунингдек – товарлар (хизматлар) ҳақини КПК орқали тўлайдиган контрагентлар бўйича ҳисобварақ-фактураларни қўлда киритиш талаб этилади.

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:


1-вазият: узлуксиз етказиб бериш

– Мисол учун, ўз маҳсулотларини ҳар куни чакана савдо шохобчалари ва умумий овқатланиш корхоналарига етказиб берадиган нон заводлари ва новвойхоналар фаолиятини кўриб чиқамиз.

14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илованинг 6-бандига мувофиқ электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, темир йўлда ташиш, транспорт-экспедиторлик хизмати реализация қилинганда, қувурлар тизими орқали юкларни ташишга доир хизматлар реализация қилинганда, шунингдек, товарлар (хизматлар) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинадиган бошқа холларда товарлар етказиб берилганда (хизматлар кўрсатилганда) ҳисобварақ-фактура календарь ойнинг сўнгги кунида мазкур ой давомида жами етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича бир марта тақдим этилади.

Кўриб чиқилаётган мисолда нон етказиб беришни узлуксиз хизмат сифатида кўриб чиқиш ва ушбу фаолият турини 2-сон иловада назарда тутилган "бошқа ҳолатлар"га киритилиш мумкинми?  Йўқ, бу ҳеч қандай узлуксиз хизмат эмас! Тушаётган аризаларни қайта ишлаш, жўнатиш, етказиб бериш – бу барча босқичларда нон маҳсулотлари етказиб беришни узлуксиз деб ҳисоблашга имкон бермайди. Шунга асосланиб, ҳозирда бундай корхоналар ҳар бир алоҳида ариза бўйича QR-кодли ЭҲФ шакиллантириш керак.

Кўриниб турибдики, амалда солиқ маъмуриятчилиги етказиб берувчиларга қўшимча муаммолар келтириб чиқаради. Зеро, ички ишлар органлари вакиллари билан биргаликда солиқ органлари томонидан амалга оширилиши кутилаётган тўсатдан сайёр мониторинг-рейдлари ўтказилган вазиятларда  ЭҲФга эга бўлмаган етказиб берувчи муаммоларга дуч келади.


2-вазият:
КПК

ЭҲФ тизимидаги сўнгги ўзгаришлар мукаммал ишлаб чиқилмаганлигидан далолат берадиган иккинчи мисолни келтирамиз. Бунда корпоратив карталар бўйича ЭҲФ тақдим этиш хусусида сўз бормоқда.

КПК бўйича тўлов ЭҲФни шакллантирган ҳолда ҳисобга олиниши керак. Аммо айни пайтда тизим нотўғри ишлаяпти. Тизим КПК бўйича тўловни амалга оширган контрагентни танимаяпти, у ноаниқ сумма сифатида реестрга киритилаяпти.

Бу ҳам бухгалтерга ортиқча ташвиш бўлаяпти: у ноаниқ суммани қўлда ўчириб ташлаши ва у бўйича ҳисобварақ-фактурани қайта тақдим этиши керак.

 
Хулоса:

Фикримча, ЭҲФ тизимидаги бундай туб ўзгаришларни ўтган сана билан – мартдаги ҳисобот учун апрелдан киритиш керак эмас эди. Уни апрелдан, бунинг устига, тест режимида жорий этишни маслаҳат берардим. Бу ҳаммаси амалда қандай ишлашини, қандай муаммолар юзага келишини ва уларни қандай ҳал қилиш мумкинлигини кўриш учун имконини берган бўлар эди.

Ҳозир эса солиқ органининг ўз маъмуриятчилигидаги ўзгаришлар солиқ тўловчиларнинг ишига яна халал бериб, товарларни олиб ўтишда ҳам қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Бунда товарни олиб ўтиш эркинлигининг асосий принципи бузилади.

Шундай вазият юзага келдики, қонун ижодкорлиги даражасида масала тўғри қўйилган, ўз маъмуриятчилигининг амалий жиҳатлари эса тадбиркорларнинг ишини енгиллаштириш ўрнига унга тўсқинлик қилмоқда.

           
      
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь