“Солиқ ҳамкор”дан рақобат урушларида фойдаланиш мумкинми

preview

Мурожаат қилувчиларни Soliq мобиль иловаси орқали ёлғон хабарлари учун жазолашадими?

“Солиқ ҳамкор” дастури орқали шикоят қилувчиларнинг жавобгарликлари ва имтиёзлари тўғрисида buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Сайёр солиқ текширувлари бошқармаси катта инспектори  Руслан АБСАЛЯМОВ гапириб берди.


Илгари buxgalter.uz жамоатчилик назоратининг янги инструменти - “Солиқ ҳамкор” дастури ҳақида ёзган эди. Soliq иловаси орқали дастур савдо қоидалари у томондан бузилган тақдирда ҳар қандай савдо шохобчаси устидан шикоят қилиш имконини беради. Солиқ текшируви мурожаатнинг натижаси ҳисобланади.

- Агар ноҳалол рақобатчи ёки бошқа ёмонликни раво кўрувчи шахс номуайян нафардаги кишилар билан “келишиб олса”, улар унча катта бўлмаган мукофот эвазига назорат қилувчи органни “Солиқ ҳамкор”дан фойдаланган ҳолда аниқ савдо шохобчаси бўйича шикоятларга тўлдириб юборишса, нима бўлади? Бундай вазиятда солиқ тўловчи ўзини қандай ҳимоя қилади? Савдо тармоқлари тинимсиз солиқ текширувларини қайтаришларига тўғри келмасликларига кафолат борми? Ахир дастур ҳақиқатда шикоят беришни анча осонлаштиради.

- Солиқ тўловчи, яъни тадбиркорлик субъекти, амалдаги қонунчилик доирасида ишлаган ҳолда ўзини ҳимоя қилиши мумкин.

“Солиқ ҳамкор”га солиқ соҳаси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида келиб тушган ахборот тасдиқловчи ҳолатлар, жумладан аудио- ва видеоёзувлар мажбурий мавжуд бўлган тақдирда кўриб чиқилади. Аноним ва тасдиқланган ҳолатларга эга бўлмаган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

- Хабар аниқ телефон  рақамидан юборилади. Бундан ташқари, “Солиқ ҳамкор”дан фойдаланишда мурожаат қилувчи паспорт маълумотларини кўрсатади. Бу жуда яхши, сабаби бўҳтончини қасддан ёлғон маълумотлар учун жазолаш мумкин бўлади. Жазони эҳтимолий мукофотдан олинадиган наф билан тенглаштириш мумкинми? Шикоят ҳолати тасдиқланмаган ва мурожаат қилувчи жазоланган ҳоллар бўлганми?

- Шуни назарда тутиш лозимки, шикоятда баён этилган ҳолат истеъмолчи амалдаги қонунчиликни билмаслиги туфайли тасдиқланмаслиги мумкин. Масалан, мурожаатда онлайн-НКМ чеки берилмаганлиги кўрсатилган бўлиши мумкин. Мурожаат қилувчи аниқ тадбиркорлик субъектининг онлайн-НКМ ёки виртуал кассага ўтиш жадвалини билмаслиги мумкин. Шу боис хатолар учун жазолар назарда тутилмаган.

Агар истеъмолчи оладиган наф ҳақида гапирсак, бу совринли чек ўйинида иштирок этиш ҳуқуқини берадиган QR-кодли чекдир.

- Тасдиқланмаган ҳолатлар бўйича ўтказилган текширувлардан кейин, такрорий шикоятлар текшириладими?

- Ҳар бир янги мурожаат кўриб чиқилади.

Агар ҳуқуқбузарлик ҳолати биринчи текширувдан кейин тасдиқланмаган, бироқ янги мурожаат келиб тушган бўлса ва уни кўриб чиқиш чоғида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тасдиқланса, субъектга тегишли чоралар кўлланилади.


Таҳририятдан

Биз Давлат солиқ қўмитасининг ҳурматли мутахассисларига батафсил тушунтириш учун миннатдорлик билдирамиз. Бунда ўйлаймизки, барча юқорида айтилганлар мазкур иловадан ноҳалол рақобат мақсадларида фойдаланиш имкониятини истисно қилмайди.

Ҳар қандай ҳолда, агар сизда қонунга риоя қилиш ва интизом юқори даражада бўлса, сизни ковлаштириш анча мураккаб бўлади. Ва бу - барча қоидаларга риоя қилиш учун яна бир сабаб!