Товарларнинг айрим турларини олиб кириш учун махсус рухсатнома ва квотани қандай олиш мумкин

preview

Автомобиллар учун кондиционерларни олиб киришда махсус рухсатнома ва квота талаб этилиши тўғрими? Уларни олиш тартиби қандай ва қайси органга мурожаат қилиш зарур?

Саволга ДБҚ мутахассислари жавоб беришди:


- Ўзбекистонда озонни бузувчи моддалардан (ОБМ) фойдаланишни тўхтатиш Миллий дастури  амалга оширилмоқда, бундай таъсир кўрсатувчи товарларнинг ҳаракати эса 09.01.2018 йилдаги 17-сон ВМҚ билан тартибга солинади.

Унга 2-иловада импорт ва экспорт қилишда рухсатномалар талаб қилинадиган маҳсулотлар турлари рўйхати келтирилади.

Енгил ва юк автомобилларидаги кондиционерлар, улар ичига ўрнатилган ёки ўрнатилмаганидан қатъий назар (8415 10 100 0-8415 83 000 0, 8418 61 00; 8418 69 000 9), ушбу рўйхатга киради.


Рухсатнома қандай олинади

Рухсатнома олиш механизмини 17-сон ВМҚга 3-илова - Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига импорт  қилишга ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилишга  рухсат бериш тартиб-тамойилларидан ўтиш тартиби тўғрисида низом белгилайди.

Бундай маҳсулот импорти ва экспорти (транзит ташишлардан ташқари) Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг  ҳудудий бўлинмалари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади.

Рухсатнома Низомга 1-иловада кўрсатилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Давлат хизматлари кўрсатиш ягона маркази ёки ЯИДХП орқали ҳужжатларни топширган ҳолда рухсатномани олиш мумкин. Бунинг учун ариза берувчи қуйидагиларни тақдим этиши зарур:

  • Низомга 4-иловага (озонни бузувчи моддалар учун) ва 5-иловага (таркибида ОБМ бўлган маҳсулотлар учун) мувофиқ ариза;
  • ОБМ ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг импорти ёки экспорти учун битим (шартномалар, инвойслар ва ҳ.к.);
  • озонни бузувчи моддаларнинг утилизацияси ёки тикланишини амалга оширган ихтисослаштирилган ташкилотнинг етказиб берилган ҳажмлар кўрсатилган ҳолдаги маълумотномаси (аввал ишлатилган ва тикланган ОБМ импорт қилинганда тақдим этилади);
  • рухсатнома бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганлиги ҳақидаги банк ҳужжати;
  • импорт қилинаётган ОБМнинг таркиби, шунингдек, Давлат экология қўмитасининг талабига кўра, экспортни амалга ошираётган мамлакат томонидан берилган лицензиядан нусха.
Эътибор беринг!

Аризачи электрон манзилини кўрсатган ҳолда ЯИДХП орқали қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарномани олишга розилигини билдиради.

Аризачи тақдим этиладиган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгардир.

Аризачидан Низомда назарда тутилмаган ҳужжат ва маълумотларни тақдим этишини талаб қилиш тақиқланади.

Зарурат бўлганда Давлат экология қўмитаси:

  • экспорт қилувчи мамлакатнинг ваколатли органларидан, аризачининг иштирокисиз, ОБМ ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг аризачи томонидан тақдим этилган ариза ва битимдаги (шартномада, инвойсда ва ҳ.к.) маълумотларга мослиги ҳақида қўшимча ҳужжат ва маълумотлар олади;
  • ДБҚ ходимлари, шунингдек, тегишли соҳанинг юқори малакали мутахассислари билан биргаликда, ОБМ, таркибида улар бўлган маҳсулотларни ташқи кўздан кечиришни, уларнинг рухсатномага мувофиқлигини аниқлаш учун асбоб-ускуналар ёрдамида ўлчовлар, ўрганишлар, тадқиқотлар, кўздан кечиришлар ва бошқа илмий ва техник баҳолашлар ўтказади.

Аризани кўриб чиқиш муддати - ҳужжатлар берилган санадан бошлаб 7 иш кунидан ошмаган муддатда. Зарурат бўлганда, уни 20 иш кунидан ошмаган муддатга қадар узайтиришлари мумкин.

Рухсатноманниг амал қилиш муддати 1 йилдан ошмайди. Бироқ у ҳужжатнинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар берилган ариза бўйича узайтирилиши мумкин.

Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида йиғим ундирилади.


Квота қандай тақсимланади

ОБМни импорт қилиш учун квоталарни аризачилар ўртасида тақсимлаш тартиби Озон бузувчи моддаларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш учун квоталарни тақсимлаш тартиби тўғрисида низомда белгиланган. Тақсимлаш сўнгги 3 йиллик вақт даври учун, ОБМнинг импортига рухсат этилган умумий ҳажм улушига асосланган.

Низомда квоталарни аризачилар ўртасида 2018 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар бўлган давр учун ва 2030 йилгача, кейинги ҳар бир 12 ойлик давр учун тақсимотига чекловлар миқдори кўрсатилган.

ОБМнинг 2018-2030 йилларда импорт учун квоталар 17-сон ВМҚга 4-иловада келтирилган. Улар аризачилар ўртасида қуйидаги фоиз нисбатида тақсимланади:

  • 80%и - ОБМнинг амалдаги импортини сўнгги 3 йиллик давр мобайнида амалга оширган аризачилар  учун;
  • 10%и - янги аризачилар учун;
  • 10%и - захирада қолдирилади.

Квоталарнинг тақсимоти ҳар йили Давлат экология қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади,  бу ҳақдаги ахборот идоранинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. 20 апрелга қадар у ДБҚга тақдим этилади.

Бошқа кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланиладиган моддалар квоталанмайди. Шунингдек Таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган, Ўзбекистон Республикасига импорт ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилиш рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатида кўрсатилган рухсатномалар бериладиган, импорт қилинадиган рециркуляцияланган, тикланган ОБМ ҳам квоталанмайди.

Бунда шуни инобатга олиш жоизки, 2020 йилдан бошлаб гидрохлорфторуглеводородларни (ГХФУ)  Ўзбекистон Республикасига импорт қилишга умумий квота 6,8 т ни ташкил қилади. Мамлакатга ГХФУдан фойдаланиладиган асбоб-ускунани ёки тўлдирилмаган, бироқ ГХФУда ишлаш учун мўлжалланган асбоб-ускунани импорт қилиш 2018 йил 10 апрелдан бошлаб тақиқланган.

Манбага қаранг.