Маслаҳатлар

Тўлиқ эскирмаган асосий воситани ҳисобдан чиқардик

17.06.2021

Ташкилот гарчи эскириш ҳали тўлиқ ҳисобланмаган бўлсада, таъмирлаш имконияти мавжуд эмаслиги муносабати билан асосий воситани ҳисобдан чиқарди. Зарарни 9430-счётда акс эттирдик. Уни Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0203-сатрида кўрсатиш зарурми? Ушбу зарарга айланмадан олинадиган солиқ солинадими?

Саволга "Норма" эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди:


- Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0203-сатрида “Товарларни (хизматларни) текинга беришдан кўрилган зарарлар” акс эттирилган бўлиши керак.

Товарларга бўлган мулк ҳуқуқини ҳақ олиш асосида ўтказиш ёки ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш товарларни ёки хизматларни реализация қилиш деб эътироф этилади. Шу жумладан - қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятларини бажармаганда гаровга қўйилган товарларни айирбошлаш ва ўтказиш.

СК айрим ҳолларда товарларга бўлган мулк ҳуқуқини бепул асосда ўтказиш ёки бепул асосда хизматлар кўрсатишни ҳам реализация қилиш деб эътироф этади .

Мазкур вазиятда асосий воситани ҳисобдан чиқариш уни реализация қилишда (бошқа шахсга бепул ўтказишда) эмас, балки АВ объектини тугатиш натижасида рўй беради. Шу боис ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарарни Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0203-сатрида  акс эттириш зарур эмас.

 

Эслатиб ўтамиз
АВ қиймати корхона балансидан қуйидагилар натижасида чиқарилади: тугатилганда, сотилганда, айирбошланганда, бепул ўтказилганда,УКга таъсисчи қўйилмаси сифатида берилганда, молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича берилганда, камомад ёки йўқотишлар аниқланганда, таъсисчи таъсисчилар таркибидан чиққанда, ННТ мулкини шакллантиришда мулкий бадал сифатида берилганда .

 

Унутманг:

  • АВни ҳисобдан чиқаришдан олинган молиявий натижага жамланган қайта баҳолашни киритишни (“Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар” 8510-бухгалтерия счёти сальдоси);
  • “Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши” 9210- бухгалтерия счётида АВни тугатиш билан боғлиқ харажатлар ва даромадларни акс эттиришни: демонтаж, ҳудуддан олиб чиқиб ташлаш, чиқиндини қабул қилувчи ташкилотга тўлов харажатлари, қора ва рангли ломни топшириш ва/ёки эҳтиёт қисмларни кирим қилишдан олинган даромадлар.

Эҳтимол, бу ҳолда Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши” 9210- бухгалтерия счётида қолдиқ кредит бўлади, яъни тугатишдан олинган натижа зарар эмас, балки фойда бўлади. Уни солиқ солинадиган даромад таркибида акс эттиринг.

 

Эътибор беринг!
Фойда солиғи ҳисоб-китобида асосий воситани тугатиш билан боғлиқ харажатлар (ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарарлар) чегирилмайдиган харажатларга киради .

 

Buxgalter.uz тавсия қилади
Асосий воситани тугатишни қандай ҳисобга олиш ҳақида бизнинг тавсиямизда батафсил ўқинг.

 

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь