Маслаҳатлар

Уй-жой кўчмас мулкини ҳадя қилишда солиқлар тўлаш зарурми

02.07.2021

Яқин қариндош бўлган жисмоний шахсга квартирани ҳадя қилишда ЖШДС вужудга келадими? Нотариуснинг айтишича, биз солиқлар тўлашимиз кераклигини айтди, айнан қандай солиқлар эканлигини эса тушунтириб беролмаяпти. СКда бир жойда ушбу вазият солиқ солинадиган манба сифатида киритилган, бошқа жойда эса бундай эмаслиги ёзилган. Аниқлаштириб олишга ёрдам беринг, илтимос.

Вазиятни  “Норма” эксперти Виктория БЕЗГИНА тушунтирди:


- Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади . Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим .  Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг филиаллари тегишли туманларда (шаҳарларда) давлат рўйхатидан ўтказади.

Ҳадя шартномаси ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилгандан кейин мулк ҳуқуқи ҳадя олувчига ўтади .

Ариза берувчи битимни нотариал тасдиқлаш учун нотариал идорага :

  • ЯИДХПда шахсий кабинет орқали электрон аризани бевосита тўлдириш йўли билан;
  • кадастр йиғмажилди, паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат билан ўзи келиб мурожаат қилиши мумкин. Электрон ариза давлат божи ундирилгандан сўнг ариза берувчининг номидан нотариал идоранинг ходими томонидан тўлдирилади. Солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик, кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ва хатлаш мавжудлиги тизим орқали автоматик тарзда текширилади.

Битимни нотариал тасдиқлаш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • электрон аризанинг ноёб рақами;
  • паспорт ёки битим томонларининг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
  • кўчмас мулкнинг кадастр паспорти;
  • хусусийлаштирилган кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказишда - кўчмас мулкни хусусийлаштиришга розилик берган шахсларнинг нотариал тасдиқланган розилиги, шунингдек Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларидан олинган хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисида маълумотнома;
  • агар кўчмас мулк биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган бўлса - эрнинг (хотиннинг) нотариал тасдиқланган розилиги;
  • агар кўчмас мулкнинг қурилиши тугалланмаган бўлса - ер участкасига ҳамда қурилиши тугалланмаган объектга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма;
  • агар кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса - гаровга олувчининг розилиги;
  • агар васийликдаги (ҳомийликдаги) шахс номидан васий (ҳомий) шартнома тузса - васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги;
  • давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.


Ҳадя қилишнинг солиқ оқибатлари

Солиқ тўловчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мулкий даромадларга киради . Мол-мулк текин ўтказилаётганлиги боис, ҳадя қилувчида ЖШДС солинадиган даромад вужудга келмайди.

Жисмоний шахслардан текин олинган (шу жумладан ҳадя шартномалари бўйича) мол-мулк бошқа даромадларга киради ва резидентлар учун 12%, норезидентлар учун - 20% ставка бўйича ЖШДС солинади, агар халқаро шартномаларда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса  .

Ҳадя олувчининг даромади бу ҳолда ёки ҳадя қилувчи томонидан кўчмас мулкни сотиб олиш қийматидан ёхуд кадастр қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Агар кўчмас мулкни ҳадя қилиш яқин қариндошлар ўртасида амалга оширилса, ҳадя олувчи томонидан олинган даромадга ЖШДС солинмайди . Жисмоний шахснинг яқин қариндошлари унинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укалари ва опа-сингиллари, эри (хотини), фарзандлари, шу жумладан фарзандликка олинганлар, боболари, бувилари, неваралари, шунингдек эрининг (хотинининг) ота-онаси ҳисобланади .

Эътибор беринг!

Агар уй-жой кўчмас мулкига мулк ҳуқуқини олгандан кейин ҳадя олувчи уни сотишга қарор қилса:

  • уч йил ўтгандан кейин, унинг даромадига - ЖШДС солинмайди ;
  • уч йилдан олдин, реализациянинг барча суммасига ЖШДС солинади. Мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади . Ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ даромад деб эътироф этилади.

Мазкур ҳолда кўчмас мулкни сотиб олишнинг ҳужжатли тасдиғи - ҳадя шартномаси, яъни ноль қийматда сотиб олиш мавжудлиги боис, реализация қилишнинг тўлиқ суммаси даромад деб эътироф этилиши керак.

Ҳадя олувчида уй-жой кўчмас мулкига мулк ҳуқуқи пайдо бўлган ойдан бошлаб, у жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғини тўлайди . Солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органлари томонидан амалга оширилади. Бунда бу солиқ тўловчининг яшаш жойига боғлиқ эмас. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг маълумотлари асос учун олинади .

Эслатиб ўтамиз! Эр ва хотиндан бирининг никоҳга қадар ҳадя тариқасида олган мол-мулки ўз мулки ҳисобланади ва бўлинмайди. Бу никоҳ давомида эр ва хотиндан бирининг ҳадя тариқасида олган мол-мулкига ҳам тааллуқли. Фараз қилайлик, никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий мулки ёки улардан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига қўйилмалар амалга оширилган. Агар улар ушбу мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келган бўлса (капитал таъмирлаш, қайта қуриш, қайта жиҳозлаш ва бошқалар), у уларнинг биргаликдаги мулки деб топилиши мумкин .

Эътибор беринг!
Юридик шахс томонидан квартирани ҳадя қилишнинг солиқ оқибатлари ҳақида бу ерда ва бу ерда ўқинг.

 

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь