Эмланмаган ходим ишдан қандай четлатилиши лозим (қадамма-қадам йўриқнома, ҳужжатлар намуналари)

preview

0239-07/4-сон СанҚваНга (рўйхат рақами 31, 19.07.2021 й.) киритилган қўшимчада кўрсатилган ташкилот ходимлари вакцина олишдан бош тортганлиги учун ишдан четлаштирилиши мумкин. Меҳнат кодексининг 113-моддаси 3-қисмига киритилган ўзгартиришлар ҳам бундан далолат беради. Буни қандай амалга ошириш ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқармаси бошлиғи Александр НАВОТНИЙ ва «Норма» компанияси эксперти Ленара ХИКМАТОВА сўзлаб бердилар:

 

­– 2021 йил 1 октябрдан бошлаб ходимлари (соғлиғи бўйича қарши кўрсатма мавжуд бўлган шахслардан ташқари) коронавирусга қарши вакцинанинг  камида 2 дозаси билан (туридан қатъи назар) эмланганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилади, – дея маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Фаолияти тўхтатилишининг олдини олиш учун муайян чора-тадбирлар кўрилиши лозим:

 

I. Тайёргарлик ишлари

1. Ходимларга коронавирусга қарши вакцинанинг фойдасини тушунтиринг – у иммунитетни оширади ва касаллик оғир кечишидан ҳимояланиш даражаси юқори бўлади.

2. Ташкилот ходимлари бўйича қуйидагилар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ахборотни тайёрланг:

  • сўнгги 6 ой ичида қачон ва нечта ходим вакцина олганлиги;
  • кимларда вакцинацияга қарши тиббий кўрсатма борлиги;
  • вакцина олишга кимлар розилик билдирганлиги;
  • кимлар вакцина олишдан бош тортганлиги.

3. Мажбурий тартибда вакцина олиши лозим бўлган ходимлар рўйхатини шакллантиринг. Иш берувчининг қарорига биноан унга қуйидагилар киритилмайди:

  • уйда ёки масофавий ишлайдиган шахслар;
  • ҳомиладорлик ва туғиш, болани парваришлаш таътилида бўлган шахслар.

 

II. Эмлаш ишларини ташкил қилиш

4. Ходимларни эмлаш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Унда қуйидагилар кўрсатилади:

  • вакцина олиши лозим бўлган ходимлар;
  • вакцинациядан ўтиш муддатлари. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган вакцинация графигига мувофиқ 2021 йилда вакцина қуйидаги муддатларда олиниши лозим:

– биринчи доза – 1 сентябрга қадар;

– иккинчи доза – 1 октябрга қадар;

– учинчи доза – 1 ноябрга қадар;

  • иш берувчини вакцина олиш ёки уни рад этиш тўғрисида хабардор қилиш тартиби;
  • вакцинацияни ўтказиш шакли:

– офисда марказлаштирилган ҳолда;

– марказлаштирилган ҳолда муайян тиббий муассасада;

– мустақил равишда;

  • иш берувчига вакцинация ўтказилганлиги тўғрисидаги сертификатларни тақдим этиш тартиби;
  • иш берувчига вакцинага қарши кўрсатмалар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби;
  • ходимлар вакцина олишдан бош тортганда қарши тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлмаган тақдирда, МКнинг 113-моддаси 3-қисмига асосан улар ишдан четлаштирилиши мумкинлиги тўғрисидаги маълумотлар;
Эътибор беринг!

 Ишдан четлаштириш – иш берувчининг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир. У қуйидаги ҳолатларда ушбу ҳуқуқни амалга ошириши мумкин:

– ходимларнинг даволаниш харажатларини тўлаш хатаридан холи бўлмоқчи бўлса;

– ташкилотда санитария-эпидемиологик ҳолат ёмонлашишининг олдини олмоқчи бўлса;

– фаолиятни 1.10.2021 йилга қадар давом эттирмоқчи бўлса.

  • мониторинг ўтказиш ва иш берувчини ходимлар эмланганлиги тўғрисида хабардор қилиш учун масъул бўлган мансабдор шахс.

Қуйидагиларга асосан буйруқ чиқарилади:

  • МК 113-м. 3-қ. , МК 211-м. 1-қ. ;
  • «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуннинг 10-м., 16–17-б.;
  • 0239-07/4-сон СанҚваНга (рўйхат рақами 31, 19.07.2021 й.) киритилган қўшимчалар.

5. Вакцина олиши лозим бўлган ходимларни имзо чектириб рўйхат билан таништиринг. Танишишдан ва/ёки имзо чекишдан бош тортиш ҳолатларида бу ҳақда далолатнома тузинг.

6. Вакцинациядан ўтишни марказлаштирилган ҳолда ташкиллаштириш ёки ходимларга иш вақти давомида мустақил равишда вакцина олиш имкониятини таъминлаш. Ходим иш жойида бўлмаган даврида иш ҳақи сақланиб қолиши лозим.

7. Молиявий жиҳатдан имкониятлар мавжуд бўлганда вакцина олган ходимларни рағбатлантириш чора-тадбирларини белгиланг.

8. Аввалги 6 ой давомида эмланган ходимлардан QR-кодли вакцинация тўғрисидаги сертификатларни тақдим этишларини талаб қилинг. Эмлаш муайян муддат оралиғида 2 ва 3-босқичда ўтказилишини ҳисобга олинг. Шахсга вакцинанинг охирги дозасини олмагунча сертификат берилмайди. Вакцинациядан ўтиш босқичлари тўғрисидаги маълумотлар emlash.uz порталида берилган.

Ходимдан вакцинанинг дастлабки дозасини олганлигини тасдиқлаш учун emlash.uz сайтидан эмланганлиги тўғрисидаги маълумотнинг скриншотини, emlash.uz дан келган SMSни ёки тиббий муассаса томонидан берилган маълумотномани кўрсатишини талаб қилинг.

Эътибор беринг!
Вакцинанинг бустер (қўшимча) дозаси муддатлари ҳамда зарарланишдан ҳимоя қиладиган нейтралловчи антителалар сонига нисбатан талаблар бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ягона тавсиялари мавжуд эмас. Мазкур ҳолатда ходимнинг вакцина олишдан бош тортганлиги тўғрилигини тасдиқловчи ҳужжат шифокорнинг қарши тиббий кўрсатма тўғрисидаги маълумотномаси бўлади. Бироқ бундай ҳолатларда иш берувчи ходимни жамоага киритмасликка ҳақлидир. Иш берувчи бошқача қарор қабул қиладиган бўлса, жамоада инфекция тарқалиши юзасидан жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам, машҳур шифокор–вирусолог Дилдора СЕКЛЕРнинг айтишича, – вакцина олинмаганлиги ходим учун касалликка чалиниш ва бошқаларга касалликни юқтириш хавфини оширади.

Шунингдек мутахассис эслатиб ўтади, вакцинациядан ташқари профилактиканинг бошқа чораларига (ниқоб тақиш, қўлларни дезинфекция қилиш, масофа сақлаш), шу жумладан вакцина олган ходимлар ҳам риоя қилиши лозим.

 

III. Ишдан четлаштириш

9. Вакцина олишга розилик билдирмаган ёки эмланганлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган ходимдан бу ҳақда ёзма равишдаги рад жавобини эркин шаклда ёзиб беришни талаб қилинг ёки ушбу шаклдан фойдаланинг. Ходимда қарши тиббий кўрсатма мавжуд бўлса, ушбу намунадан фойдаланинг.

Агар ходим:

  • рад жавобини ёзиб беришга розилик билдирмаса – далолатнома тузинг;
  • сўнгги 4–5 ой мобайнида бетоб бўлганлигини ва унда вакцинацияга қарши тиббий кўрсатма мавжудлигини таъкидласа, – буни тасдиқловчи ҳужжатни ва шифокорнинг вакцина олишга зарурат йўқлиги ҳақидаги кўрсатмасини тақдим этишини сўранг.

10. Ходим белгиланган муддатларда вакцина олганлигини ёки қарши кўрсатма борлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, уни иш ҳақи сақланмаган ҳолда ишдан четлаштириш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Асос – МКнинг 113-м. Ходим вакцина олишдан бош тортганлиги сабабли ишдан четлаштирилиши тўғрисидаги буйруқ шаклини мустақил равишда тайёрланг ёки ушбу шаклдан фойдаланинг.

Буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • ходимнинг Ф.И.О., лавозими;
  • ишдан четлаштирилиши учун асос;
  • кейинчалик ишга қўйилиш шартлари.

Шунингдек бухгалтерия томонидан ишдан четлаштириш даврида ходимга тўланадиган барча тўловлар тўхтатиб турилади.

Ходимни ишдан четлатилишига асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар, шу жумладан:

  • ходим вакцинация тўғрисидаги сертификатни ёки унга қарши тиббий кўрсатмаларни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этадиган кунга қадар;
  • Ўзбекистон Республикаси Бош санитария врачининг қарорига мувофиқ профилактик эмлаш ўтказилиши шартлари олиб ташлангунига қадар ишдан четлатинг.

Ишдан четлаштирилган даврида ходимга иш ҳақи ҳисобланмайди. Бу МКнинг 113-моддаси 4-қисмида қайд этилган.

11. Ходимни имзо чектириб ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқ билан таништиринг. У имзо чекишдан бош тортса, бу ҳақда далолатнома тузинг. Ходимнинг ташкилот ҳудудига киришига йўл қўймаслик чораларини кўринг. Рухсатномалар билан ишга кириш йўлга қўйилган бўлса, ушбу рухсатномаларни блокировка қилинг.

12. Меҳнат дафтарчасига ходим ишдан четлаштирилганлиги тўғрисидаги ёзув киритилмайди. Ички ҳисоб юритилишини таъминлаш учун ушбу маълумотни Т-2 шаклидаги шахсий карточкада, масалан, «Қўшимча маълумотлар» бўлимида қайд этинг. Бундай маълумотлар, хусусан қуйидагиларни ҳисоблашда фойдалидир:

  • йиллик асосий таътилга чиқиш ҳуқуқини берадиган стажни;
  • касаллик варақаси бўйича тўловни.

13. Ходим ишдан четлаштирилган даврда иш вақтини ҳисобга олиш табелида, масалан, «НБ (ишга келмаган)» белгисини қўйинг.

14. Белгиланган муддатларда вакцина олмаган, шу жумладан қарши кўрсатмалари мавжуд бўлган ходимларга, агар меҳнат шартлари ва хусусиятлари имкон берадиган бўлса, масофавий ишлашга ўтишни тавсия қилинг».