Лизинг объектини қайтаришда ҚҚС ҳисоби қандай бўлади

preview

Лизинг олувчи лизинг шартномаси талабларини бажармади ва суд қарорига асосан лизинг берувчига лизинг объектини қайтарди. Иккала ташкилот – ҚҚС тўловчи. Ушбу хўжалик операциясида ҚҚС ҳисоби қандай бўлади, buxgalter.uz портали илтимосига биноан МВ билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи Баҳодир БОЙҚАБИЛОВ буни тушунтириб берди: 

 

– “Мол-мулкни лизингга бериш – бу товарларни реализация қилиш бўйича ҚҚС солинадиган  айланма . Молиявий ижара (лизинг) шартномалари бўйича операцияларни амалга оширишда ҚҚС бўйича солиқ базасини белгилашнинг ўзига хос хусусияти СКнинг 249-моддасида белгиланган.

 

Мол-мулкни лизингга бериш

Мол-мулкни лизингга беришда лизинг берувчининг солиқ базаси ҚҚСсиз барча даврий лизинг тўловларининг суммаси сифатида белгиланади (агар шартномада кўзда тутилган бўлса харид суммаси ҳам). Бунда лизинг берувчининг фоизли даромади чегириб ташланади.

СКнинг 246-моддасига мувофиқ солиқ солишдан озод этилган олиб кирилган технологик ускунани лизингга беришда солиқ базасини ускунани харид нархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқланг.

Мол-мулкни лизингга бериш бўйича хизматлар фоизли даромадлар олишга тааллуқли қисмида ҚҚСдан озод этилади. .

 

Лизинг олувчи лизинг объектини олишда ҳисобга олишнинг барча шартларига мувофиқ келган тақдирда ҚҚСни ҳисоб олишга ҳақли .

 

Лизинг объектини қайтариш

Шартнома талаблари бажарилмаганлиги туфайли лизинг объектини қайтаришда лизинг олувчи солиқ базасини қайтариш санасида у томонидан объект (ҚҚСсиз) учун тўланмаган лизинг тўловлари суммаси миқдорида белгилайди. Бунда лизинг олувчининг фоизли харажати чиқариб ташланади .

Лизинг олувчи мустақил равишда солиқ базасини белгилаши боис, у лизинг берувчи номига ҚҚС суммаси ажратилган ЭҲФ тақдим этади. Ушбу ЭҲФ асосида лизинг берувчи СК 266-моддасига мувофиқ ҳисобга олишнинг барча шартларига мувофиқ келган тақдирда ҚҚСни ҳисоб олишга ҳақли.

Мисол
Лизинг объектини муддатидан аввал қайтаришда ҚҚС суммасини аниқлаш

Лизинг олувчи лизинг шартномаси талабларини бажармади ва суд қарори  бўйича лизинг объектини қайтариб берди. У томонидан тўланмаган лизинг тўловлари суммаси 132 млн сўмни (ҚҚСсиз), шу жумладан - лизинг олувчининг фоизли харажати 20 млн сўмни ташкил этади.

Лизинг олувчида солиқ базаси 112 млн сўмни (132 – 20) ташкил қилади.

ҚҚС 16,8 млн.сўм (112 х15%)ни ташкил этади.