Текширувдан олдинги назорат - яна бир текширув турими ёки солиқ тўловчига ёрдам?

preview

ДСҚ ва Молия вазирлиги Солиқ кодексига текширувдан олдинги назорат тушунчасини киритишни таклиф қилишмоқда. Солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА buxgalter.uz илтимосига биноан ташаббусни англаб етишга ёрдам берди:

 

- Умуман текширувдан олдинги назорат, ҳозир СКнинг 138-моддасига киритилаётган нормалардан келиб чиқилса - бу тадбиркорлар учун қулай нарса.

Аввал белгиланиши бўйича, 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал текширув чоғида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмаслиги кўзда тутилган эди.

Текширувдан олдинги назорат туфайли тадбиркорлик субъекти ҳатто камерал текширувга ҳам тушмаслиги мумкин! Асосий шарт - текширувдан олдинги назорат чоғида аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабарнома олгандан эътиборан 10 кун ичида тадбиркор тузатилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши ёки аниқланган тафовутни асослаши керак.

Текширувдан олдинги назоратнинг аниқ ижобий жиҳатлари: солиқ органлари тадбиркорни ишдан чалғитмайди. Улар бинолар ва ҳудудларни кўздан кечиришни ўтказишмайди ва қуйидагиларни талаб қилиб олишмайди:

  • солиқларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бошланғич ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби регистрлари ва бошқа ҳисоб ҳужжатларини;
  • тақдим этилган солиқ ҳисоботи ва ҳисоб ҳужжатларига тушунтириш хатларини;
  • солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа маълумотни.

Текширувдан олдинги назорат тўлиқ автоматлаштирилган. ДСҚнинг ахборот тизимлари солиқ ҳисоботи ва солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа маълумотни таҳлил қилади.

Умуман, агар солиқ тўловчида ҳуқуқбузарликлар аниқланадиган бўлса ва Солиқ қўмитаси уни бу ҳақда хабардор қилган тақдирдагина, солиқ тўловчи унга нисбатан текширувдан олдинги назорат ўтказилганлигини билади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади