Е-ijara: нима учун ертўла ёки очиқ ер участкасини ижарага олиш мумкин эмас?

preview

E-ijara да ертўла хоналарини, шунингдек ТМЗни сақлаш учун фойдаланиладиган очиқ ер участкаларини ижарага олишни ҳисобга қўйиш имконсиз. Экспертларнинг якдил фикрига кўра, ишлаб чиқувчилар  ушбу жиҳатга етарли эътибор қаратишмаяпти. Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА ушбу масала бўйича ўз нуқтаи назари билан ўртоқлашди:

 

– “E-ijara фақат турар жой, офис ва омбор бинолари жойлашган биноларнинг майдонларига ижара шартномасини ҳисобга қўйиш имконини беради. Ертўла ва том - бу техник бинолар, улар кадастр ҳужжатларида ҳисобда турмайди. Дастур шундай тузилганки, уларни ижарага беришни E-ijara да ҳисобга қўйишнинг имкони йўқ. Ер участкалари билан ҳам шунга ўхшаш вазият юзага келган.

Амалий нуқтаи назардан бу - нотўғри. Кўп биноларнинг ертўла ва томлари кўпдан буён тижорат мақсадларида фойдаланилмоқда. Бунда рухсат берувчи ҳужжатлар - жойида. Ижарага олувчига бу объектнинг жойлашган жойи ва эҳтимол, нархи қулай бўлиши мумкин. Ижарага берувчига эса бу - қўшимча даромад манбаи: одатда кам кириладиган биноларни сақлашга харажатлар камроқ, бино доим озода ва саришта.

Солиқ тўловчилар ДСҚ E-ijara да қатор янги ечимларни ишга туширганида масала 2021 йил декабрь ойида ҳал бўлади, деб кутишганди, бироқ бундай бўлмади. Бу борада ҳеч қандай расмий тушунтиришлар ҳам йўқ. Ушбу масаланинг ҳал қилиниши номуайян муддатга қолдирилишини истамасдик.

E-ijara E-aktiv билан боғлиқликда ишлаб чиқилганди. Хусусан, сервис нормаларга риоя қилинишини назорат қилиш имконини беради, уларга асосан солиқ тўловчи моддий бойликларни ўзига тегишли бўлган ёки ижарага олган объектларда сақлаши мумкин. Лекин Молия вазирлиги ва ДСҚнинг 27.01.2022 йилдаги Ахборот хати чиқди - E-aktiv ни жорий этиш тўхтатиб турилибди, E-ijara хусусида - гап йўқ! Ҳатто энди E-ijara керак эмас, деб нотўғри тахмин қилиш мумкин.

Бунда 2022 йил 1 январдан кучга кирган нормаларни унутмаслик даркор, уларни ҳали ҳеч ким бекор қилмоқчи эмас:

  1. СКнинг 269-моддасида энди банд мавжуд, унга асосан ушбу товарлар солиқ органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки бепул фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланганда, илгари товарларни (хизматларни) олиш чоғида ҳисобга олиш учун қабул қилинган, олинган товарлар (хизматлар) бўйича солиқ суммасига тузатиш киритилиши лозим. Маълумки, E-ijara - бу ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйишнинг ягона усули.
  2. 22.09.2021 йилдаги 595-сон ВМҚнинг 3-банди “в” кичик бандида айтилишича, солиқ органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланаётган ТМЗлар қолдиқлари инвентаризациядан ўтказилмайди ва солиқ солиш мақсадларида “солиқ тўловчинингомборида мавжуд эмас” деб баҳоланади.

Бундан келиб чиқадики, сайёр текширув чоғида бино эгасида “ҳисобга олинмаган ашё” қайд қилинади, ижарага олувчида эса - камомад. Текширувчи учун - бу солиқ базасини яширганлик учун жарима солишга сабаб.

 

Нима қилиш керак

ДСҚ имкон қадар тезроқ техник ечимни таклиф қилиши ва мазкур масала бўйича расмий тушунтиришлар бериши керак, деб ҳисоблайман.

Назаримда, E-ijara нинг жорий этилиши билан шартномаларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш қоидаларини тартибга солувчи бутун норматив-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш зарурати келди. Хусусан - кўчмас мулк ижарасини тартибга солувчи ФК нормалари ва “Ижара тўғрисида”ги Қонун нормаларини.

Ҳозирги вақтда юридик шахслар учун бундай ҳужжат умуман йўқ. Жисмоний шахслар учун Кўчмас мулк ижара шартномаларини ДСХОларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида 3077-сон низом эса - эскирган, E-ijara ни ҳисобга олмайди.

Бунинг устига - IT-технологияларни жорий этишни ҳисобга олган ҳолда тартибга солиш лозим бўлган ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш бўйича масалалар  тўпланиб қолган. Мисол учун, агар ижарага берувчи - ижара шартномаси бўйича ЭҲФ тақдим этиш ҳуқуқига ва техник имкониятига эга бўлмаган жисмоний шахс бўлса, нима қилиш керак”.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади