Воситачи орқали экспорт қилинганда ҚҚС қандай ҳисобга олинади

preview

Корхона товарларни воситачи орқали экспорт қилганда, ҚҚС бўйича ҳисобга олишни қандай тўғри қўллашини buxgalter.uz илтимосига биноан «Норма» компанияси эксперти Ирина АХМЕТОВА тушунтириб берди:

 

– «Товарларни воситачи (комиссионер, ишончли вакил) орқали экспорт қиладиган бўлсангиз, сиз ҚҚСни ҳисобга олишда товарларни мустақил равишда экспорт қилганингизда қўллаган тартибни қўллайсиз. Бунда ҳисобга олиш тартиби «интизомли солиқ тўловчилар» тоифасига киришингиз ёки кирмаслигингизга боғлиқ бўлади .

Қуйидагилар интизомли солиқ тўловчилар деб эътироф этилади:

  • ўтган йил учун валюта тушумининг ўз вақтида келиб тушишини таъминлайдиган;
  • экспорт контрактлари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзи мавжуд бўлмаган солиқ тўловчилар.

Сиз интизомли солиқ тўловчи бўлсангиз, яъни санаб ўтилган иккала шартга ҳам мувофиқ келсангиз, ҳисобрақамингизга ёки воситачининг Ўзбекистон банкидаги ҳисобрақамига келиб тушган тушум миқдоридан қатъи назар, товарларни экспорт қилиш учун фойдаланилган товарлар (хизматлар) бўйича жами «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга қабул қилишга ҳақлисиз. Акс ҳолда келиб тушган валюта тушумидан улушда ҚҚС суммаси ҳисобга олинади.

Шунингдек воситачи реализация қилиш чоғида товар қийматига ҚҚС бўйича ноль даражали ставкани қўллайди, сабаби ўз товарини эмас, балки комитентнинг (ишонч билдирувчининг) товарини реализация қилади. Ўзи қўллайдиган солиқ солиш тизимига мувофиқ ўзининг воситачилик ҳақи суммасига ҚҚС солади (ёки солмайди).

Эътибор беринг

Ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚС суммасини ҳисоб-китоб қилишда, воситачилик шартномасида назарда тутилган ҳисоб-китоб шартларидан қатъи назар, харидорлардан келиб тушган жами валюта тушуми суммасини ҳисобга олинг.

Ушбу суммани тасдиқлаш учун воситачи комитентга (ишонч билдирувчига) унинг банкдаги ҳисобрақамига валюта тушуми келиб тушганлигини тасдиқловчи банкдан кўчирмани тақдим этиши лозим.

 

Келиб тушган валюта тушуми улушида ҚҚС қандай ҳисобга олинади

Вазиятни шартли мисолларда кўриб чиқамиз.

ҚҚС тўловчиси бўлган корхона экспортга маҳсулот ишлаб чиқаради ва воситачи орқали реализация қилади. Корхона ишлаб чиқариш учун материалларни импорт қилган, уларни божхонада расмийлаштириш чоғида 15 000 минг сўм миқдорида ҚҚС тўлаган. 

Корхона инсофли солиқ тўловчилар тоифасига киритилмаган, шу боисдан товарларни экспорт қилиш учун фойдаланилган товарлар (хизматлар) бўйича «кирувчи» ҚҚСни келиб тушган валюта тушумларидан улушда ҳисобга қабул қилади.

Ҳисобот ойида маҳсулотни экспортга реализация қилишдан олинган, ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган тушум воситачининг ҳисоботига кўра 30 000 АҚШ долларини ташкил этган. Бунда воситачининг банкдан кўчирмаларига мувофиқ ҳисобот ойининг сўнгги кунида харидорлар томонидан фақат 24 000 АҚШ доллари, яъни тушум суммасининг 80%и (24 000 : 30 000 х 100) тўланган. Комитентнинг банкдаги ҳисобрақамига воситачилик ҳақини чегириб ташлаган ҳолда 21 600 АҚШ доллари келиб тушган. Бунга қарамай, комитент келиб тушган тушум улушини ҳисоб-китоб қилишда 24 000 АҚШ долларини ҳисобга олиши лозим. Бинобарин, у 12 000 минг сўм (15 000 х 80%) миқдоридаги «импорт» ҚҚСни ҳам ҳисобга олиши керак.

ҚҚС бўйича ҳисоботда воситачи орқали товарларни экспорт қилиш қуйидагича акс эттирилади (юклаб жўнатиш кунида МБ томонидан белгиланган АҚШ долларининг шартли курси – 10 000 сўм):

  • ҳисобот ойида товарларни экспортга реализация қилишдан келиб тушган валюта тушуми реализация қилиш чоғидаги МБ курси бўйича сўмда (300 000 минг сўм) – ҚҚС ҳисоб-китобига 2-илованинг 041-сатрида;
  • валюта тушуми хорижий валютада (йил бошидан буён ортиб борувчи якун билан акс эттирилади) (агар йил бошидан буён экспорт бўйича бошқа операциялар амалга оширилмаган бўлса, 30 000 АҚШ доллари) – ҚҚС ҳисоб-китобига 6-илованинг 01041-сатрида; 
  • йил бошидан буён товарларни экспорт қилишдан келиб тушган хорижий валютадаги валюта тушуми (агар йил бошидан буён экспорт бўйича бошқа операциялар амалга оширилмаган бўлса, 24 000 АҚШ доллари) – ҚҚС ҳисоб-китобига 6-илованинг 01042-сатрида;
  • товарларни экспорт қилишдан келиб тушмаган валюта тушуми реализация қилиш чоғидаги МБ курси бўйича сўмда (йил бошидан буён ортиб борувчи якун билан акс эттирилади) (агар йил бошидан буён экспорт бўйича бошқа операциялар амалга оширилмаган бўлса, 60 000 минг сўм) – ҚҚС ҳисоб-китобига 6-илованинг 01043-сатрида.

Тушумнинг қолган қисми (6 000 АҚШ доллари) кейинги солиқ ҳисоботи даврларида келиб тушганда, корхона уни ҚҚС ҳисоб-китобига 6-илованинг 01042-сатрида кўрсатади».

Эътибор беринг
Товарларни экспорт қилишда фойдаланилган товарлар (хизматлар) бўйича «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлган интизомли солиқ тўловчилар, валюта тушуми келиб тушиши далилига қарамасдан, ҳисоботни худди шундай тўлдирадилар. Бунда улар томонидан ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илованинг 04033-сатрида ҳисобрақамга келиб тушмаган валюта тушуми бўйича ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚС суммаси кўрсатилади.