Норезидентнинг ишга тушириш-созлаш ишларига ҚҚС солинадими

preview

Қурилиш-монтаж трести Россия компанияси билан ишларни бажаришга доир контракт тузди. Трест, бош пудратчи сифатида, “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида объектни қуриши, импорт ускунани сотиб олиши ва уни ўрнатиши керак. Ускунани (РФ) етказиб бериш юзасидан тузилган $38 200 суммадаги импорт контракти қийматига у бўйича ишга тушириш-созлаш ишлари киритилган ($6 130). Мазкур ишга норезидентнинг хизматлари сифатида ҚҚС солинадими?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

– “Ҳа, солинади.

Хизматлар импортига ҚҚС солиғи солиш Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилишига боғлиқ.

Умумий қоидага кўра, башарти бундай хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, Ўзбекистон ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади .

Агар хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида юридик шахсни (унинг филиалларини ёки ваколатхоналарини) давлат рўйхатидан ўтказиш асосида ҳақиқатда ҳозир бўлса, у ҳолда хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилади.

Давлат рўйхатидан ўтказилмаган тақдирда, харидорнинг Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда ҳозир бўлиши қуйидагилар асосида аниқланади:

  • юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жой;
  • уни бошқариш жойи;
  • унинг доимий муассасаси жойлашган ер (агар хизматлар ушбу доимий муассаса орқали олинган бўлса).

 Агар бу Ўзбекистон бўлса, реализация қилиш жойи ҳам Ўзбекистон бўлади .

Бундан ташқари, реализация қилиш жойини аниқлашнинг алоҳида ҳоллари СКнинг 241-моддаси 3-қисмида кўрсатилган. Жумладан, агар хизматлар республика ҳудудида турган кўчмас мол-мулк билан бевосита боғлиқ бўлса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Бундай хизматлар жумласига, хусусан, ишга тушириш-созлаш ишлари киради .

Бунда ФКнинг 83-моддасига асосан кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради. Қонунда бошқа мол-мулк ҳам кўчмас мол-мулк қаторига киритилиши мумкин.

Агар кўчар мол-мулк билан бевосита боғлиқ бўлган хизматлар (транспорт воситаларини ижарага бериш бундан мустасно) ҳақиқатда республикамиз ҳудудида амалга оширилса, у ҳолда Ўзбекистон ишга тушириш-созлаш бўйича хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади.

Бундай хизматлар жумласига,  кўчар мол-мулкни монтаж қилиш, созлаш, йиғиш, ишлов бериш, қайта ишлаш, таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш, сақлаш киради.

Шу тариқа, агар норезидент кўчмас мулк ёки кўчар мулк билан боғлиқ ишга тушириш-созлаш ишларини Ўзбекистон ҳудудида бажарса, Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. ҚҚСни тўлаш бўйича мажбурият юзага келади”.