Текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича хабарнома олсангиз

preview

ДСҚ солиқ тўловчиларга текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича хабарномалар йўллади. Бундай хат олганлар нима қилишлари лозимлигини buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

 

– Солиқ тўловчи СКнинг 138-моддасига мувофиқ ҳаракат қилиши керак.

Хабарномаларда ДСҚ солиқ ҳисоботи ва солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа маълумотларда аниқланган тафовутлар ҳақида хабар беради. Жавоб тариқасида солиқ тўловчи хабарнома олинган кундан эътиборан 10 кун ичида аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт.

Умуман, қўл қовуштириб туришга вақт йўқ, солиқ тўловчилар  бундай хабарномага тўғри муносабат билдиришлари керак.

 

Нега ҳисоб-китобларни қайта топширишга тўғри келади

Бухгалтерия ёки маълумотларни базага киритиш учун масъул бўлган бошқа шахс томонидан компьютерда териш ёки ёзувда йўл қўйилган  яққол хатоларни гапирмаймиз. Бу ерда ҳаммаси аён: хатони тўғирлашга тўғри келади. Лекин анча мураккаб бўлган бошқа вазиятлар ҳам мавжуд, уларни ҳал қилишда солиқчиларнинг иштироки талаб қилинади. Энг кўп тарқалган муаммолардан бири - яхлитлаш - вергулдан кейин кўп белгилар ҳосил бўлгандан кейин муқаррар бўлган энг оддий операция.

Эътибор беринг, хабарномаларда ижрочи ва тафсилотларни аниқлаштириб олиш учун телефон рақами кўрсатилмаган. Бу хулосаларнинг муаллифи - солиқ органларининг ахборот тизими, компьютер эканлигидан далолат беради. Барчаси Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ келади, текширувдан олдинги таҳлил - бу автоматлаштирилган таҳлил.

Бу нега кўп хабарномалар боқимондага бағишланган, деган саволга қисман жавоб бўлади. Айрим ҳолларда бу бир неча сўм миқдорида тўлиқ тўланмаган тўловдир. Бироқ, бир йилда яхлитлаш натижасида талай сумма йиғилиб қолганига мисоллар бор. Мисол учун, менинг қўлимда аниқ ҳолат - 58 млн сўм миқдорида қўшимча ҳисоблаш мавжуд. Буларнинг барчаси яхлитлаш, аниқроғи - солиқ ҳисоботини шакллантиришда бу жараёнга бирхиллаштирилган ёндашувнинг мавжуд эмаслиги оқибатидаги йўқотишлар.

Хабарномага жавоб тариқасида ҳар қандай ҳолда ҳисоботни қайта топшириш ва қўшимча солиқ тўлашга тўғри келади. Бунда келажак ҳар доим ҳам солиқ тўловчига боғлиқ бўлмайди: ҳатто у тажрибадан сабоқ олган тақдирда ҳам, у ҳар доим ҳам катта томонга яхлитлай олмайди, сабаби ушбу жараён бугунги кунда аксарият ҳолларда автоматлаштирилгандир.

Шубҳасиз, солиқчилар ҳам ҳисоботнинг барча шакллари ва ДСҚ ахборот тизимларида қўлланиладиган яхлитлаш тартибини бирхиллаштиришлари ва уни солиқ тўловчилар эътиборига етказишлари керак.

Мисол учун, ҚҚС бўйича ҳисоботда ҳисобга олишнинг мутаносиб усулида имтиёз бутун рақамгача яхлитланади. Натижада солиқ солинадиган айланма бузиб кўрсатилади, чиқувчи ҚҚС ошади ва йил якуни бўйича реестрга тўғри келмайди. Бу талай сумма бўлади.

 

Қачон формулаларни қайта ишлаш лозим

Менинг мижозимда эса ўзгача вазият: “Бугун айланмадан олинадиган солиқ бўйича текширувдан олдинги назорат юзасидан хабарнома келди. Улар банк бўйича киримни олиб, реализацияни айириб ташлашган ва фарққа 4% солиқ ҳисоблашган. Бунда - қарз бўйича ва устав фондини кўпайтириш учун тушумлар бўлганини ҳисобга олишмаган”.

Шу каби вазиятларда ҳиссиётга камроқ берилишни маслаҳат бераман. Солиқ тўловчи солиқ органига далиллар билан асослантирилган жавоб йўллаши керак. У СК нормаларига мувофиқ ҳисоб-китобни амалга оширган ва солиқни тўлаган, инспекцияга жавоб хатида мана шуни батафсил баён этиши лозим. Солиқчилар бундай тушунтиришни қабул қилишади ва сизга бошқа эътирозлар бўлмаслиги керак.

Бироқ, солиқчиларга ҳам мулоҳазалар мавжуд. Мазкур вазиятда амалий вазиятни ҳисобга олган ҳолда формулани қайта ишлаш лозимлиги шубҳасидир. Акс ҳолда бундай ёзишмалар ҳеч қачон тугамайди: солиқ органи ва солиқ тўловчи бир-бирига айни бир нарса ҳақида чексиз ёзишади.

 

Солиқчиларнинг мантиқий фикрини қандай тушуниш керак

Ўқувчилар эътиборини яна бир жиҳатга қаратмоқчиман. Хабарномани ўқиётганда нега бундай баҳо берилганлиги ҳақидаги фикрни ҳар доим ҳам дарҳол тушунмайсиз. Солиқчилар бундай вазиятни эътиборга олишган ва бизга компьютер нима учун бундай ҳисоб чиқарганлиги юзасидан тушунтириш олиш имкониятини тақдим этишган. Бунинг учун ҳавола бўйича ўтиш ва хато берган формулаларни юклаб олиш зарур.

Ушбу ахборотни ўзингизда сақлаб қўйсангиз мақсадга мувофиқ бўлади, чунки вақти-вақти билан у йўқолиб қолади. Масалан, жума куни бундай ахборот чиққан. Бугун эса эрталабдан ундан фойдаланиш имконияти бўлмади. Мен эса жума куни формулалар йўқолиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйламаганимдан афсусландим! Бироқ бугун тушга яқин ушбу ахборотдан яна фойдаланиш имконияти пайдо бўлди ва бу жуда яхши - ишлаш учун бирор нарса бор. Бунда, агар сиз юклаб олинган формулани олиб қўйган бўлсангиз, у билан ишлашдан олдин яна бир бор сайтга назар солинг. Солиқчилар қандайдир ўзгартиришлар ёки тузатишлар киритган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.

Солиқ тўловчилар, ҳеч бўлмаганда, дастлабки вақтларда бундай хато хулосалар кўп бўлишига тайёр туришлари лозим. Уларнинг кўпи дастурга киритилган формулалар ҳаётдаги барча вазиятларни ҳисобга олмаслиги туфайли пайдо бўлади.

Яна амалиётдан вазиятлар:

  • хабарномадан маълум бўлишича, солиқ тўловчи асосий воситаларнинг эскириши бўйича чиқимларни ошириб юборган. Формулани ўрганиш асносида биз бундай фарқ қаердан келиб чиққанини кўрдик. Молиявий ҳисоботдан “эскириш бошига” ва “эскириш охирига” сатрлари маълумотларидаги фарқ олинган. Уни фойда солиғи бўйича ҳисобот маълумотлари билан солиштиришган ва натижани олишган. Бироқ ушбу формула фақат корхонада бир йил давомида асосий воситаларнинг ҳаракати бўлмаган, яъни ҳеч нарса харид қилинмаган ва сотилмаган вазиятлар учун яхшидир. Акс ҳолда тизим йўқ жойдан хатони кўрсатади;
  • печенье ишлаб чиқарувчида ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисобот маълумотлари фойда солиғи маълумотларига мос келмади. Ишлаб чиқариш корхонаси учун бу - мутлақо нормал ҳолат, сабаби унинг омборида қолдиқлар бор, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, сотиш мавжуд. Бундай вазиятларда ушбу иккита ҳисоботда ўзаро мос келиш ҳеч қачон бўлмайди, формулани қайта ишлаш зарур.

Солиқ тўловчиларнинг жавоблари солиқчиларга формулани такомиллаштиришда ёрдам беради, деб умид қиламан. Бир-икки ойдан сўнг унда хатолар бўлмайди.

  Олег ГАЕВОЙ тайёрлади