Ходимга автомобиль совға қилишди: ҳисоб ва солиқ оқибатлари

preview

“МЧЖ раҳбарияти энг яхши ходимларидан бирини рағбатлантиришни - унга автомобиль совға қилишни истайди. Ушбу автомобиль балансда асосий восита сифатида ҳисобда турибди. Бу вазиятда қандай ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлиши керак?  Корхона ва ходимда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

Саволларга “Норма” эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди:

 

Ҳужжатларни расмийлаштириш

– Автомобилни корхона балансидан ходимга беришни ҳадя шартномаси ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштиринг. Ҳадя шартномасини нотариал тарзда тасдиқланг. Ушбу норма ФКнинг 504-моддасида белгиланган. Битимни нотариал тарзда расмийлаштириш учун давлат божлари 06.01.2020 йилдаги ЎРҚ-600-сон Қонун билан тасдиқланган.

Шунингдек, йирик битим каби тушунча мавжудлигини ёдда тутиш жоиз. Қонунда белгиланишича - “Агар жамиятнинг уставида йирик битимларнинг анча катта миқдори назарда тутилган бўлмаса, бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган жамият мол-мулки қийматининг 25%идан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни жамиятнинг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки жамият бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим йирик битим деб ҳисобланади”. Йирик битимни тузиш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Бинобарин, агар балансдан автомобилнинг чиқиб кетиши йирик битим юзага келишига олиб келса, бу ҳақдаги қарор таъсисчилар томонидан қабул қилинади.

 

Юридик шахслар

Корхонада автомобилни бериш пайтида СКнинг 298-моддаси нормаларини ҳисобга олган ҳолда асосий воситанинг чиқиб кетишидан олинган “бошқа” даромад юзага келиши мумкин (2021 йил 1 январга қадар мажбурий бўлган жамланган қайта баҳолаш ҳисобига).

Агар сиз - фойда солиғи тўловчиси бўлсангиз, ушбу даромадни жами даромад таркибига киритинг   ва Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 050-сатрида акс эттиринг.

Агар автомобилнинг чиқиб кетиши бўйича операция зарар кўрилишига олиб келса, у чегирилмайдиган харажат ҳисобланади, сабаби у даромад олишга қаратилган фаолият билан боғлиқ бўлмайди .

Бундан ташқари, корхонангиз совға суммасига чегирилмайдиган харажатни эътироф этиши керак . Шу боис ушбу ҳолатни Ҳисоб-китобга 2-иловада - 0118-сатрда, 3 ва 4-устунларда ҳам акс эттиришни унутманг.

ҚҚС ҳисоб-китоби мақсадларида асосий воситани (автомобилни) бепул асосда (ходимга совға қилиш) бериш - бу реализация қилиш бўйича айланма .  ҚҚС бўйича солиқ базаси бепул беришда берилаётган мол-мулкнинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади :

  • ўзининг нархга доир маълумотлари (прайс-варақлар) бўйича;
  • ахборот-нарх агентликлари маълумотларидан;
  • ОАВдан олинган маълумотлардан;
  • биржа хабарларидан;
  • ДБҚ ташқи савдосининг божхона статистикасидан;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда нархларни белгилаш учун нормативларни ўрнатадиган ваколатли органларнинг маълумотларидан.

Агар бозор қиймати кўрсатиб ўтилган манбаларда турлича бўлса, солиқ солиш мақсадларида уларнинг ўртача қийматини инобатга олинг .

Агар бозор қийматини бундай тартибда аниқлашнинг имконияти бўлмаса, у баҳолаш ташкилотининг хулосаси асосида ёки харажатларни индексация қилиш усулидан фойдаланган ҳолда аниқланади.

Ходимга автомобилни бериш пайтида бир томонлама ЭҲФ ёки ходимнинг талабига биноан - стандарт тарздаги икки томонлама ЭҲФ расмийлаштириш зарур, агар ходимда шахсий ЭРИси мавжуд бўлса. ҚҚС ҳисоб-китоби (хусусан - ҚҚС ҳисоб-китобига 1 ва 4-иловалар (2-жадвал - Сотишлар реестри) ЭҲФда акс эттирилган маълумотлар асосида автоматик тарзда тўлдирилади.

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларда юридик шахснинг даромади:

  • жами даромад таркибига киритилади ;
  • ЭҲФ орқали Ҳисоб-китобга 1-илованинг 04011-сатрида автоматик тарзда акс эттирилади (бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг);
  • солиқ тўловчининг ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича умумий жами даромадларидаги улуши устунлик қиладиган фаолият тури учун белгиланган солиқ ставкаси бўйича солиқ солинади .

 

Жисмоний шахснинг даромади

Корхонадан совға тариқасида олинган автомобиль қиймати - бу ходимнинг ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромади .

Имтиёз ҳам мавжуд - солиқ даври (календарь йил) мобайнида МҲЭКМнинг 2,11 бараваригача бўлган қийматга солиқ солинмайди .

Совға суммасига ижтимоий солиқ солинмайди, чунки меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар жумласига кирмайди.

Ходим томонидан олинган товарлар (хизматлар) қиймати ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олиш нархидан ёки таннархидан келиб чиқиб, акциз солиғини (акциз тўланадиган товарлар бўйича) ва ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда аниқланади .

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботида совға қийматини ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг 012-сатрида, Ҳисоб-китобга 6-иловада, шунингдек ЖШДС бўйича қўлланган имтиёз суммасини (МҲЭКМнинг 2,11 бараваригача) - Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0301....-сатрида акс эттиринг.

 

Бухгалтерия ўтказмалари

Шартли мисолда бухгалтерия ҳисобида ходимга автомобилни совға сифатида бериш қандай акс эттирилишини кўриб чиқамиз. Мисол тариқасида, автомобилнинг қолдиқ қиймати ҚҚС билан унинг бозор қийматига мувофиқ келади, деб оламиз.

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

Сумма

Дебет

Кредит

Чиқиб кетган автомобилнинг бошланғич қийматини ҳисобдан чиқариш

9210

0130

22 850 000

Чиқиб кетган автомобиль бўйича жамланган эскириш суммасини ҳисобдан чиқариш

0230

9210

6 170 000

Қайта баҳолаш сальдосини ҳисобдан чиқариш

8510

9210

3 747 007

Автомобилни совға тариқасида бериш акс эттирилди

(22 850 000 – 6 170 000)

4790

 

 

9210

16 680 000

ҚҚС ҳисобланди

(16 680 000 х 15%)

6410

2 502 000

Чиқиб кетишдан - автомобилдан олинган фойда акс эттирилди

(6 170 000 + 3 747 007 + 16 680 000) – 22 850 000))

9210

9310

3 747 007

Ходимга совға суммасига (ҚҚС билан) моддий наф тарзидаги даромад ҳисоблаш акс эттирилди (16 680 000 + 2 502 000)

9430

6731*

19 182 000

Ходимнинг қарзи ҳисобланган даромад билан сўндирилди

6731

4790

19 182 000

Ходимнинг жами даромадидан ҚҚС суммасини ҳисобга олган, имтиёзли суммани - МҲЭКМнинг 2,11 бараварини айирган ҳолда совға қийматидан ЖШДС ушлаб қолинди ((19 182 000 – 2,11 х 822 000) х 12%)**

6710

6410

2 093 709,6

* Айланмаларни 6700-счёт бўйича батафсил ҳисобга олиш учун, масалан, 6731-«Моддий наф тарзидаги даромадлар – совғалар» ёрдамчи счётини қўшишни тавсия қиламиз;

**Ходимнинг ҳисобланган иш ҳақи ушлаб қолишларнинг жами ҳажми бўйича мавжуд чекловларни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ушлаб қолиш учун етарли бўлиши керак.

Якунда шуни қайд қиламиз: агар корхона аввалбошда автомобилни таъсисчи ёки директор учун харид қилса, яъни - тадбиркорлик фаолияти учун харид қилинмаса, солиқ хатарини минималлаштириш учун қуйидагиларни тавсия қиламиз:

  • автомобилни корхона ҳисобидан харид қилиш чоғида ушбу хўжалик операциясини аввалбошдан моддий наф деб эътироф этиш;
  • ёки - таъсисчи ёки директорга фоизсиз қарз бериш ва кейинчалик дивидендлар ҳисобига ёки иш ҳақидан ушлаб қолиш билан сўндириш.