Компаниянгиз Tax-Free тизими иштирокчиси бўладими

preview

2023 йил январда Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропортлари ҳудудида Tax-Free тизимининг ҚҚС суммасини қайтариш бўйича дастлабки тажриба шохобчалари очилади. 2022 йил 1 августга қадар эса ушбу тизимга кириш истагини билдирган Ўзбекистоннинг юридик шахслари билан шартномалар тузиш тартиби ва шартлари ишлаб чиқилган бўлиши керак.

НҲҲ лойиҳаси тизимга кириш шартлари билан ҚҲТБТда жойлаштирилган. Тафсилотлар - buxgalter.uz шарҳида:

 

Tax-Free доирасида ҚҚСни қайтариш бож олинмайдиган савдо дўконларидан (Duty Free) харид қилинган товарлар, акциз тўланадиган товарлар, автомобиллар ва хизматларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шунингдек, ҚҚС суммалари товарлар тўлиқ ёки қисман ишлатилган ҳамда асл ўрами билан бирга бўлмаган товарлар учун қайтарилмайди.

Tax-Free тизимида савдо қилувчи ташкилотлар рўйхатига кириш учун юридик шахс қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлиши керак:

  • чакана савдо соҳасида 2 йилдан ортиқ фаолият кўрсатаётган бўлиши;
  • ҚҚС тўловчиси деб эътироф этилган бўлиши;
  • ДСҚга мурожаат қилган санада солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги.

Tax-Free тизими оператори (чет эл фуқароларига дўконлардан - Tax-Free иштирокчиларидан харид қилинган товарлар учун бевосита ҚҚСни қайтарадиган офис) бўлиш учун:

  • Ўзбекистон ҳудудида жойлашган кўчмас мулкка эга бўлиши;
  • харид чекларини сақлаш учун сертификатланган аппарат воситалари ўрнатилган ва алоқа воситаларига эга бўлиши;
  • камида 3 нафар, шундан ахборот технологиялари, молия-иқтисодиёт, солиқ ёки бухгалтерия соҳаларида олий маълумотга эга бўлган бир нафар мутахассисга эга бўлиши лозим.

Лойиҳани муҳокама қилиш 2022 йил 15 апрелга қадар давом этади.

 

Сизга қуйидаги тавсиялар фойдали бўлиши мумкин:

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади