Солиқ ҳисоботи шаклларида нималарни такомиллаштириш керак

preview

17 апрель куни ҚҲТБТда солиқ ҳисоботи ва декларация шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича лойиҳани муҳокама қилиш якунланди. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА солиқ органлари ушбу янги шакллар устида яхши ишлашди, деб ҳисоблайди. Бунда таклиф мавжуд - уларни ҳам солиқ тўловчилар учун, ҳам солиқчилар учун янада ахборот берувчи ва қулай қилиш. 

 

Фойда солиғи 

– Трансферт нархни белгилаш, иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш бўйича сўнгги қарорлар солиқ ва бухгалтерия ҳисоби янада фарқланишига имкон берди. Бугунги кунда бу параллел равишда олиб бориладиган деярли иккита ҳисобдир. Бироқ янгиланган шаклларда фақат солиқ ҳисоби маълумотларидан фойдаланилади.

Агар фойда солиғи бўйича шаклларда бухгалтерия ҳисоби маълумотлари учун устунлар қўшилса (яъни ҳисоб-китобда ҳам солиқ, ҳам бухгалтерия ҳисоби маълумотлари кўриниши учун), бу солиқчиларга корхонада рўй бераётган манзарани анча тўлиқ намоён қилади. Оқибатда, солиқ органлари томонидан хабарномалар ва талабномалар камроқ бўлади, сабаби ниманидир қўшимча равишда аниқлаштириш талаб қилинмайди. Натижа - солиқ маъмуриятчилигига чиқимлар камаяди.

Ҳисоб-китобга 2-иловада моддий харажатларнинг эски гуруҳланиши сақланиб қолган. Ишлаб чиқариш, қурилиш ва умумий овқатланиш корхоналари учун “ишлаб чиқариш таннархи ва давр харажатлари” принципидан келиб чиқиб, уларни қайта гуруҳлаш қулай бўларди. Бу муаммо ДСҚ солиқ тўловчиларга текширувдан олдинги назорат натижалари бўйича хатлар йўллагандан сўнг долзарб бўлди. ДСҚ дастурига киритилган формулалар товарлар қолдиғини ушбу сатрларни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқади. Катта фарқ ҳосил бўлади, чунки бухгалтерия ҳисобида ТМБлар таннархи қўшимча хизматларни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади ва ушбу норма СКнинг 298-моддаси ва СКнинг 305-моддасида ёзилган. Афсуски, айнан бу борада шакллар қайта ишланмаган.

 

Курсдаги фарқлар 

Солиқ маъмуриятчилигининг қўлланиладиган қоидалари курсдаги фарққа ЭҲФ тақдим этишни назарда тутади. Назаримда бу - нотўғри, сабаби курсдаги фарқ - бу реализациядан ташқари даромад, бу товар ҳам эмас, хизмат ҳам эмас. Шу билан бирга, мавжуд амалиётда пухта ишланмаган жиҳатлар бор, улар айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот юзасидан муаммоларга олиб келади. Хусусан - ўсиб борувчи якун билан ижобий фарқнинг салбий фарқдан ошиши. Тузатиш киритиш учун қўшимча салбий ЭҲФ тақдим этиш мантиқли бўлади, бироқ бундай имконият мавжуд эмас. Ушбу масала СКнинг 320-моддасини ҳисобга олган ҳолда пухта ишланиши лозим.

Муаммони ҳал қилишнинг 2 та вариантини таклиф қиламан:

1) курсдаги фарққа ЭҲФ тақдим этиш амалиётини бекор қилиш, Фойда солиғи ҳисоб-китобидаги тегишли сатрни эса қўлда тўлдириш учун очиқ қолдириш. Яъни буни аввалгидек - ҳисобварақ-фактурлар тақдим этиш қоидалари жорий этилгунга қадар бўлганидек бажариш лозим;

2) агар курсдаги фарққа ЭҲФни қолдирсак, у ҳолда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш зарур. СКнинг 47-моддаси, СКнинг 463-моддаси ва 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илованинг 6-бобига ўзгартиришлар киритиш лозим. Шундан кейингина Фойда солиғи ҳисоб-китобида ушбу сатрни автоматик тарзда тўлдиришни жорий этиш зарур.

Бундан ташқари, 2022 йил 1  январдан бошлаб бўнаклар бўйича курсдаги фарқлар СКнинг 320-моддасига мувофиқ жами даромадга киритилмайди. Бироқ СКнинг XX бўлимида айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун бу ҳақда ҳеч қаерда айтилмаган. Бинобарин, СКнинг 463-моддасига ҳам ўзгартиришлар киритиш зарур.

 

Онлайн-НКМ ва маркетплейс

Солиқ тўловчилар илгаригидек айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС ҳисоб-китобларида онлайн-НКМ орқали сотишларни акс эттиришда муаммоларга дуч келишмоқда. Сабаби оддий - онлайн-НКМ тизимида кўплаб кенг тарқалган операцияларни тўғри акс эттириш учун махсус функционал мавжуд эмас. Улардан баъзиларини айтиб ўтаман:

  1. Кассир хато тарзда бошқа тугмага босиб юборди ва сотиш чеки ўрнига қайтариш чекини урди. Буни кейинги ойнинг бошида, ҳисоботни топширишга тайёргарлик кўриш чоғида аниқлашди. Қайтариш чекини тезкор равишда сотиш чекига ўтказиш имконини берадиган тузатиш киритиш функционали мавжуд эмас. Солиқ тўловчи фискал маълумотлар операторига ёзма равишда мурожаат қилди, бироқ ҳозирча натижа йўқ.
  2. Таълим муассасаларида тўловни қабул қилиш. Онлайн-НКМ тизими бўнакни, масалан бир йил учун қабул қилиш, кейинчалик эса тўловни кўрсатилган хизматлар ҳолати бўйича ойма-ой ёпиш имконини бермайди. Мижоз ўқишдан кейин бир неча ой учун тўловни амалга оширганда ҳам худди шу вазият юзага келади. Шундай қилиш керакки, шу каби ҳолатларда тизим автоматик тарзда тўловни ойларга киритсин (ажратсин) ва ўтган ой учун ҳисоботдан ўтказсин.
  3. Совға сертификатларини (ваучерларни) қўллаган ҳолда сотиш. Харидор ваучерда кўрсатилган миқдордан кўпроқ суммага харидни амалга оширган, яъни шахсий маблағлари ҳисобидан қўшимча ҳақ тўлаган вазиятлар учун қоидалар ва техник ечим зарур.

Бу - ҳал қилинмаган жиҳатларнинг тўлиқ рўйхати эмас. Фискал маълумотлар оператори ушбу рўйхатни давом эттириши мумкин. Ушбу масалалар бўйича ечимлар имкон қадар тезроқ пайдо бўлишини хоҳлардик. Дастурчилар бу борада ишлаётган айни пайтда солиқ тўловчиларга бундай айланмаларни қандай тўғри акс эттириш юзасидан солиқ органларининг расмий тушунтиришлари зарур.

Шунингдек, энди маркетплейс орқали сотишлар ҳам ҳисоб-китобдан автоматик тарзда ўтиши эълон қилинган. Демак, товар воситачилик шартномаси бўйича сотилган бўлса, имтиёзли товар реализация қилинаётган бўлса ва бошқа вазиятларда нима қилиш кераклиги борасида батафсил йўриқномалар зарур.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади