Айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар салбий курс фарқи юзага келганда нима қилиши керак

preview

2022 йил март ойидаги сўмнинг кескин қадрсизланганидан кейин узлуксиз равишда мустаҳкамланиши айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботларида салбий курс фарқини акс эттиришда муаммоларни юзага келтирди. Молиявий маслаҳатчи Анвар РЎЗМАМАТОВ (ACCA DipIFR, CAP) buxgalter.uz илтимосига биноан, солиқ тўловчилар бундан кейин ҳам салбий курс фарқига ЭҲФ тақдим эта олишмаса, мазкур вазиятдан қандай чиқишлари мумкинлигини айтиб берди:

 

– СКнинг 463-моддасига мувофиқ баланснинг валюта ҳисобварақларини қайта баҳолаш чоғида курсдаги ижобий ва салбий фарқлар ўртасидаги сальдога айланмадан олинадиган солиқ солинади. 2022 йилдан бошлаб ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошган суммаси ҳисоботда бир томонлама ЭҲФ тақдим этиш йўли билан акс эттирилади.

Март ойига қадар вазият шундай бўлганки, фақат ижобий курс фарқи юзага келган. Ҳисобварақ-фактураларни тақдим этишда ҳам муаммолар бўлмаган.

Март ойидан кейин мана 2 ойдирки миллий валюта узлуксиз равишда мустаҳкамланиб бормоқда. Мазкур ҳолатда салбий курс фарқига ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш мантиқан тўғри бўлади. Бироқ бунинг иложи йўқ, сабаби ЭҲФ тизими буни амалга оширишга имкон бермайди. Натижада солиқ тўловчилар тўғри ҳисобот топшира олмайдилар.

Афсуски, бугунги кунда ЭҲФ тизими курс фарқини акс эттириш масалаларида замон талабига тўғри келмайди. Давлат солиқ қўмитаси юзага келаётган вазиятга эътибор қаратиши ва уни ҳал этиш учун техник имкониятларни тақдим этиши лозим деб ўйлайман. Энг оддий ва мақбул усул салбий курс фарқига ЭҲФ тақдим этиш имкониятини яратиш бўлса керак. Бу валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошган қисмини ортиб борувчи якун билан тўғрилаш имконини беради.

 

Ҳозирда солиқ тўловчи нима қилиши керак

Бюджетга солиқ қанча тўланиши лозим бўлса, шунча тўлашнинг учта йўли бор:

1. Солиқ даври тугашини кутиш лозим. Кейинги ҳисобот даврларида валюта ҳисобварақлари бўйича салбий курс фарқи суммасидан ижобий курс фарқи суммаси ошиб кетиши ва бунда ҳаммаси ўз-ўзидан изга тушиб, тўғриланадиган вазият бўлиши мумкин.

2. Ижобий курс фарқи суммасининг салбий курс фарқи суммасидан ошиш ҳолати юз берган аввалги ой (масалан, 2022 йил март) учун тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактурани шундай тақдим этиш керакки, натижада ортиб борувчи якун тўғри бўлиб чиқсин.

3. Салбий курс фарқи суммасидан ижобий курс фарқи суммаси ошганлиги кўрсатилган охирги ЭҲФ (масалан, 2022 йил март ойи)га жорий ойда ортиб борувчи якун тўғри чиқадиган қилиб, қўшимча ҳисобварақ-фактура тақдим этиш.

Учала вариант ҳам – бу вазиятдан чиқишнинг мажбурий чораси. Солиқ тўловчилар нималарнидир «ўйлаб топишлари» керак эмас, уларда вазиятни солиқ ҳисоботи даврида тўлиқ ва ҳаққоний акс эттириш учун оддий ва мақбул воситалар бўлиши лозим. Мақбул ечим салбий курс фарқига ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш имконияти ҳисобланади. Агар солиқ идорасида бу борада бошқа фикрлар мавжуд бўлса, батафсил расмий тушунтиришлар бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.