МҲХСга ўтган корхоналар 2021 йил учун ҳисоботни қачон топширишлари керак

preview

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетида МҲХСга ўтган юридик шахслар учун солиқ ҳисоботи шаклларида Ҳисоб-китобни топширишнинг сўнгги куни белгиланган - 15.06.2022 йил.

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан молиявий маслаҳатчи Анвар РЎЗМАМАТОВ (ACCA DipIFR, CAP) шарҳлаб берди:

 

– Ушбу корхоналарнинг бухгалтерлари ва маслаҳатчиларида ҳозир савол  туғилмоқда: бу сана қаердан келди ва шу муносабат билан нима қилиш керак?

Молия вазирлигининг 15.02.2022 йилдаги 06/17-01-37/363-сон ахборот хатида МҲХСга ўтган ташкилотлар 2021 йил якунлари бўйича ҳисоботни “15 майдан олдинроқ бўлмаган” муддатда топширишлари кераклиги айтилган. Мазкур жумла ҳеч бўлмаганда солиқ ҳисоботи ва молиявий ҳисобот топширишнинг аниқ муддатлари ҳақида камида расмий хабар бўлиши кераклигини назарда тутади. Аслида эса, Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган қарор бўлиши керак албатта. Лекин ҳануз расмий хабар ҳам, қарор ҳам йўқ.

Бинобарин, солиқ тўловчиларда МҲХС бўйича солиқ ҳисоботини айнан 15.06.2022 йилга қадар топшириш бўйича ҳеч қандай мажбурият йўқ. Бунда ҳисоботни топшириш ёки топширмаслик тўғрисидаги қарорни ҳар ким ўзи учун қабул қилиши керак.

Солиқчилар 2021 йил учун МҲХС бўйича солиқ ҳисоботини топширишнинг сўнгги кунини 15.06.2022 йил қилиб белгилашда, эҳтимол, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонундан келиб чиқишгандир, унга асосан солиқ тўловчилар 15 июнга қадар аудиторлик хулосасини тақдим этишлари керак .

Бироқ, ҳатто бугун МҲХСга ўтганларнинг барчаси МҲХС бўйича солиқ ҳисоботини топширган тақдирда ҳам, бу вазиятни жиддий тарзда ўзгартирмайди. Аудиторлик хулосаси учун асос молиявий ҳисоботни текшириш ҳисобланади. МҲХС бўйича солиқ ҳисоботидан фарқли ўлароқ, Молиявий ҳисоботни топшириш имконияти йўқ, чунки ҳозирча тасдиқланган шаклларининг ўзи йўқ.

Юзага келган вазиятда бизнес учун  Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг ушбу масалалар бўйича шунчаки расмий тушунтиришлари эмас, балки ҳисоботнинг тасдиқланган шакллари ва аудиторлик хулосасини тақдим этиш муддатлари зарур.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади