2022 йил 1 июлдан нималар ўзгаради

preview

2022 йил 1 июлда Ўзбекистонда қонунчиликдаги ўзгартиришларнинг катта тўплами кучга киради. Янгиликлар бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, солиқ маъмуриятчилиги ва субсидия ажратиш, пенсияни расмийлаштириш, суғурта полисларини олиш ва бошқа масалаларга татбиқ этилади.

 

Бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва лицензиялаш

  • 1 июлдан бошлаб комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаларини рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилади. Ариза берувчи давлат хизмати учун йиғим тўлаши, электрон сўровномани тўлдириши, унга шартнома ва лицензиар томонидан тақдим этилган давлат реестридан кўчирмани (агар у - чет эл юридик шахси бўлса) илова қилиши етарли. Батафсил >>
  • Саноат зоналари иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилади:

– саноат зоналари ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича қарор 10 иш кунида қабул қилинади;

– МИЗ ҳудудида аукционга чиқарилган ер майдонларини ижарага бериш бўйича аукционда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам савдолар ўтказилган ҳисобланади;

– МИЗ ҳудудидаги ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқи кредитлар олишда гаровга қўйилиши мумкин.

– "Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)"га эга маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган дори воситаларини,

– "ISO:13485" сертификатига эга ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган тиббий буюм ва тиббий техникани.

  • Лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларга айрим талаблар бекор қилинади. Тиббий ва фармацевтика фаолияти учун лицензия олиш, архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, фискал хотирали НКМ карточкасини олиш, заргарлик буюмларини ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларни сотиш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабардор қилиш осонлашади.
  • Норезидент хорижда туриб Ўзбекистон компаниясида масофавий шаклда фаолият кўрсатаётган бўлса, Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиши энди шарт бўлмайди. Батафсил >>

 

Солиқ маъмуриятчилиги 

  • 1 июлдан бошлаб мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкалари бекор қилинади ва бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, тугалланмаган қурилиш объектларига (фойдаланилмаётган объектлар) ҳамда ушбу объектлар билан банд бўлган ер участкаларига нисбатан солиқ имтиёзлари ва преференциялар қайта тикланади.
  • Мажбурий тартибда ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этиладиган тадбиркорларга ҚҚС гувоҳномаси солиқ хавфи даражасига аниқлик киритилмасдан туриб автоматик равишда берилади.
  • 2023 йил 1 мартга қадар “Е-актив” тизимида маълумотларни акс эттириш ихтиёрий ҳисобланади.

Батафсил >>

 

Солиқ имтиёзлари ва преференциялари

  • "Туризм маҳалласи", "Туризм қишлоғи" ва "Туризм овули" мақоми берилган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида меҳмон уйлари, овқатланиш, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар 2025 йил 1 январга қадар:

– ижтимоий солиқни 1%;

– айланмадан олинадиган солиқ ставкасини  1%;

– ушбу ҳудудлардаги объектлар ва улар эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи миқдорларини - мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1%и миқдорида тўлаш ҳуқуқига эга бўлишди.

– ЖШДСни ҳисоблаб чиқаришда жами даромад 50%га, бироқ ҳар ой учун кўпи билан 1 млн сўмгача камайтирган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади;

– касаначилар учун ижтимоий солиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар учун сингари белгиланади.

 

Фонд биржасидаги ўзгартиришлар

– қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар тузилганда сотувчи (эмитент бундан мустасно) томонидан фойда солиғи ва ЖШДС ўрнига битим суммасининг 0,3%и миқдорида йиғим тўланади;

– акциядорлар умумий йиғилиши томонидан жамият акцияларини фонд биржасининг биржа котировка варағидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинганда, ушбу жамият овоз берувчи акцияларининг эгалари бўлган акциядорлар ўзларига тегишли акцияларнинг жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

 

Субсидиялар:

  • "Паррандасаноат" уюшмаси аъзолари 2024 йил 1 январга қадар ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 12 минг сўм миқдорида субсидия олишлари мумкин.
  • 2025 йил 1 январга қадар олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлар ҳар бир касаначининг дастлабки 3 ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия оладилар.
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи ННТлар БҲМнинг 200 баравари миқдорида кўмак олишлари мумкин. Батафсил >>

 

Пенсия, суғурта ва бошқа соҳалар

  • Пенсия олишга ариза бериш учун фақат паспорт ёки ID-карта етарли. Энди фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар талаб қилинмайди. Меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотлар Ягона меҳнат миллий тизими маълумотлар базасида автоматик тарзда ҳисобга олинади. Агар унда тўлиқ бўлмаган маълумотлар мавжуд бўлса, фуқаролар бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали меҳнат дафтарчаларидаги ёзувлар асосида уларни тўлдиришлари мумкин.
  • Суғурта полисининг барча турларини ва классларини онлайн расмийлаштириш мумкин. Бунда барча суғурта полислари Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатга олинади.
  • Автомобиль эгалари учун:

– енгил автомобилларнинг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинади;

– олд ён ойналари тусини ўзгартиришга рухсатнома берганлик учун тўлов миқдори БҲМнинг 8 бараварини ташкил этади (жисмоний ва юридик шахслар учун)

  • Коммунал хизматларни етказиб берувчилар истеъмолчилардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаларини, кадастр ҳужжатларини, иш жойидан ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни талаб қилишмайди.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади