Молиявий маслаҳатчилар ҲСИнинг топширилмаган аудиторлик хулосаси бўйича хатига қандай жавоб беришади

preview

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро инспекция МҲХСга ўтган корхоналарга 2021 йил учун топширилмаган аудиторлик хулосаси бўйича “суҳбатга таклифнома” йўллади. Мазкур вазиятда солиқ тўловчилар қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан молиявий маслаҳатчи Анвар РЎЗМАМАТОВ (ACCA DipIFR, CAP) сўзлаб берди:

 

–  Мен маслаҳат берадиган иккита корхона ҳам шундай таклифнома олди. Хатда солиқчилар бизда МЖТКнинг 1791-моддасида назарда тутилган белгилар мавжудлигини кўрсатишмоқда, яъни бизга жарима солиниши мумкин. Бу бизни фақат ажаблантирди. Ахир аудиторлик текширувининг предмети молиявий ҳисобот ҳисобланади. МҲХСга ўтган корхоналар эса ҳануз уни 2021 йил учун топшира олишмаяпти, сабаби:

    1) МҲХС бўйича молиявий ҳисоботнинг расмий тасдиқланган ва my.soliq.uz да жойлаштирилган шакллари мавжуд эмас;

    2) бундай молиявий ҳисоботни топшириш муддатлари МВ ва ДСҚ томонидан биргаликда белгиланмаган.

Экспертлар бу муаммо ҳақида камида 3-4 ойдан буён гапириб келишмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги ва ДСҚ жуда яхши билади. Сабаби айнан ушбу иккита идора мазкур муддатларни ўзаро келишиши, тасдиқлаши ва эълон қилиши керак эди.

Мен телефон орқали ижрочи – мазкур хатни тайёрлаш ва йўллаш учун масъул бўлган Ҳудудлараро инспекция ходими билан тафсилотларни аниқлаштириш учун боғландим. Менинг саволларимга у МҲХСга ўтган кўп йирик солиқ тўловчилар аудиторлик хулосасини топшириб бўлишган, деб жавоб берди. Аниқ мисол келтиришини сўраганимда, рад жавобини берди. Мен ҳамкасбларим билан боғланиб, қандай қилиб буни уддалаганликларини сўрамоқчи эдим ... Агар ҳақиқатда МҲХСга ўтган ва аудиторлик хулосаларини топширган корхоналар бўлса, бу фақат “хўжакўрсинга” қилинган. Эҳтимол, улар бундай хулосани олиш учун аудиторлардан уларни мавжуд шакллар, яъни БҲМС бўйича тайёрланган молиявий ҳисобот асосида текширишни сўрашгандир. Бироқ бу нотўғри! Улар МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисобини юритишдими, аудиторлик текширувидан ҳам АХС бўйича ўтишлари керак.

Биз мижозлар билан ҲСИнинг таклифномасига ёзма жавоб беришга қарор қилдик ва қуйидаги мазмундаги хатни йўлладик:

Сизнинг 2022 йил 13 июлдаги __________ -сон чақирув хатингизга жавоб тариқасида шуни маълум қиламизки, ҳақиқатан “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга асосан ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган корхоналар уни 15 июнгача бўлган муддатда ўтказишлари ва  солиқ органларига аудиторлик хулосасини тақдим этишлари шарт. Аудиторлик текширувидан ўтиш учун дастлаб молиявий ҳисоботни топшириш зарур, чунки молиявий ҳисоботлар аудиторлик текшируви объекти ҳисобланади. Айни пайтда бизнинг компаниямиз ҳали молиявий ҳисоботларни топширмаган, чунки ҳануз ҳисобот шакли тасдиқланмаган ва уни топшириш муддатлари белгиланмаган. 

Президентнинг ПҚ-4611-сон қарорига мувофиқ йирик корхоналар МҲХСга ўтди, шу жумладан бизнинг компания ҳам йирик солиқ тўловчи сифатида ўтди. Мазкур қарорнинг 1-бандига асосан 2021 йил якунларидан бошлаб биз молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлашимиз керак. Лекин 2021 йил якунлари бўйича МҲХС бўйича йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатлари номуайян муддатга кўчирилди. Аниқроғи – 15.02.2022 йилдаги 06/17-01-37/363-сон ахборот хабарида МҲХСга ўтган ташкилотлар 2021 йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботни “15 майдан олдинроқ бўлмаган” муддатда топширишлари кераклиги айтилган. Бунда ҳисоботни топширишнинг сўнгги муддати белгиланмаган. Лекин ҳозир июлнинг ўртаси, МҲХС бўйича молиявий ҳисобот шакллари ва тақдим этиш муддатлари эса ҳали ҳам эълон қилинмаган. 

Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, биз аудиторлик текширувини ўтказа олмадик, сабаби ҳали молиявий ҳисоботлар топширилмаган. Сиз:“бу бизнинг масаламиз эмас, молиявий ҳисоботнинг шакллари ва муддатлари бўйича Молия вазирлигига мурожаат қилинг, бироқ қонун бўйича аудиторлик хулосасини тақдим этинг” дейишингиз мумкин. Агар бизнинг бир нечта мурожаатимиздан кейин (21.04.2022 йилдаги ___________-сон ва 09.06.2022 йилдаги ___________-сон) ДСҚ мазкур  масалани ҳал қилолмаган бўлса, солиқ тўловчи уни қандай ҳал қилсин? Қонуннинг талаби бажарилиши учун дастлаб уни бажариш учун шарт-шароитлар яратилиши лозим.

Ўйлаймизки, бизнинг жавобимиз – тугал ва ҲСИга қабулга боришнинг хожати йўқ, сабаби:

  • мазкур жавобда вазиятни максимал тушунтиришга ҳаракат қилдик;
  • йирик чет эл ишлаб чиқариш корхонасининг раҳбари ва бош бухгалтерининг бутун иш кунини сарфлаш жоиз эмас (биз ҲСИдан олисда – вилоятда жойлашганмиз”.

ҲСИнинг вазиятга тўғри муносабат билдиришига, шунингдек МҲХС бўйича ҳисобот учун шакллар ниҳоят эълон қилинишига умид қиламиз. Ва биз ҳамда юзлаб бошқа солиқ тўловчилар молиявий ҳисобот топшириш ва мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиш бўйича мажбуриятни бажара оламиз.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади