Полезное для бухгалтера в ноябре:
Чет эл ташкилотининг маржаси суммаси норезидентнинг даромади ҳисобланадими?
“Чет эл ташкилоти томонидан етказиб бериш шартномаси бўйича CIP асосида хом ашё етказиб берилди. Шартномада, хом ашё қийматидан ташқари, норезидент хом ашёнинг ҳар бир тоннаси учун ўзининг маржасини кўрсатган. Инвойс умумий қийматга тақдим этилган – хом ашё қиймати + маржа. БЮД инвойс қийматига расмийлаштирилган. ДСИ маржа суммасини норезидентнинг даромади сифатида ҳисобламоқда, норезидентнинг даромадига 20% миқдорида солиқ солмоқда, резидентлик сертификати мавжуд бўлишини талаб қилмоқда.
Чет эл ташкилотининг маржаси суммаси норезидентнинг даромади ҳисобланадими? Мазкур шартнома иккиёқлама солиқ солишни олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома билан тартибга солинадими, мазкур ҳолда ижрочи томонидан резидентлик сертификатининг тақдим этилиши талаб қилинадими?”.
Саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:
– Қуйидагилар норезидентларнинг Ўзбекистондаги манбаларидан олинган даромадлари жумласига кирмайди :
– фақат ташқи савдо операцияларини амалга оширувчи шахс номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилган ҳамда фақат Ўзбекистонда товар сотиб олиш ёки унинг ҳудудига товар олиб кириш билан боғлиқ ташқи савдо операцияларидан олинган даромадлар.
Бунда товар олиб кириш билан боғлиқ операцияларга нисбатан ушбу қоида қуйидаги ҳолларда қўлланилади:
– товарлар импорт божхона тартиб-таомилига (ИМ-40), яъни эркин муомалага чиқариш режимига жойлаштирилганда;
– бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этилганда:
а) етказиб бериш ушбу шахс томонидан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган сақлаш жойларидан (шу жумладан божхона омборларидан) амалга оширилмаса;
б) товар чет эл юридик шахсининг Ўзбекистондаги доимий муассасаси орқали сотилмаса.
Агар шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилмаган бўлса, ушбу шахснинг Ўзбекистондаги фаолиятига тааллуқли даромадларининг бир қисми товарни реализация қилиш чоғида Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромад деб эътироф этилади.
Шу тариқа, агар товар олиб кирилса, ИМ-40 режимига жойлаштирилса, етказиб берувчи Ўзбекистон ҳудудидан етказиб беришни амалга оширмаса ва товарни реализация қилиш ДМ орқали амалга оширилмаса, бундай операциялардан тўловлар норезидентнинг Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадлари ҳисобланмайди.
Бунда етказиб берилган товар қиймати Ижрочининг маржаси ҳисобга олинган ҳолда инвойс ва БЮДда акс эттирилган ёки акс эттирилмаганлигининг аҳамияти йўқ.
Бунда СК томонидан белгиланишича, товарларни олиб кириш билан боғлиқ даромадлар, яъни шу жумладан чет эл компаниясининг бонуслари ва норезидент бундай операциядан оладиган бошқа даромадлар ҳисобга олинмайди.
Мазкур қоидалар СК билан тартибга солинишини ҳисобга олган ҳолда, резидентлик сертификатини тақдим этиш талаб қилинмайди.
Солиқ кодекси билан Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатлари татбиқ этиладиган юрисдикция чегараси белгиланади.
Бизнинг корхонамиз экспортга сотадиган товарлар билан қиёслаш мумкин. Экспорт операцияларидан, шу жумладан устама, маржа, бонус ва ҳоказодан олинадиган барча даромадлар бўйича Ўзбекистон корхонаси республика бюджетига солиқлар тўлайди ва Ўзбекистон юрисдикцияси татбиқ этиладиган ушбу даромадларга ҳеч қандай давлат талабгор бўлмайди.
Агарда норезидент Ўзбекистоннинг чегарасидан ўтса ва унинг ҳудудида фаолиятни амалга оширса, у ҳолда олинадиган ҳақ норезидентнинг даромади сифатида ҳисобга олинади ва ушбу даромадга СКнинг бошқа моддалари доирасида иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартнома қоидаларини ҳисобга олган ҳолда солиқ солиниши лозим.