Кўчма савдога қўйиладиган қандай талаблар ўзгарди

preview

13.10.2022 йилдаги 591-сон ВМҚга мувофиқ, кўчма савдога қўйиладиган талаблар соддалаштирилдиЎзгаришлар ҳақида батафсил norma.uz порталида танишинг:

 

Эътибор беринг

Кўчма савдо объектларига эга бўлсангиз, ДСҚнинг Солиқ назорати департаменти бошқармаси инспектори Неъматжон РАҲМОНОВнинг тавсияси билан танишинг:

Вақтинча фойдаланилмаётган ва туман (шаҳар) захирасидаги ер участкаларини «K-SAVDO» тизими орқали ижарага олиш мумкин. Онлайн-аукционлар «E-auksion» платформасида ўтказилади. Ижарага олинган участкаларда кўчма савдо объектларини (3 йилгача муддатга), қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун кўчма музлатгичларни (10 йилгача муддатга) жойлаштириш ёки мавсумий кафеларни ўрнатиш мумкин.

Кўчма савдо объектларига 100 кв. м майдондан кўп бўлмаган лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, пештахталар, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари, мобил контейнерлар, енгил конструкциялар, шу каби ва шунга ўхшаш бошқа кўчма савдо объектлари киритилган.

Илгари кўчма савдо объектларида фақат олиб чиқиладиган (ўтириш жойларисиз) таомларни сотиш мумкин бўлган бўлса, энди таом ейиш учун жойларга эга кичик ошхоналарни ташкил этишга рухсат берилган. 

Шунингдек қуйидаги фаолият турларини амалга оширишга рухсат берилган:

  • етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини енгил конструкцияли кўчма музлатгичларда сақлаш ва сотиш;
  • енгил турдаги транспорт воситаларини (енгил автомобиль, велосипед, самокат, скутер ва б.) ижарага бериш ва таъмирлаш хизматлари;
  • электромобилларни зарядлаш;
  • сартарошлик хизматлари;
  • косметолог хизматлари;
  • пойабзал таъмирлаш хизмати;
  • маиший техника воситаларини таъмирлаш хизмати;
  • калит ясаш хизмати.

Қуйидаги жойларда кўчма савдо объектларини жойлаштиришга қўйилган тақиқ бекор қилинади:

  • маъмурий биноларда;
  • жамоатчилик транспорти бекатларида;
  • пиёдалар ўтиш жойлари олдида 15 метрдан кам масофада.

Шунингдек кўчма савдо объектини бошқа шахсларга фойдаланишга ёки ижарага беришга қўйилган тақиқ бекор қилинади. Асосийси, унинг берилиши ДСҚ ахборот тизимида расмийлаштирилиши, ижарага олувчи эса юридик шахс ёки ЯТТ бўлиши шарт.

Умумий овқатланиш ташкилотига туташ ёки 5 метрдан ошмайдиган масофада жойлашган, бўш турган кўчма савдо объекти онлайн-аукцион ўтказмасдан умумий овқатланиш ташкилотининг ўзига умумий овқатланиш ёки савдо соҳасида қўшимча хизмат кўрсатиш учун ижарага берилиши мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 14.10.2022 йилдан кучга кирган.

Norma.uz материаллари асосида.