Сув ва салқин ичимликларни босқичма-босқич рақамли маркировкалаш жорий этилади

preview

Сув ва салқин ичимликларни босқичма-босқич мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этилади. Бу 01.11.2022 йилдаги 631-сон ВМҚда назарда тутилган.  

Ҳужжат тафсилотлари norma.uz порталида келтирилган:

 

Илгари 737-сон ВМҚ билан «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими жорий қилинган. Идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини 2023–2024 йиллар давомида босқичма-босқич жорий қилиш режалаштирилган.

Бунда мажбурий рақамли маркировкалашни бошлашнинг қуйидаги муддатлари белгиланди:

  • ачитилмаган ва таркибига спирт қўшилмаган, шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган мева шарбатлари (узум шираси мустасно) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек газланган ҳамда газланмаган сувлар ва ичимликлар – 2023 йил 1 июлдан бошлаб;
  • металл, шу жумладан, алюмин идишдаги сув ва салқин ичимликлар – 2024 йил 1 августдан бошлаб.

631-сон ВМҚ билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Мажбурий рақамли маркировкаланадиган сув ва салқин ичимликларнинг идентификация кодлари рўйхати;
  • сув ва салқин ичимликларни ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи ташкилотлар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиклари;
  • Сув ва салқин ичимликларни улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига босқичма-босқич ўтиш графиги;
  • Сув ва салқин ичимликларни идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш хусусиятлари тўғрисидаги низом.

Оператор маркировка кодларини мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга ва импорт қилувчиларга тегишли буюртма асосида тақдим этади.

ПЭТ қадоқларида 0,5 литр ва ундан ошмаган ҳолда ишлаб чиқарилган газланмаган сувларни мажбурий рақамли маркировкалашда рақамли маркировка кодлари оператор томонидан бепул тақдим этилади.

2023 йил 1 июлдан бошлаб сув ва салқин ичимликларни импорт қилувчилар зиммасига божхона юк декларациясида импорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича агрегацияланган импорт кодини акс эттириш мажбурияти юкланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.11.2022 йилдан кучга кирган.

  Norma.uz материаллари асосида.