Ижара бўйича олдиндан тўловни ЖШДС ҳисоб-китобида акс эттириш

preview

«Корхона жисмоний шахс билан ижара шартномасини тузди. Юридик шахснинг раҳбари бир неча ойлик ижара учун тўловни дарҳол ўтказмоқчи. Бу ҳолда қандай қилиб жисмоний шахснинг даромадидан солиқ ушлаб қолинади ва ЖШДС ҳисоб-китобида акс эттирилади?».

Амалиётда бундай вазият кўп учрайди. Юридик шахсга муайян вақт учун олдиндан ҳақ тўлаб, хотиржам ишлаш қулай. «Норма» эксперти Дилором САИДОВА бу ҳолда бухгалтер қандай тўғри йўл тутишини тушунтириб берди:

 

– Жисмоний шахс мол-мулкни ижарага бериб, 12% ставкада солиқ солинадиган мулкий даромад олади .

Жисмоний шахсга даромад тўлаб, юридик шахс солиқ агенти мажбуриятини зиммасига олади, – солиқларни ҳисоблаб чиқаради, ушлаб қолади ва бюджетга ўтказади  .

Кўчмас мулк ва автотранспортни ижарага беришдан олинган даромадлардан ЖШДС суммасини ҳисоблаш чоғида белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкаларини албатта ҳисобга олинг . Шартнома бўйича ижара тўлови суммаси энг кам ставкадан кам бўлиб чиқса, энг кам миқдордан ЖШДС ҳисобланг.

Солиқ агенти тўлов манбаида солиқни солиқ тўловчига даромадларни тўлаш билан бир вақтда, лекин солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай тўлайди .

Юридик шахс жисмоний шахсга бир йўла бир неча ой учун мулкий даромадни ўтказса, тўлов чоғида тўланган бутун суммадан тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини ушлаб қолиши шарт. ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида корхона жисмоний шахснинг мулкий даромадини ҳар ой акс эттиради.

Мулкий даромадни ҳисоблаш чоғида Ҳисоб-китобга 3-илова – «Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китоби»ни тўлдириш лозим. Ушбу маълумотномада ижаранинг энг кам миқдорини шартномада белгиланган ижара тўлови билан солиштиринг. Фақат 1 ой учун маълумотларни акс эттиринг.

Мисол
Корхона жисмоний шахсга 3 ой ижара учун олдиндан тўлов тўлади
Корхона 2022 йил 1 ноябрда жисмоний шахс билан нотурар жойнинг ижара шартномасини тузди. Нотурар жой Тошкент шаҳрида жойлашган, ижарага берилаётган майдон – 70 кв. м, ойлик ижара тўлови – 2 000 000 сўм. Корхона 3 ой учун олдиндан тўлов тўлайди.

2022 йилда Тошкент шаҳрида 1 кв. м нотурар жой ижара тўловининг энг кам ставкаси 32 000 сўмни ташкил этади.

Энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган ойлик ижара суммаси 2 240 000 сўмга (32 000 х 70) тенг. У шартномада белгиланган ижара тўловидан ошади, шу сабабли энг кам ставкалардан келиб чиқиб ЖШДС ҳисоблаймиз. Ойлик солиқ суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этади:

  • 2 240 000 х 12% = 268 800 сўм.

Даромадни тўлаш чоғида бухгалтер солиқни бутун суммадан ушлаб қолиб, у олдиндан тўлов ҳисобланиш-ҳисобланмаслигидан қатъи назар, уни бюджетга ўтказади.

3 ой учун солиқ суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этди:

  • 268 800 х 3 = 806 400 сўм.

Жисмоний шахсга солиқ чегирилган суммани ўтказадилар:

  • 2 000 000 х 3 – 806 400 = 5 193 600 сўм.

Бухгалтер 3 ой учун даромад тўлаб, солиқни ушлаб қолгани ва бюджетга ўтказганига қарамай, ЖШДС ҳисоб-китобида фақат бир ой учун даромадни кўрсатади. Мулкий даромадни тўлаш чоғида ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобига 3-иловани тўлдириш лозим. Ушбу маълумотнома-ҳисоб-китоб бир ой учун маълумотлар асосида тўлдирилади.

Ҳисоб-китобга 3-илова

Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китоби 

Кўрсаткичлар

нотурар жойлар
 (кв. метр)

 Тошкент ш.

1

7

Мол-мулкнинг ўлчов бирлиги

70,00

Бир ойдаги ижара тўловининг энг кам миқдори, сўмда*

32 000,00

Ҳисобот ойи учун ижара тўловининг энг кам миқдори

2 240 000,00

Ижара шартномасига кўра ойлик ижара тўлови **

2 000 000,00

Ҳисобот ойи учун қўшимча ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси ((030-сатр - 040-сатр) х 12%)

28 800,00