Қачон ҚҚС ставкасининг ўзгартирилиши қўшимча келишувни талаб қилмайди

preview

ҚҚС ставкасининг 12%гача пасайтирилиши муносабати билан илгари тузилган ва етказиб беришни, шу жумладан 2023 йилда, назарда тутадиган шартномаларга қўшимча келишувлар тузиш мажбурийми? Буни buxgalter.uz солиқ маслаҳатчиси  Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

 

– Шартноманинг мазмуни ва томонларнинг позициясига кўп нарса боғлиқ. 

ҚҚС ставкасига режалаштирилаётган ўзгартиришлар тўғрисида СКга тузатишлар қабул қилинишидан анча олдин маълум бўлган. 2022 йилда кўп шартномалар кутилаётган пасайтиришни ҳисобга олган ҳолда тузилган. Уларда ҚҚСнинг аниқ ставкаси ёзилмаган, балки: “қиймати шартнома мажбуриятларини бажариш (етказиб бериш) пайтида қонун ҳужжатларида белгиланган ҚҚС ставкасини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилган”, дейилган. Маълумки, қонун ҳужжатлари солиқ ставкаси ўзгарган тақдирда нархни ўзгартириш масалаларини тартибга солмайди.  Бундай вазиятда қандай йўл тутишни томонлар ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал қиладилар. 

Агар улар етказиб бериш қийматини 3%га камайтиришга келишиб олсалар, қўшимча келишув тузиш зарур. Агар томонлар етказиб бериш қийматини ўзгартиришмаса, қўшимча келишувлар талаб қилинмайди.

 

Қуйидаги шартномаларга ўзгартиришлар киритиш талаб қилинмайди:

  • уларда аввалбошда етказиб бериш қиймати ҚҚСни ҳисобга олмасдан кўрсатилади, солиқ етказиб бериш учун тўловни амалга ошириш пайтида амалда бўлган ставкалар бўйича ҳисоб-китоб қилишда ҳисобланади;
  • СКга мувофиқ ҚҚС солинмайдиган ёки 0% ставка бўйича солиқ солинадиган товарлар (хизматлар)ни етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар .

 

Қуйидаги шартномаларга қўшимча келишув талаб қилинади:

  • қиймати 15% ставка бўйича ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарилганлиги кўрсатилган шартномалар.

Ушбу ҳолларда томонлар ҚҚС ставкасининг ўзгаришини назарда тутувчи қўшимча келишувларни имзолашлари керак. Бунда етказиб беришнинг якуний қиймати томонлар ихтиёрига кўра аниқланади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади