Микробизнес учун энди бухгалтер керак эмас

preview

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу борада  2022 йилда тадбиркорлар билан ўтказилган «Очиқ мулоқот»да Давлат раҳбари томонидан белгиланган топшириқларга асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган суммада тўлаш тартиби жорий этилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти бош мутахассиси Ж.Аминбоев  buxgalter.uz учун тушунтириш берди.

 

Бунда солиқ тўловчиларга жами даромади 500 млн сўмдан ошмаганда йилига 20 млн сўмлик, жами даромад 500 млн сўмдан ошганда эса йилига 30 млн сўмлик қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур тартиб бўйича солиқ тўлаш ихтиёрий ҳисобланади. Ушбу тартибни танлаш тадбиркорлик субъектлари учун қуйидаги енгилликларни яратиб беради:

  • бухгалтер ёллаш шарт бўлмайди (бунда бухгалтерга тўланадиган иш ҳақи харажатлари қисқаради), шунингдек товарлар ҳисобини юритиш талаб этилмайди;
  • солиқ органларига молиявий ҳисоботлар ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти юзага келмайди;
  • банк ҳисобварағидан дивиденд тарзида ечиб олинадиган маблағлар солиққа тортилмайди.

 

Айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган суммада тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Жумладан, айланмадан олинадиган солиқ тўловчи календарь йилнинг исталган ойидан ушбу тартибга ўтишга ҳақли.

Бунда, айланмадан олинадиган солиқни умумий тартибда тўлашга навбатдаги солиқ давридан бошлаб қайтилади.

Мисол учун, жами даромади 500 млнсўмдан ошмаган солиқ тўловчи 2023 йил 1 апрелдан бошлаб йилига 20 млн сўм бўлган ставкада қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашни танлади. Мазкур холатда солиқ суммаси 12 га бўлиниб, бир ой учун тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси аниқланади. Бунда, солиқ суммаси 9 ой учун ҳисобланади ва шу йил учун солиқ суммаси 15 млнсўмни ташкил этади (20 млн сўм/12 ой х 9 ой).

Ушбу тартиб бўйича солиқ тўлашга ўтиш учун солиқ тўловчилар солиқ органига шахсий кабинети орқали кейинги ой бошланишидан
10 кун олдин хабарнома
юбориши етарли бўлади. Бунда солиқ тўловчилар 2023 йил январь ойидан ўтиш учун
хабарномани 2023 йил 25 январгача тақдим этишга ҳақли.

Мисол учун, 2022 йилда солиқ тўловчининг жами даромади 500 млн сўмдан ошмаган бўлса, 2023 йилдан илк марта қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашга ўтганда  йилига солиқнинг 20 млн сўмлик қатъий ставкасини танлаши мумкин.

Агар 2022 йилда солиқ тўловчининг жами даромади 500 млн сўмдан ошган бўлса, 2023 йилдан илк марта қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашга ўтганда  йилига солиқнинг 30 млн сўмлик ставкасини танлаши лозим бўлади.

Шунингдек, йилига солиқнинг  20 млн сўмлик қатъий ставкасини танлаган солиқ тўловчилар жами даромади 500 млн сўмдан ошган тақдирда, солиқни 30 млн сўмлик ставкада тўлашга ўтишлари лозим.

Мисол учун, йилига 20 млн сўмлик ставкани танлаган солиқ тўловчининг жами даромади 2023 йил 17 август куни 500 млн сўмдан ошган. Мазкур холатда, жами даромаднинг кўрсатилган миқдордан ошиши рўй берган ойдан бошлаб солиқ  30 млн сўмлик ставкадан келиб чиқиб ҳисобланади. Бунда:

  • январь – июль ойлари учун йилига 20 млн сўмлик ставкадан келиб чиқиб, (20 млн сўм/12 ой)*7 ой= 11,7 млн сўм;
  • август – декабрь ойлари (5 ой) учун эса 30 млн сўм – 11,7 млн сўм= 18,3 млн сўм солиқ тўланади.

 

                                                                                        

Айланмадан олинадиган солиқ Айланмадан олинадиган солиқ Айланмадан олинадиган солиқ /ru/publish/doc/text187069_mikrobiznes_uchun_endi_buhgalter_kerak_emas