Халқаро ташкилот офисига кўрсатилган хизматларга қандай ҚҚС солинади

preview

“Ташкилот 2022 йилда ЕТТБга Ўзбекистон ҳудудида бир нечта объектлар (ЎзР резидентлари) бўйича аудиторлик хизматларини кўрсатди.  Кўрсатилган хизматлар учун счёт бевосита ЕТТБга (штаб-квартираси Лондонда) тақдим этилди. Мутаносиб усулни қўллашда кирувчи солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқи билан ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаш мумкинми? ЭҲФ шакллантиришда қандай имтиёзни танлаш керак?”.

Саволларга “Норма” эксперти Дилором САИДОВА жавоб берди:

 

ҚҚС

– Хизматларни реализация қилиш бўйича айланмага ҚҚС солинади, агар Ўзбекистон уларни кўрсатиш жойи бўлса .

Умумий қоидага кўра, агар хизматларнинг харидори Ўзбекитон ҳудудида фаолиятни амалга оширса ёки турса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади .  Бироқ, агар кўрсатилаётган хизматлар СКнинг 241-моддаси 3-қисми 1-10-бандларида санаб ўтилган бўлса, уларни реализация қилиш жойи алоҳида қоидалар бўйича аниқланади.

Мазкур ҳолда хизматларнинг харидори – ЕТТБнинг штаб-квартираси – Лондонда жойлашган ва фаолиятни Ўзбекистонда амалга оширмайди.

Агар хизматларнинг харидори Ўзбекистон ҳудудида юридик шахсни (унинг филиалларини ёки ваколатхоналарини) давлат рўйхатидан ўтказиш асосида ҳақиқатда ҳозир бўлса, Ўзбекистон хизматлар харидорининг фаолиятни амалга ошириш жойи деб эътироф этилади. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган тақдирда, хизматлар харидорининг ҳақиқатда ҳозир бўлиши юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган жой ёки уни бошқариш жойи, унинг доимий муассасаси жойлашган ер (агар хизматлар ушбу доимий муассаса орқали олинган бўлса) асосида белгиланади .

Кўриб чиқилаётган мисолда контракт хорижда жойлашган ЕТТБнинг бош компанияси билан тузилган. Шу боис СКнинг 241-моддаси 1-қисмига мувофиқ Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи ҳисобланмайди.  Агар ЕТТБнинг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган ваколатхонаси харидор бўлганда, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилган бўларди.

Энди кўриб чиқилаётган фаолият тури СКнинг 241-моддаси 3-қисми 1-10-бандларида келтирилган ёки келтирилмаганлигини текширамиз. Аудиторлик хизматлари рўйхатда мавжуд эмас. Ва харидор Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширмаслиги ва турмаслиги боис, мазкур ҳолда хизматларга Ўзбекистонда ҚҚС солинмайди.

Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатган ҳолда, сиз ушбу айланмада фойдаланилган товарлар ва хизматлар бўйича “кирувчи” ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақлисиз. Ҳисобга олиш учун мазкур айланма солиқ солинадиган айланмага тенглаштирилади .

Мутаносиб усул бўйича ҳисобга олиш учун қабул қилинадиган солиқ суммаси солиқ солинадиган айланманинг товарларни (хизматларни) реализация қилиш (ҚҚСни ҳисобга олмасдан) бўйича айланманинг умумий суммасидаги жорий календарь йил ичида ўсиб борувчи якун билан аниқланадиган солиштирма миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади .

 

ЭҲФ

Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатган ҳолда, “Хизматлар экспорти (ЎзР ҳудудидан ташқарида)” туридаги бир томонлама ЭҲФ расмийлаштиринг. Ушбу ЭҲФнинг маълумотлари ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илова “Солиқ давридаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар”нинг 020-сатрида акс эттирилади.

 

Сиз қуйидаги тавсияларда янада кўпроқ йўл-йўриқларни топасиз: