Кўчмас мулк объекти чиқиб кетган бўлса, мол-мулк солиғи бўйича ҳисобот қандай топширилади

preview

2022 йилннинг ноябрь ойида корхона бинони сотди. Ушбу ҳолатни мол-мулк солиғи бўйича ҳисоботда қандай акс эттириш кераклигини “Норма” эксперти Олег ЦОЙ тушунтирди:

 

– Агар асосий воситалар объекти 2022 йилнинг ноябрь ойида чиқиб кетган бўлса, ушбу ойнинг охирида у корхона балансида бўлмайди. Бинобарин, мол-мулк солиғининг йиллик суммаси камаяди.

Йил мобайнида солиқ базаси ўзгарган тақдирда сиз аниқлаштирилган бўнак маълумотномасини тақдим этишга ҳақлисиз. Бунда йилнинг қолган қисми учун бўнак тўловларига тузатиш киритилади .

2022 йил учун юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқнинг йиллик ҳисоб-китобини сиз 2023 йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тақдим этишингиз керак .

Ҳисоб-китобга 3-илова “Солиқ солинадиган объектларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати ҳисоб-китоби”ни тўлдириш чоғида чиқиб кетган бино бўйича 14 (ноябрь) ва 15 (декабрь)-устунларда “0” қийматини кўрсатинг. Жами 16-устунда бинонинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати автоматик тарзда акс эттирилади, у бухгалтерия ҳисоби маълумотларига мувофиқ келиши керак.  

Агар сиз ушбу бино бўйича солиқни энг кам қиймат ёки мустақил баҳолаш натижалари бўйича қийматдан келиб чиққан ҳолда тўласангиз, солиқнинг йиллик суммаси ушбу объектнинг чиқиб кетишини ҳисобга олган ҳолда автоматик тарзда акс эттирилиши керак. Бунинг учун Ҳисоб-китобга 1-илова “Бино иншоотлар бўйича мол-мулк солиғи ҳисоб-китоби”да 3 (мулк ҳуқуқи пайдо бўлган сана) ва 4 (мулк ҳуқуқи бекор бўлган сана)-устунлар мавжуд.

Агар солиқ ҳисоботини тўлдириш билан боғлиқ техник муаммолар юзага келса, кадастр ёки солиқ органига мурожаат қилинг.