Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
Олдинги даврлар учун ҚҚСни ҳисобга олишга қандай тузатиш киритилади (таҳлил қилиш)
Февраль ойи учун ҚҚС бўйича ҳисоботни 10006_37 шакл бўйича топшириш керак эди. Бунда, барча янгиликлар олдинги даврлар учун ҳисобга олиш суммаларига тузатиш киритиш билан боғлиқ: илгари ушбу маълумотларни ҳисоботда қўлда киритиш мумкин эди, энди эса my3.soliq.uzдаги шахсий кабинетнинг “ҚҚС суммасига тузатиш киритиш” интерактив хизматидан фойдаланиш лозим.
Бунда солиқ тўловчиларда қандай мураккабликлар юзага келишини “Норма” ва buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:
– Илгари олдинги даврлар учун ҳисобга олиш суммаларига катта ёки кичик томонга киритиладиган ҳар қандай тузатишни солиқ тўловчи Ҳисоб-китобга илованинг тегишли сатрларига – бевосита солиқ ҳисоботи шаклида киритган. Энди бизга – “сиз ушбу маълумотларни my3.soliq.uzдаги шахсий кабинетнинг “ҚҚС суммасига тузатиш киритиш” интерактив хизмати ёрдамида киритишингиз мумкин”, дейишди. Бунда ушбу масала юзасидан ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган тушунтиришлар мавжуд эмас.
Ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган тушунтиришлар деганда, энг аввало, мен ДСҚнинг “Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига (АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.) ўзгартиришлар ва қўшимчаларни тушунаман. Ушбу ҳужжат солиқ ҳисоботи шаклларини тўлдиришни регламентлайди ва ҳамма унга амал қилиши шарт.
Солиқ тўловчиларда ушбу масала бўйича бугунги кунда фақат Солиқ қўмитасининг ТГ-каналларида мутахассисларнинг тушунтиришлари мавжуд. Аммо улар амалиётда юзага келадиган барча жиҳатларни комплекс қамраб олмайди, муаммони тўлиқ ҳал қилишга ёрдам бермайди. Баъзан уларни шунчаки қўллаб бўлмайди.
1- мисол: Солиқ тўловчи жавоб олди, лекин тузатиш киритишни амалга оширолмади ва таслим бўлди
Мижозларимдан бири “Тадбиркор ва солиқчи” ТГ-каналига қуйидаги савол билан мурожаат қилди:
- “Биз яроқсиз маҳсулотни (харидордан товарнинг қайтарилиши) СКнинг 269-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан ҳисобдан чиқарамиз. Товар акциз тўланадиган товар эмас, тегишинча, биз 489-сон ВМҚга 2-илованинг 59-1-банди асосида ҳисобварақ-фактура шакллантирмаймиз. Ҳисобга олинган солиқ суммаларига тузатиш киритиш 3-иловада амалга оширилди (1102-“товарлар бўйича улар бузилганда ёхуд қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли орган томонидан, улар йўқлигида эса –солиқ тўловчи томонидан белгиланган табиий камайиш нормаларидан ортиқча йўқотилганда). Ушбу сумма ўсиб борувчи якун билан акс эттирилади. Январь ойида биз бир томонлама ЭҲФ тақдим этмасдан тузатиш киритган ҳолда, ҳисобот топширдик. Янги релизда мазкур функциядан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас. СКнинг 269-моддаси асосида ҚҚС суммаларига тузатиш киритишнинг янгиланган шакли бўйича (коди 10006_37) ҚҚС ҳисоб-китобини қандай тўлдиришни тушунтиришингизни илтимос қиламиз – 5-иловадами ёки 3-иловада? My3.soliq.uzда СКнинг 269-моддасини танлаш имконияти мавжуд эмас, функционал, афтидан, қайта ишланмаган. Биз илгари январь ойи учун топширган ҳисобот билан қандай йўл тутишимиз лозим? ДСҚ мутахассисларига қўнғироқ қилдик, лекин жавоб ололмадик”.
Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаментининг имзоси билан хат келди:
- “ҚҚС ҳисоб-китобига 5-илованинг 2-жадвали “Илгари ҳисобга олинган ҚҚС суммаларига СКнинг 266, 267, 269, 271-моддаларига асосан тузатиш киритиш реестри” ва 3-илова, 1102-сатр my3.soliq.uz сайти орқали фақат ЭҲФ ёки БЮД ёрдамида кирим мавжуд бўлганда тўлдирилади. ЭҲФ ёки БЮД ёрдамида кирим қилинмаган товарлар бўйича эса, ҚҚС суммаларига тузатиш киритиш Ҳисоб-китобга 4-илованинг 1-жадвали ёрдамида амалга оширилади”.
Солиқ тўловчи тегишли ахборотни my.3.soliq.uzдаги “ҚҚС суммасига тузатиш киритиш” интерактив хизмати орқали жўнатишга бир неча маротаба уриниб кўрди, бироқ уддалай олмади. Натижада, жуда чарчаган бухгалтер шунчаки тузатиш киритишнинг бутун суммасини Ҳисоб-китобга 4-иловада кўрсатди. Умуман, бу нотўғри ёндашув. Солиқ тўловчи буни тушунади ва бу бюджетга боқимонда ҳосил бўлганидан кўра яхшироқ, деб ўзига тасалли берди.
2-мисол: my.soliq.uzда Ҳисоб-китобни тўлдиришда тафовут ҳосил бўлади, уни my3.soliq.uz орқали бартараф этиш лозим
5-иловада февраль ойи учун барча зарур маълумотлар киритилганидан ва бутун Ҳисоб-китоб тўлдирилганидан кейин бухгалтер сайтда Ҳисоб-китобда ҚҚС бўйича сальдо ҳисоб маълумотларига мувофиқ келмаётганлигини аниқлади. Муддатларни бузмаслик учун февраль ойи учун Ҳисоб-китобни у ўз вақтида топширди, лекин – ҚҚС бўйича нотўғри сальдо билан. Бугун у 71 244-98-09 (01234) телефон рақами орқали ДСБ ходимлари билан боғланди ва қуйидаги жавобни олди:
- 2023 йил январь ойи учун ҚҚС ҳисоб-китобини 2023 йил февраль ойи учун худди шундай шакл бўйича қайта топшириш лозим, яъни – my.3.soliq.uzдаги “ҚҚС суммасига тузатиш киритиш” интерактив хизмати орқали 5-иловани тўлдириш лозим. Шундан сўнг барча кўрсаткичлар тўғри акс этиши керак.
Бунда СҚнинг расмий ресурсларидаги хабарларда олдинги давр учун ҳисоботни қайта топшириш керак эмас, дейилган. Нима учун амалиётда бутунлай бунинг акси бўлмоқда?
Ушбу воқеада солиқ тўловчининг фаолияти қуйидагилар туфайли юзага келган айланма маблағларнинг етишмаслиги сабабли секинлашади:
1) январь-февраль ойлари учун ҳисоботларни қайта топшириш солиқ тўловчининг хавф даражасига салбий таъсир кўрсатишига олиб келади;
2) ҚҚСни қоплаш учун аризани дарҳол беришнинг имкони йўқ, сабаби қайта топширилган ҳисоботлар дарҳол қабул қилинмайди.
Хулоса қиламиз
2023 йилнинг февраль ойи учун ҳисоботни топшириш натижалари бўйича шунга ўхшаш воқеалар анча йиғилиб қолади, деб ўйлайман. Бу ҳисобот шаклига ўзгартиришлар улар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ёзилишидан олдин ҳаётга жорий қилинаётган илк ҳолат эмас.
Назаримда, ушбу амалиётдан воз кечиш лозим. Дастлаб ўзгартириш ва қўшимчалар солиқ тўловчининг ҳаракатларини регламентловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатга киритилган бўлиши керак ва шундан кейингина ҳар қандай янгиликни жорий этишга киришиш мумкин. Бу Солиқ қўмитаси томонидан жорий этилаётган инновацион ечимларнинг сифатини анча ошириш имконини беради. Бундай ёндашувда улар анча ўйланган ва маромига етказиб пухта ишланган бўлади. Боз устига, жорий этилгунгунига қадар улар бошқа мутахассислар, шу жумладан – Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан ўз баҳосини олади, бу ҳам жорий этилгунига қадар камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш имконини беради.
Ҳа, бундай ёндашув учун регуляторга бироз кўпроқ вақт талаб қилинади. Аммо бундан солиқчилар ҳамда солиқ тўловчилар ютади.
Дастурий таъминотга келсак – уни ҳам жорий этилгунига қадар пухта ишлаб чиқиш керак. Акс ҳолда, нима учун мутахассисларнинг тушунтиришларини амалиётга қўллаб бўлмаслиги ва ушбу вазиятда қандай йўл тутиш лозимлиги тушунарсиз бўлади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади